Дилимизда ва тилимизда шукр қилайлик!
12 май 2016 й.
1670 марта ўқилди.

 Дилимизда ва тилимизда шукр қилайлик!

        Аллоҳ таолога ҳисобсиз ҳамду санолар, Муҳаммад Пайғамбаримизга (саллоҳу алайхи ва саллам)  дуруду саловатлар бўлсин.
Аллоҳ таоло берган неъматларнинг шукрини тўлиқ адо этишга инсоннинг  тоқати етмайди. Лекин кўп шукур қилиш маҳбуб амал, бунинг учун улкан савоб берилади, неъматлар зиёда бўлади. Банданинг ҳурмат эътибори  ортади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:“Бас, мени ёд этинг ( мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукур қилинг, ношукурлик қилманг”  (Бақара, 152), “Шукур қилгувчиларни эса,  албатта мукофотлаймиз” (Оли имрон, 145), “Қасамки, агар  
(берган неъматларимга)  шукур қилсангиз албатта (уларни янада) зиёда қилурман.  Бордию ношкурлик қилсангиз албатта азобим (ҳам) жуда қаттиқдир. (Иброхим, 7 ) 
     Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси муборакларида: “Қай бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч тани соғ ва уйида кунлик егулиги бўлса билинг унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, дейилган.
    Аллоҳ таоло бизга шундай гўзал, жаннат макон юртни ватан қилиб берди, бунда тўрт фасл тугал мукаммал кечади. Инсонларни ер юзида ҳаёт кечиришлари экин текин қилишлари шаҳар-қишлоқлар  қуришлари бола чақа қилишлари,  ер неъматларидан фойдаланишлари Яратганнинг улуғ фазли буюк  ҳикмати билан амалга ошади.
     Атрофимиздаги наботот оламига бир ибрат назари билан қарайлик. Қандай ажиб ва бетакрор. Шайх Саъдий: “Дарахтларнинг кўм-кўк япроғи  ҳар оқилга Худони танитадиган  дафтаридир”, дейди.  Бир дона буғдой донини олиб кўринг ана шу бир дона мимитгина донни  эксангиз ундан етти бошоқли майса униб чиқади,  ҳар бошоғида юзтадан дон бўлади. Аллоҳнинг қудратини қаранг у  бир дона донни етти юз баробар кўпайтириб бандаларга ризқ рўз қилиб беради.
   Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллаҳу алайҳи ва саллам   “Кимнинг қалбига шукр айтиш илҳом қилинса у неъматнинг зиёда бўлишидан тўсилиб қолмайди”, дедилар. (Имом Бухорий). Яъни ким неъматлар учун шукур қилса ўша шукри туфайли неъматлар янада кўпаяди. Аллоҳ берган неъматини эътироф этиш эса бу берган неъматларни берган зотга мақтов ва хамд айтиш билан амалга ошади. Аллоҳга қалб ва тил ила шукр қиладиган бўлсалар, аслида  улар Аллоҳнинг лутфи билан ундан неъматларни кўпайтириб беришни сўраётган бўладилар, яъни банда Аллоҳга шукр қилади. Бунинг мукофоти сифатида эса Аллоҳ таоло бандаларига неъматларини янада кўпайтириб беради.
      Шукр қилувчи Аллоҳ таолога  суюкли, ношукр эса номақбул бандадир. Чунки ношукр одамга бир оз машаққат етса ўзи эга бўлган неъматларни унутади озгина қийинчиликдан ҳам нолиб, оғринади. Шукр қилувчи эса ҳар қандай кунида Аллоҳ таолога ҳамд айтади, қувончдан ҳам қайғудан ҳам ҳикмат қидиради ва топади.     
       Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллаҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Таом еганда ҳам ҳамд айтадиган, ичимлик ичганда ҳам ҳамд айтадиган бандадан, албатта Аллоҳ рози бўлади”. (Имом Термизий ривояти) 
     Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллаҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким оз нарсага шукр қилмаса кўп нарсага ҳам шукр қилмайди. Ким одамларга шукр (рахмат) айтмаса Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Шукрни тарк қилиш нонкўрликдир. Кўпчилик билан бўлиш (Аллоҳнинг) раҳматидир. (жамоатдан) ажралиш азобдир (Имом Аҳмад ривояти). 
     Одамларга шукр қилиш уларга раҳмат айтиш Аллоҳга шукр қилишни инкор этмайди, балки бир инсон бошқа бир инсонга ёрдам берса, аввало Аллоҳ таолога шукр сўнг ўша инсонга раҳматлар  айтиш зарур бўлади. Чунки Аллоҳ таоло ўша инсонга ёрдам беришга муваффақ қилиб қўйди. Инсонларга шукр ва раҳмат айтиш, жамиятда яхши амаллар кўпайишига сабаб бўлади. Аллоҳ берган неъматлар – фарзанд, мол дунё, соғлиқ, тинчлик хотиржамлик каби нарсалар бўлиши мумкин.   Ҳозир шукр борасида фақат берилган неъматлар учун шукр айтиш тушуниладиган бўлиб қолган. Бу ҳам тўғри, лекин аслида шукр билан чекланмайди. Неъматларни ҳалол йўл билан топиб, яхшилик йўлида сарфлаш  ҳақиқий шукр қилиш бўлади. 
 
 
“Ойбиноқ” жомий масжиди  
Имом хатиби: Ўтаев М. 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:40
Куёш: 06:28
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 19:00
Хуфтон: 20:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram