Шубҳали нарсалардан йироқда бўлишлик
25 июл 2019 й.
161 марта ўқилди.

 

Шубҳали нарсалардан йироқда бўлишлик

    Савдогар киши шубҳали нарсалардан йироқда бўлиши жуда ҳам зарур.
  Тижоратда кўп учраб турадиган шубҳали, ноаниқ, аслини билиб бўлмайдиган, шунинг билан бирга, шариатдаги ҳукми ноаниқ бўлган савдо молларидан узоқда бўлиш тожир учун ўта муҳимдир. Мусулмон тожир бундай нарсаларнинг ҳукмини биладиган олимлардан сўраб олиб, кейин сотса, ҳаромдан сақланган бўлади.
    Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У  шубҳали нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади", дедилар.
    Ушбу ҳадиси шариф энг улуғ ҳадислардан ҳисобланади. Уламоларимиз: "Бу ҳадис Исломга мадор бўлган учта ҳадиснинг биридир, шунинг учун уни Исломнинг учдан бири десак бўлади", дейишган.
    Бу ҳадиси шарифнинг улуғлиги шундаки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унда таом, ичимлик, кийим, никоҳ ва бошқа ҳамма соҳалардаги нарсаларнинг ҳалол бўлиши қоидасини баён қилиб берганлар.
    Шунингдек, у зот бу ҳадисда ҳаром нарсаларни ҳам баён қилиб, кишиларни ҳалолга уриниб, ҳаромдан ҳазар қилишга чақирадилар. Шу билан бирга, ҳалол билан ҳаромнинг ўртасида шубҳали нарсалар борлигини, дини ва обрўсини пок сақлашни истаган одам шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиши лозимлигини таъкидладилар. Шубҳали нарсаларга яқинлашиш худди подшоҳ ўзи учун хос қилган қўриқхона ёнида ҳайвон боқишдек хатарли эканини баён қиладилар.
    Сўнгида эса бу жабҳада энг муҳим масала қалб масаласи эканини, ҳалол-ҳаромда қалб солиҳ бўлиши лозимлигини тушунтирадилар.
    Имом Ибн Арабий: "Биргина ушбу ҳадиснинг ўзидан ҳамма аҳкомларни чиқариб олиш мумкин", деганлар.
    Имом Қуртубий эса: "Бу ҳадис ҳалол ва бошқа нарсаларни батафсил равишда ҳамда барча амаллар қалбга боғлиқ эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам барча аҳкомларни унга қайтариб, солиштириб кўриш мумкин", деганлар.

Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку"
жомеъ масжиди имом хатиби.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:27
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram