СИЛАИ РАҲМ - САОДАТ ОМИЛЛАРИДАНДИР
17 май 2015 й.
1516 марта ўқилди.

 СИЛАИ РАҲМ - САОДАТ ОМИЛЛАРИДАНДИР

Аллоҳ таоло тўқсон тўққиз исмидан икки исмини — Раҳмон ва Раҳим исмларини ҳар бир ишни бошлашдан олдин "Аллоҳ" исмига қўшиб ёд этишни мўмин бандаларига амр этган. Мусулмон киши ишларига Меҳрибон ва Раҳимли Аллоҳ номи (Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим) билан киришади.
Раҳмон ва Раҳимнинг маъно жиҳатдан ўзаги раҳматдир. Раҳмат меҳр-шафқат қилиш, яхшилик исташдир. Барча махлуқотларга меҳрли ва шафқатли, уларнинг ҳаммасига неъмат берувчи Зот бандаларига ҳам меҳрли шафқатли бўлишни буюради. Инсонларнинг хусусан қариндошларнинг бир-бирларига меҳр шафқат кўрсатишлари Исломда силаи раҳм деб аталади.
Аллоҳ таоло Қуръони азимуш шаънда шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُواْ رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِّن نَّفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيرًا وَنِسَاء وَاتَّقُواْ اللّهَ الَّذِي تَسَاءلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبًا
“Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёлларни таратган Роббингиздан қўрқинглар! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндошлар алоқасини узишдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ таоло сизларни кузатиб турувчидир”.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бизларни барчамизни бир эркагу бир аёлдан яратди. Ҳар хил тиллик, турли хил ранглик ва турли туман элату миллатларга ажратди. Инсоният қўшилиб бир оила, бир оиладан катта жамоат, жамоатлардан миллатлар пайдо бўлди. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда қариндошлик ришталарини узмасликка, балки уни янада мустаҳкамлашга ундаяпти. Шундай қилиб мусулмонларга яна бир фарз амалларидан силаи раҳм – қавму қариндош алоқалари ҳақида эслатиляпти.
Силаи раҳмда фазилат кўпдир. Биринчисидан, қариндошларни ҳадеб кўришга бораверсам ёки уларга доим хайру эҳсон қилсам, камбағал бўлиб қоламан деб ўйласа, хавотирланмасин. Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қиладилар:
 
أَنَسُ بْنُ مَالِكٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « مَنْ أَحَبَّ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِى رِزْقِهِ وَيُنْسَأَ لَهُ فِى أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ
“Ризқи кенг ва фаровон бўлишини ва ҳаёти узун бўлишини истаса, қариндошларидан ўзини узмасин”.
Агар ҳеч нарса беролмасангиз, уларни хафа қилманг, чиройли муомалада бўлинг, бу Парвардигорнинг амри:
وَإِمَّا تُعْرِضَنَّ عَنْهُمُ ابْتِغَاء رَحْمَةٍ مِّن رَّبِّكَ تَرْجُوهَا فَقُل لَّهُمْ قَوْلاً مَّيْسُورًا
“Агар уларга Парвардигорингдан марҳамат хоҳлаб, ҳеч нарса беролмайдиган бўлсанг, уларга (қўполлик қилмасдан) мулойим гапир”.
 
عَنْ أَبِى أَيُّوبَ أَنَّ رَجُلاً قَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَخْبِرْنِى بِعَمَلٍ يُدْخِلُنِى الْجَنَّةَ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « تَعْبُدُ اللَّهَ وَلاَ تُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا وَتُقِيمُ الصَّلاَةَ وَتُؤْتِى الزَّكَاةَ وَتَصِلُ الرَّحِمَ »
Бир аъробий Пайғамбаримиз с.а.в.нинг йўлларини тўсиб чиқиб: “Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”, деди. Пайғамбаримиз с.а.в. унга:“Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани шерик келтирмайсан. Намозни адо қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан”, дедилар.
Динимиз меҳр-шафқат динидур. Меҳр-шафқат ёйилган юрт обод, халқи фаровон бўлади. Меҳр-шафқатли кишилар орасида муҳтожлар қолмайди. Силаи раҳм эса бунинг асосий воситасидир. Силаи раҳм ҳақида Қуръони Каримда ва Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларида бир неча оят ва ҳадислар келган. Оятларда оилани ва Ислом жамиятини мустаҳкамлаш, мазкур ғайриисломий иллатлардан поклаш, йўлдаги тўсиқлар ва душманларнинг душманлигини енгиб ўтиш лозимлиги ҳақида сўз кетади.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 36-оятида шундай "Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас" деб, марҳамат қилади.
Бу ояти карима Исмломда ибодат бошқа-ю, шахсий, оилавий ва ижтимоий ҳаёт бошқа эмаслигини яна бир бор кўрсатади. Исломда дин ва дунё ажрамаган. Инсон масжидга кирганида мусулмон бўлиб туриб, уйига кирганида бошқаларнинг йўриғини тутмайди. Ўлигини мусулмонча кўмиб, байрамини христианча ўтказмайди. Боласига мусулмонча ном бериб, унга ғайри мусулмонча тарбия бермайди.
Силаи раҳм туфайли вафот этиб кетганларга ҳам хурсандчилик етади. Фоний дунёни тарк этган аждодлар руҳи авлодларининг силаи раҳм билан боғланганларидан қувонади.
Силаи раҳмда дўстликнинг зиёда бўлиши бор. Бир сабаб ўртага тушиб, хурсандчилик ва ғамдан тўпланишган дўстлар бир-бирларига ёрдам берадилар ва бу улардаги дўстликнинг зиёда бўлишига ёрдам беради.
Тоҳир Малик “Одамийлик мулки” номли асарида шунда сатрларни келтиради: ”Шифохонада даволанаётганимда ён хонадаги бадавлат ва амалдор беморни танишларимдан бири ҳар куни йўқларди. Амалдорнинг ҳеч нарсага муҳтожлиги бўлмаса-да, қоғоз халталарни тўлдириб, нималардир олиб келарди. Баъзи кунлари икки марта йўқларди. Мен унинг бу серқатновлигидан ғашланмадим. Агар ният холис бўлса, беморни йўқлаш ҳам савоб. Ғашлигим бошқа томонда эди: унинг укаси, менинг биродарим бедаво хасталикка чалиниб, икки йилдан бери тўшакда ҳаракатсиз ётарди. Унинг дори-дармонидан биродарлари хабар олиб туришарди. Аллоҳга шукрларким, дунёда иймон ва инсоф эгалари кўп, ночорлар қаровсиз қолмайди. Аммо ачинарлиси, шифохонадаги бой ва амалдор одамни тинмай йўқлаётган бу “серҳиммат” ўз укасидан хабар олмасди. Беморнинг хонадонидаги бирон маросимга айтилса, келарди. Шунда ҳам “икки бармоғини бурнига тиқиб” келарди. Атрофдагиларга сафсата сота-сота кетарди. Эҳтимол ака-ука орасида гап қочгандир, келишмовчилик бордир  дерсиз? Йўқ, талашиб-тортишиш бўлмаган. Фақат акада иймон йўқ. Укасидан фойда келмаслигини билиб, уни менсимайди. Афсусларким, бу дунёда “сендан угина, мендан бугина” деган шиор остида яшайдиганлар ҳам бор, биз уларга Аллоҳдан инсоф тилайлик”.
Бир-биримизга нисбатан силаи раҳмда бўлсак, Аллоҳнинг ризосини, хурсандчиликни,  ўз шаънимизга яхши мақтовни, умримизнинг зиёда бўлишини таъминлаган  бўламиз. Иншаоллоҳ.
 
 
Мир Араб мадрасаси талабаси
Зоиров Али
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:05
Куёш: 07:59
Пешин: 13:10
Аср: 16:15
Шом: 17:55
Хуфтон: 19:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram