Саъодат масканини сақлаб қолайлик!
26 феврал 2021 й.
88 марта ўқилди.

 
Саъодат масканини сақлаб қолайлик!
 
Аллоҳ таоло оила қуриб яшаш инсоний фитратга мувофиқ эканини эслатиб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
  وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً
яъни: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир”. (Рум сураси, 21-оят).
Никоҳ – Исломдаги энг муқаддас тушунчалардан биридир. Чунки айнан никоҳ битими туфайли бошқа-бошқа хонадонда, ўзга шароитларда вояга етган икки ёш бир оила бўлиб яшай бошлайдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларида никоҳланишга тарғиб қилиб шундай деганлар:
يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ مَنْ اسْتَطَاعَ منكُم الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّج، فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ، وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ،  »
  (رَوَاهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه) «  وَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ
яъни: “Эй, ёшлар жамоаси сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин, бу унинг учун (ҳаромдан) сақланишидир» (Имом Бухорий ривоятлари).  
Миллий қадриятларимизга кўра, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат тусига кирган. Бу ҳам аслида динимиздаги гўзал одатларидан ҳисобланади. 
Буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюришар эди”, – деганлар.
Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳадсиз шукрлар бўлсинким, бу масалада мусулмон оилаларининг мустаҳкамлиги бошқа халқларни ҳавасини келтирмоқда. Бунга биргина мисол келтирсак.
2009 – йили Россиядаги баъзи сиёсатчилар оила бўйича ўтказган илмий тадқиқотларининг натижаси эълон қилдилар.
Россияда оила бузилиши 54,3% ни ташкил этади.
Таймир автоном вилоятида – 94%.
Чукотка автоном вилоятида – 83%.
Коряк автоном вилоятида – 80%.
Тадқиқот муаллифлари таққослаб кўриш учун Россиянинг асосан мусулмонлари яшайдиган уч минтақасидаги оила бузилиши ҳақидаги ҳисоботни келтиради.
 Чеченистонда 4,3%.
 Ингушистонда 10%.
 Доғистонда 17%.
Шу билан бирга, мусулмонлар яшайдиган ушбу уч минтақа узоқ умр кўриш ва кўпболалик бўйича ҳам пешқадам ҳисобланадилар.
Бутун дунё оила муаммосини ҳал қилиш борасида улкан ташвиш қаршисида турибди. Бошқотириб, чора излаб, нима қилишлик кераклигига чора истамоқда. Исломдан бироз хабари борлар мусулмонлардан ўрнак олишга чақиришмоқда.
Аммо шу ўринда “Ҳамма мусулмонлар ҳам ушбу ҳолатдан хабардорми, оилалари ҳақида бошқалар ҳавас қилаётган ҳолатларининг бош сабаби динлари - Ислом эканини биладиларми?” деган ҳақли савол туғилади.
Кейинги даврларда халқимиз орасида оила масаласида муаммоларимиз ҳам кўпайиб бориятгани ҳеч кимга сир эмас. “Мусулмонман”деб, Исломнинг оила масаласидаги таклифини, зиммасидаги эр-хотинлик бурчи ва вазифаси нималардан иборат эканини билмаслиги, “талоқ” сўзини мазмун – моҳиятини англамаслиги, фаҳмламаслиги оқибатида ажрим оддий ҳолга айланиб борияпди.
Мингдан-минг таассуфки, халқимиз орасида уч талоқ масаласида аждодларимиз таълимотига хилоф фикрлар кун-сайин ортиб бормоқда. Аллоҳнинг ғазабини келтириб, Аршни ларзага солгудек сўзлар билан, қўрқмасдан аёлини “уч талоқ” қилиш ва қайта никоҳлатиб олиш ҳолатлари оддий-табиий ҳолга айланиб бормоқда.
Ўзбек халқи орасида никоҳ риштасининг уч талоқ билан бузилиши оила аъзолари учун уятли айб ва ор саналиши ҳеч кимга сир эмас. Халқимизнинг диний илмлардан хабари йўқ, фиқҳий тушунчалари мукаммал шаклланмаган қуйи қатлами орасида ҳам мабодо “фалончи аёлини уч талоқ қилибди”, деган гап бўлиб қолса, бу катта бир оилавий мусибат сифатида қабул қилиниб келган. Чунки, уч талоқ билан мусулмон оиласининг дарз кетиши турган гап, қайта тикланмас бўлиши турган гап. Магар, бошқа эрга тегиб чиқиш билангина ўз ҳолига қайтиши мумкин бўлган оғир ҳолатдир! Бу борада дин йўлида ғамхўр уламоларимиз тарафларидан такрор-такрор уқтириб келинган, қолаверса, бобо ва момоларимизнинг оилавий муносабатларга доир панд-насиҳатларида бу масаланинг ўрни катта бўлган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувда сўзга чиқар экан, ёш оилалар ўртасида ажримлар сони ортаётгани тинчлик бермаётганини таъкидлаб, бунга бепарволик қилаётган бир қатор ташкилотлар раҳбарларини танқид қилди. 
Давлат раҳбари ёш оилалар ўртасида ажримлар унга тинчлик бермаслигини таъкидлаб ўтди. 2019 йилнинг 11 ойи давомида мамлакатда 277 минг 420 та никоҳ қайд этилган. Бироқ 28 минг 755 та оила, асосан ёшлар ўртасида ажримлар юз берган. Президент бу ҳолатни «жуда ачинарли» деб атади. 
Ҳозирда ажримлар сони ортиб бориятгани ва камаймаётгани ёш оилалар муаммолар гирдобига қолиятгани юрт раҳбаридан тортиб ҳаммамизни ташвишимизга сабаб бўлияпди. Бу масалада аҳли илм устозлар, имом-хатиблар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жуда катта ишларни, маънавий ва моддий тадбирларни амалга ошираётганлари барчамизга маълум.
Ислом шариати талоқни буткул ҳаром қилиб қўймади ва ҳеч қандай сабабсиз оммавий тарзда рухсат ҳам бермади. Балки, талоқга ижозат бера туриб, шундай деб таъкидлаб қўйди:
عَنْ ابْنِ عُمَرَ أن النَّبِيِّ قَالَ : "أَبْغَضُ الْحَلالِ إلَى اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ الطَّلاقُ" . رَوَاهُ أَبُو دَاوُد والحاكمَ.
Ибн Умардан ривоят қилинади: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол талоқдир”. (Абу Довуд ва Ҳоким ривояти).
Ҳадисдан кўзланган мақсад ўйлаб, фикр қилиб энг охирги мажбурий ҳолатда талоқ қўйишга қадам қўйиш керак деганидир. Чунки, талоқ никоҳ востиасида юзага келадиган улуғ бир риштани тугатиш ҳисобланади.     
Шунинг боис никоҳ битмини тугатишни арзимаган гап деб, билмаслик даркор. Зеро, никоҳ бошқа муомала ва битмлар каби фақат муомала ё битмгина эмас. Балки, никоҳ бир шаръий ибодат ва Набийларнинг суннати даражасидадир.
Қисқача хулоса қиладиган бўлсак, никоҳ умр савдоси бўлиш билан бир қаторда Аллоҳ таолонинг ажиб мўъжизасики, икки ижоб ва қабул сўзларини айтиш билан эр-хотинлик ришталари боғланиб, ораларида меҳр-муҳаббат пайдо бўлиб, икки нотаниш хонадон бир-бири билан самимийликда ҳаёт кечирадиган сокинлик маскани. Уни сақлаб қолиш учун бир неча босқичга эга тавсиялар берилиб, охирги босқичда талоқга рухсат берилган. Қадимдан турли миллат ва динларда, давр ва замонларда талоқ тушунчасига турли қарашлар бўлган. Ҳеч бири ўзини оқлаб, муаммоларга барҳам бериб, оила саъодат масканига айлана олмади. Камчилик ва муаммоларга дуч келди. 
Ўзи яратган инсонларни ютуғи ва камчиликларини билган Аллоҳ таоло охирги шариат ва уни етказувчи пайғамбари Муҳаммад алайҳис салом орқали бу муаммони ҳам ҳал қилиб, бу масалада қандай йўлдан борса ўзлари учун яхши бўлишини ўргатди. Фақатгина амал қилсалар бўлди. Ҳам бу дунёда хотиржамликда яшаб, ҳам у дунёда яъни охиратда ҳам ўз жуфти билан жаннатда бирга бўлиш бахтига эришади.
Давоми бор ...

Ғиждувон туман « Соктари » жомеъ масжиди

имом - хатиби Жасурбек Латипов 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:25
Куёш: 06:12
Пешин: 13:10
Аср: 17:45
Шом: 19:25
Хуфтон: 21:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram