НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА САЛАВОТ АЙТИШ
27 декабр 2017 й.
718 марта ўқилди.

НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА САЛАВОТ АЙТИШ
 
 
    Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо алайҳиссаломга салавот айтишга Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда амр этган.
    Аллоҳ таоло: "Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом айтинг, деган.
    Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши таъкидланмоқда.
    Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишининг маъноси, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.
    Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари, у зот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.
    Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.
    Демак, Аллоҳ таоло доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан.
    Фаришталар ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб, дуо қилиб туришар экан.
    Ояти каримада таъкидли хабардан кейин мўминларга:
"Эй, иймон келтирганлар! сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг", деб амр қилинмоқда.
    Бу амрга биноан ҳар бир мўмин учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз, умрда бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ҳар зикр қилинганида бир марта саловот айтиш керак, деганлар. Амалда эса, охиргиси, ҳар номлари зикр қилинганида саловот айтиш урф бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни амр қилган экан, бу саловот қандай қилиб айтилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Жумладан, худди шу савол ушбу оят нозил бўлганидан кейиноқ саҳобаи киромларда пайдо бўлган.
    Баъзи кишиларда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи саловот айтиб турса, Унинг фаришталари саловот айтиб турса, мўминларнинг саловотига нима ҳожат бор, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бу саволга жавоб шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминлар саловотига эҳтиёжлари йўқ. Балки мўминлар у зотга саловот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу саловотлари билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар.
    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида саловот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа оз айтсин, хоҳласа кўп", деганлар.
    Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амридир. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади.
    Имом Шофиъий: "Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди", деганлар.
    Саҳобалардан ривоят қилинган ҳадисда, бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз: "Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз", дедик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Чунки ҳузуримга фаришта келиб: "Эй Муҳаммад, албатта Роббингиз айтдики: "Ким сизга саловот айтса, албатта Мен унга ўн марта саловот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?, деди", деб хабар бердилар.
     Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Асрлар давомида мусулмонлар ушбу оятга ва ҳадисларга чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмоқдалар. У зотнинг номлари зикр этилиши билан саловот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор.
    Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинса-ю, у зотга саловот айтилмаса, мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда: "Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир", деганлар.
    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр этилганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмаслик шунчалик ёмон ишдир.
     Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қайси бир мусулмон кишининг берадиган садақаси бўлмаса, дуо қилаётган пайтда "Эй Аллоҳим, Ўзингнинг банданг ва Расулинг Муҳаммадга салавот юборгин, мўмин-мўминаларга, муслим-муслималарга ҳам салавот юборгин", десин. Бу унга закот ўрнига ўтади", дедилар.
    Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг мақоми ана шундай улуғ экан.
    Ҳамма садақа қилиб савоб олиш орзусида бўлади. Аммо бу нарса ҳаммага насиб бўлавермайди. Баъзи кишилар садақа қиладиган нарса топа олмайдилар. Улар садақа қила олмасликдан маъюс бўлишлари турган гап. Аммо уларнинг бу ҳолатларини яхшиликка буришнинг осон йўли бор экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтсалар, садақанинг ўрнига ўтар экан.
    Яна бу дунёда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб юрган одамларга у Зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳлик бериб, шафоат қилар эканлар, дўзахдан қутулиб, жаннатга киришига сабаб бўлар эканлар.
    Шунга ўхшаш саловот намозда ҳам айтилади. Кўпинча нима учун Иброҳим алайҳиссаломга ўхшаш саловот сўралади, деган савол хаёлдан ҳам ўтади. Бу маънода уламоларнинг мулоҳазалари бор.
    Аввало бу саловотдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Иброҳим алайҳиссалом ораларидаги ўхшашлик қадрда эмас, саловотнинг аслида экан. Шу билан бирга бу ердаги ўхшатиш сўровни таъкидлаш учундир.
    Бошқа пайғамбарларни айтмасдан айнан Иброҳим алайҳиссаломни айтишнинг 3 та сабаби бор.
1. У зот Меърож кечасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга "Умматингизга мендан салом етказинг", дея бизга салом юборганлари учун.
2. У зот бизни мусулмонлар деб атаганлар. Шунинг учун биз ҳам у кишини шу тарийқа улуғлашимиз яхшидир.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишимиздан мақсад Аллоҳ таоло У зотни "Халил" тутишидир. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг халилидирлар.
    Анас ва Молик ибн Авс ибн Ҳадасонларнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат ушатгани чиқдилар. Орқаларидан ҳеч ким эргашмади. Умар сопол парчасини ёки покловчи нарсани олиб эргашди. У зотни хурмо атрофига уни суғориш учун қилинган ҳовузчада сажда қилган ҳолда кўрди. У нарироқ бориб орт томонларига ўтирди. 
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини кўтариб туриб: "Эй Умар, саждада турганимни кўриб, нари кетиб яхши қилдинг. Жаброил келиб, менга: "Эй Муҳаммад, Сизга ким бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва унинг даражасини ўн марта кўтаради, деб айтди", дедилар.
    Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир мартагина салавот айтсак, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло бизга ўн марта салавот айтар экан, даражамизни ўн баравар кўтарар экан, иншааллоҳ.
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва ўнта хатосини ўчиради", дедилар.
    Аввалги ҳадисда салавот айтган кишининг даражаси ўн баравар кўтарилиши айтилган эди. Бу ҳадисда ўнта гуноҳи ҳам кечирилиши айтилмоқда.
    Буларнинг ҳаммаси Парвардигори оламнинг жуда катта марҳаматидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини эшитганимизда, ўзимиз зикр қилганимизда, китобларда ўқиганимизда, намозлардан фориғ бўлганимизда, дуоларимизнинг охирида доимий равишда салавот айтиб юришимиз керакдир.
 
 
Karimov Olimjon
Peshku tuman "Bobo-Arab" jome'
masjidi imom xatibi
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:28
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram