СИЛАИ РАҲМ
27 март 2020 й.
55 марта ўқилди.

 

СИЛАИ РАҲМ

Аллоҳ таоло жамиятнинг барча аъзолари ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ришталарини қарор топтириш нақадар улуғ савобли иш эканини баён қилади. 
“... Магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот берамиз”. (Нисо сураси, 114-оятдан)
Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Айюб Ансорийга айтган сўзлари юқоридаги ояти кариманинг маъносини янада кўпроқ очиб беради: яъни: “Сени Аллоҳ таоло ва Унинг Расули яхши кўрадиган садақа, эҳсонга далолат қилайми? Одамлар ўртаси бузилса, ислоҳ қилишинг ва бир-бирларидан йироқлашсалар уларни яқинлаштириб қўйишингдир” - дедилар.
Ҳанафий уламолардан Бадриддин Айний “Умдатул қорий” асарининг “Силаи раҳм” бобида: “Сила-насабдош қариндошларга ҳамда қуда-андаларга яхшилик қилишдан иборатдир. Бу уларга лутф кўрсатиш, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳолларидан хабар олиш билан амалга ошади”, - деб ёзади.
Қуда-андачилик никоҳ орқали шаклланадиган қариндошлик муносабатидир. Исломда бу ҳодисага катта аҳамият берилиб, шаръий ҳукмлари ҳам батафсил баён қилинган. Қуръони Каримда айтилади: “У яна (ҳақир) сувдан (манийдан) инсонни яратиб, сўнгра уни (насл) насабли ва қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, Раббингиз (ҳар ишга) қодирдир” (Фурқон сураси, 54-оят).
Силаи раҳмни, дўстликни, қуда-андачиликни янада мустаҳкамлаш мақсадида, қариндош ва дўстлар хурсандчилигига, хафачилигига шерик бўлиб, бир-бирларига имкон даражасида ёрдамлашилади. Киши қариндошлари ва қуда-андалари орасида бўлса, улар билан ҳадия ва зиёрат билан боғланиб туриши вожиб бўлади. Мол билан раҳм қилишга қодир бўлмаса, зиёрат қилиш ва уларнинг ишларида ёрдам бериш билан боғланиши лозимдир. Агар бунинг ҳам иложи йўқ бўлса, улар билан хат орқали боғланиб туриши даркор. 
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида айтадиларким: “Албатта мўминни хурсанд қилиш амалларнинг афзалидир”.
 
 Албатта силаи раҳмда ўнта мақталган хислат бор:
1) Силаи раҳмда Аллоҳнинг ризоси бор, чунки Аллоҳ таоло шунга буюради;
2) Уларга (мўминларга) хурсандчилик етказиш бор, бу ҳақда хабар келган;
3) Силаи раҳмда малоикаларнинг хурсандлиги бор, чунки улар силаи раҳм билан 
хурсанд бўладилар;
4) Силаи раҳмда мусулмонларга яхши мақтов бордир;
5) Силаи раҳмда иблисга ғам етказиш бордир;
6) Умрнинг зиёда бўлиши бордир;
7) Ризқда барака бўлиши бордир;
8) Марҳумларнинг хурсандлиги бор, чунки ота-она, бобо-бувилари силаи раҳмнинг боғланиши билан хурсанд бўладилар;
9) Дўстликнинг зиёда бўлиши бор, чунки бир сабаб ўртага тушиб, хурсандчилик ёки ғамдин тўпланишиб, унга ёрдам берадилар ва уларда дўстликнинг зиёда бўлишига омил бордир;
10) Вафотидан кейин ҳам ажрининг зиёда бўлиши бор, чунки қариндошлар уни вафотидан кейин ҳам дуо қиладилар, ҳамма вақт яхшиликларини эслаб юрадилар.
Шунинг учун ҳар бир бандаи мўмин силаи раҳмни узмаса, Аллоҳ ва Унинг Расулининг ризоси ҳамда марҳум ва тирикларнинг хурсандчилигига сабаб бўлади. Аллоҳ барчамизни силаи раҳмда бардавом айласин.

Бухоро шаҳар “Пири-дастгир” жомеъ
масжид имом-хатиби Ж.Гулов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:35
Куёш: 05:18
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:05
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram