Савдода ёлғон гапирмаслик
09 июл 2019 й.
214 марта ўқилди.

 

Савдода ёлғон гапирмаслик

    Савдогар савдо молини мақташ учун ёлғон гапириш ҳаром эканини зинҳор унутмаслиги зарур.
    Шунингдек, ваъдага вафо қилмай, сўнг ёлғон гапириш, нарсаларнинг баҳосини баён қилишда ёлғон ишлатиш ҳам ҳаромдир.
    Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Шунда у зот савдо қилаётган одамларни кўриб: "Эй тожирлар жамоаси", дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан, у зотга қарадилар. Шунда у зот: "Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар ҳолида тирилтирилурлар. Фақат Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан мустасно", дедилар.
    Агар тижоратчи одам тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, тожирлик эгасига надомат, охират шармандалигини келтиради. Ҳар бир тожир ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган уч сифатни ўзида мужассам қилишга уринмоғи керак:
1. Аллоҳ таолога тақво қилиш;
2. Яхшилик қилиш;
3. Ростгўй бўлиш;
    Ушбу сифатлари бор одамгина тижоратда фожирлик, алдамчилик, ҳаромхўрлик қилмайди.
    Аслини олганда тожирлик ҳам шариат кўрсатган йўл билан амалга оширилса, ибодат бўлади. Чунки, тожирлар тижоратлари орқали ўзларига фойда топишдан ташқари, жамиятлари учун катта аҳамиятга эга бўлган ишни амалга оширадилар. Кўпчиликнинг оғирини енгил қиладилар.
    Аллоҳ таоло Қуръони Каримда тижоратни ҳалол қилганини эълон қилган. Ҳатто ҳаж ибодати вақтида ҳам тижоратга рухсат берган. Саҳобалардан баъзилари тижорат вақти келса, Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилишга тенг бўлишини айтганлар.
    Ушбу афзалликларнинг ҳаммаси тожирнинг тақводор, ростгўй ва омонатли бўлишига боғлиқдир. Ана ўшанда мўмин-мусулмон тожир қиёмат куни юксак мартабаларга эришади. Набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.
    Ушбу ҳадис олдимизга тожирларнинг икки хил ҳолатини кўндаланг қўймоқда:
    Алдамчи, ёлғончи ва ҳаромхўрлари қиёмат куни фожир бўлиб тирилтирилади;
    Тақводор, содиқ ва омонатлилари қиёмат куни набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлишади. Энди ихтиёр ҳамманинг ўзида. Ҳар ким ниятига ва амалига яраша мансаб топади.
    Бир куни бир киши бозорда туриб, бир молни савдога қўйди ва мусулмонлардан бир одамни қизиқтириш учун у молга ўзига берилаётгандан кўп берганини айтиб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичди. Шунда: "Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини озгина баҳога сотадиганлар..." ояти нозил бўлди.
    Оятнинг давомида: "…албатта, ана ўшаларга охиратда яхши насиба йўқдир, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бордир", дейилган (Оли Имрон сураси, 77-оят).
    Демак, одамларни қизиқтириб, молини ўтказиш учун "Ўзи бу мол менга бунчага тушган", деб ёки "Одамлар, бунча бераман", деган эди, "сотмадим", деб ёлғон айтиб, қасам ичиш охиратда ёмон оқибатларга олиб келар экан. Шунинг учун бу нарсадан ҳушёр бўлиш лозим.

Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку" 
жомеъ масжиди имом хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram