САЛОМЛАШИШ ОДОБИ
09 октябр 2018 й.
1076 марта ўқилди.

 

САЛОМЛАШИШ ОДОБИ


Салом – Аллоҳнинг исми. Салом берган киши Аллоҳнинг исмини зикр қилгани учун савоб олади. Аммо кейинги вақтларда негадир орамизда салом унут бўлиб кетаётгандек туюлиб қолмоқда. Биров билан бевосита ёки билвосита мулоқот қилган пайтимизда саломдан аввал мавзуга киришиб кетишга чоғланамиз. Салом-алик нари борса ярим дақиқани олади холос. Бунинг асосий сабаби саломнинг фазилатини билмаслик, унга бериладиган савобнинг қадрига етмаслик саналади. 
Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи Зотдир» (Нисо сураси, 86-оят).
Бу оятдан шу нарса билинадики, салом бериш ва алик олиш инсоннинг ихтиёридаги нарса эмас. У инсонларнинг зиммасидаги вожиб амаллардан эканини ҳадиси шариф ҳам қўллаб-қувватлайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон зиммасига ўз биродари учун беш нарса вожиб бўлади: саломга алик олиш, акса урганга соғлиқ тилаш, даъватга ижобат қилиш, беморни кўриш ва жанозага эргашиш», дедилар» (Термизий ривояти). 
Мусулмон кишининг мусулмонларга салом бериши, салом берилганда алик олиши, акса урганда ҳамд айтиши, акса урган кишига барака тилаши, биров чақирганда унга жавоб бериши, беморлар ҳолидан хабар олиши, жаноза намозларида иштирок этиши, таъзия изҳор этиши каби бир қанча зимасидаги вожиб амаллар бор. Уларга бефарқ бўлиш мумкин эмас. Бу суннатга айтилган кўрсатмадир. 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлмайсиз. Сизни қачон (амал) қилсангиз ўзаро муҳаббат пайдо қиладиган амалга далолат қилайми? Орангизда саломни кенг тарқатинг», дедилар» (Абу Довуд, Термизий ва Муслим ривоят қилишган).
Аллоҳ таоло бекорга қасам ичмаган. Муҳим нарсалардагина қасам ичган. Пайғамбар алайҳис салом ҳам муҳим ва зарур нарсаларда қасам ичганлар. Бундан ҳам кўриниб турибдики, муҳаббат пайдо қилиш ва жаннатга кириш истагида бўлганлар саломга ниҳоятда эътибор берсинлар. Пайғамбар алайҳис саломга деярли ҳеч ким салом бера олмаган. У зотнинг ўзлари биринчи бўлиб салом беришга улгурганлар. Биз ҳам суннатга амал қилган ҳолда биринчи салом бериш пайида бўлишга интилайлик.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг Аллоҳга энг яқини уларга энг аввал салом берганидир», дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).
Кўрган ёки учратган кишиларга аввал салом беришга одатланмоқ лозим. Бу нарса пайғамбаримизнинг кўрсатмалари эканига янада диққат қаратайлик. Саломни тарқатайлик. Уни болаларимизга ўргатайлик. Жаннатга интилайлик. 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роҳманга ибодат қилинглар! Саломни тарқатинглар! Жаннатга салом ила кирурсизлар», дедилар» (Термизий ривоят қилган).
Бу каби ишларга одатланган кишилар ўзлари жаннатга киришлари учун лозим бўлган икки омилни касб қилган бўлар эканлар.
Нафақат кўча-куйда балки хонадонга кираётган пайтда ҳам салом бериб кирмоқ керак. Салом билан кирилган хонадонга хайр-барака ёғилиши ҳадиси шарифларда зикр қилинган. 
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй болам! Қачон аҳлинг олдига кирсанг салом бер. У сенга ҳам, аҳли байтингга ҳам барака бўладир», дедилар» (Термизий ривоят қилган).
Шу ўринда бир нарсага диққат-эътибор қаратиш лозим. Баъзан “Сомалайкум”, “Ассалом” каби саломларни ҳам эшитиб қоламиз. Бу нарса салом эмас. Бу ўликларнинг саломидир. Шундай экан, саломга эътибор берайлик. Унинг лафзларини тўғрилаб олайлик. Ҳар қандай вазиятда ҳам саломни ёддан чиқармайлик.


Ибрагимов Олим.
Ромитан туман “Эшони Пир” 
жомеъ масжиди имом хатиби.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:15
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram