«Саловот»нинг дунё ва охиратимиздаги ўрни
29 ноябр 2017 й.
1265 марта ўқилди.

«Саловот»нинг дунё ва охиратимиздаги ўрни

Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Унга саловот айтинг ва салом йўлланг. (Аҳзоб сураси 56-оят).

Араб тилида «саловот» сўзи «салот» нинг жами, маъноси «дуо», «намоз»дир. Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини кўрсатмоқда. Аллоҳ таолонинг саловот айтишининг маъноси, раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида мақтовдир.

Фаришталарнинг саловот айтишлари у зот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида.

Биз умматнинг Пайғамбаримизга саловот айтишимиз эса улар томонидан бўлган дуо ва улуғлашдир. Биз бунга буюрилдик. Аслида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларнинг саловотига эҳтиёжлари йўқ. Балки биз мўминлар саловот айтишга мухтожмиз!

 Саловотларимиз билан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлашга, савоб олишга, дуоларимиз қабул бўлишига, ёқилғиси тош ва инсонлардан бўлган жаҳаннамдан сақланиш учун Расули Акрам алайҳи васаллам шафоъатларига мухтожмиз!

Баъзи уламоларимиз «Умрда бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари ҳар зикр қилинганида бир марта саловот айтиш керак», – деганлар.

Имом Бухорий ва имом Муслим Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики:

Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку, биламиз, аммо саловот айтиш қандай бўлади?» – деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳумма солли ъала Муҳаммад ва ъала али Муҳаммад. Кама соллайта ъала Иброҳийма ва ала али Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд. Аллоҳумма барик ъала Муҳаммад ва ъала али Муҳаммад. Кама барокта ъала Иброҳийм ва ъала али Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд», деб айт, дедилар.

Маъноси: «Аллоҳим, Муҳаммад алайҳиссаломга Ўзингнинг зиёда раҳматларингни нозил қилгин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оила аъзоларига ҳам. Худди Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳли байтларига ўз раҳматингни нозил қилганингдек. Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг аҳли байтларига ўз баракангни нозил қил. Худди Иброҳим ва Иброҳимнинг аҳли байтларига ўз баракангни нозил қилганингдек. Албатта, Сенинг Ўзинг мақталган, улуғланган Зотсан»

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида саловот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа, кўп», деганларини эшитдим».

Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловот айтади», – деганлар.

Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг амри сабаб намознинг ташаҳҳудида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади. Имом Шофеъий: «Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», – деганлар.

Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз:

– Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз?! – дедик. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Чунки ҳузуримга фаришта келиб, «Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтурки: «Ким сенга саловот айтса, албатта, Мен унга ўн марта саловот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» – деди», – деб хабар бердилар».

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп саловот айтганлардир», – деганлар.

Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир.

Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинганида, у зотга саловот айтилмаса, бу мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади.

Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда:

«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир», – деганлар. Бошқа бир ривоятда “Бурни ерга ишқалсин” дейилган.

Шу сабаб аҳли солиҳ кишиларнинг саловот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бўлган.

Келинг! биз ҳам намозларимизда, жума кунлари, дуоларимизда, ҳар бир кунимизда ўз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломлар айтайлик!

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 2-курс талабаси Сулаймонов Шамсиддинхўжа

 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:01
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram