ҲАБИЙБУЛОҲ ҲАЁТЛАРИДАН БИР ГЎЗАЛ ВОҚЕА
25 декабр 2016 й.
1463 марта ўқилди.

 

ҲАБИБУЛЛОҲ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҲАЁТЛАРИДАН БИР ГЎЗАЛ ВОҚЕА
 
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида у киши билан содир бўлган барча воқеаларда ҳар бир инсон  учун жуда катта ибрат ва намуналар бор. Чунки Аллоҳ таоло у зотни барча оламларга раҳмат қилиб юборган эди. Қуйида келадиган воқеа  ҳар бир инсоннинг қалбида саййидул оламин соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатини янада орттиради. Чунки, у зот ҳақиқий олийжаноб, Аллоҳ таолога энг яқин банда бўлсалар-да,   инсонларга ниҳоятда раҳмдил, камтаринликда тенги йўқ кишилардан эдилар. Мен бу воқеани эшитганимда бундай олижанобликни кўриб қалбим юмшаб, кўзларим ёшланди. Яқинларимга ҳам бу ривоятни сўзлаганимда уларда ҳам бу ҳолатни кузатдим. Ривоят қуйидагича эди.
Мадинанинг чекка бозорларидан бирида кўзи ожиз, камбағал бир яҳудий бор эди. У ўзига яқинлашган кишиларга,  ким бўлишларидан қатъий назар, Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида, бақирган ҳолида: “ Эй биродарлар, унга яқинлашманглар. У сеҳргар, ёлғончи, ақлдан озган. Агар унга яқинлашсангиз унинг таъсирига учрайсизлар”, деб  ёмонлар эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёмон отлиқ қилиш учун бирор имкониятни қўлдан бой бермас ва шу ҳолат билан нафратини намоён этар эди. У  бундай туҳматли сўзларни ўзига ўхшаган ҳали Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни яқиндан  танимайдиган кишилардангина эшитган эди. Аслида эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши билмасди. Кўзи ожиз яҳудийнинг бу сўзлари оғиздан оғизга расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб келди. У зот эса ундан сира хафа бўлмадилар. Балки, унинг бу ишига қарши чиройли жавоб беришни лозим кўрдилар. Ўша эшитган кунларидан бошлаб, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар эрталаб унга таом келтира бошладилар. Чунки ўша яҳудий жуда мискин, кўзи эса ожиз эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса фақиру мискинларга жуда ғамхўр киши эдилар. Таом берсаларда ўзларини танитмас, унга ортиқча бирор сўз ҳам айтмас эдилар. Ҳаттоки уни ўз қўллари билан едирардилар. Мискин яҳудий эса берилаётган таомни иштаҳа билан истеъмол қилар эди. Еб тўйганидан кейин едирган кишисига унинг ким эканлигини билмасада миннатдорлигини изҳор этар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  бу дунёни тарк этгунларига қадар ожиз яҳудий чолни шу ҳолатда едирардилар. Кўзи ожиз мискин шунча вақт давомида унга бунчалик меҳрибонликни кўрсатган киши кимлигини ҳатто хаёлига ҳам келтирмас эди, лекин сўкишдан сира тўхтамас эди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин унга таом келиши тўхтаб қолди. Кўзи ожиз яҳудий нима сабабдан таом келиши тўхтаганини, унга ғамхўр бўлган бу киши нима учун келмаётганлигини англамас эди. Чол қанча кутса ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келмас эдилар. Унинг кутишидан фойда йўқ эди. Саййидимиз (солаллоҳу алайҳи васаллам) эса шу билан келмадилар, чунки  у киши вафот этган эдилар. 
Шу кунларда  Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жуда ғамгин эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан жудолик барча саҳобалар розияллоҳу анҳум қатори у кишига ҳам жуда оғир кечганди. Ойша розияллоҳу анҳонинг уйларга бордилар. Ойша розияллоҳу анҳодан: “- Қизим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мен эшитмаган, қилмаган бирор бир суннатлари борми?”, деб сўрадилар. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин: “Ҳурматли отажон сиз у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига доимий эргашувчи кишисиз. Хоҳласангиз мен сизга у кишининг доимо қилиб юрган ва сиз ҳали билмаган бир амалларининг айтаман ?”, деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “ У қандай амал, Ойша”, деб сўрадилар. Онамиз эса: “  Ҳар эрталаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳар бозорига бориб, ўша жойда яшовчи кўзи ожиз, мискин бир яҳудийга таом олиб бориб уни ўз қўллари билан едирардилар”, деди. 
Эрталаб туриб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўша бозорга мискин учун таом олиб бордилар. Уни топиб, унга таомни едира бошладилар. Аввалги луқмани чайнагини ҳамон: “  Ким сан?”, деб бақирди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса: “  Мен ўша, ҳар эрталаб сенга таом едирадиган киши”, деб жавоб берди .  Мискин эса: “Йўқ, сен у эмассан”, деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Нега бундай деб ўйлайсан”, деб ҳайратландилар. Кўзи ожиз яҳудий мискин: “ Менга доимо таом едирган кишининг қўлларини мен билар эдим. Унинг қўлларидан таом ейиш менга жуда жуда хуш ёқарди. У таомни аввал юмшатиб, кейин едирар эди”, деди. Бу сўзлардан ўзини тута олмаган Абу Бакр розияллоҳу анҳу  йиғлаб, юборди. Ўша мискинга у  зотнинг ким эканлигини билдирди: “ Ҳақиқатдан ҳам мен сени таомлантирган киши эмасман. Мен унинг саҳобаларидан бириман. Ўша олижаноб киши ҳозир бизнинг орамизда йўқ. У Аллоҳнинг суюкли бандаси, Унинг элчиси Муҳаммад эди”. Кўзи ожиз мискин: “ Муҳаммад?”, деб ҳайрат билан сўради. Ва яна қайта: “Сен мени ҳар кун овқатлантирган киши  Муҳаммад эди демоқчимисан?!” , деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу “  Ҳа у Муҳаммад эди”, деб жавоб берди. Буни эшитган кўзи ожиз фақир яҳудий аламли кўз ёшлар тўка бошлади: “ Мен шунча вақт уни сўкар эдим, ғийбат қилар эдим. У эса бир марта ҳам мени сўкмади, камситмади. Лекин, шунга қарамай ҳар эрталаб таом келтиб, менга  едирарди, у шунчалик олижанобки...” ,  дея кўзларидан оқаётган ёшларини артар эди.  Бу ожиз кишининг қалбига Аллоҳ таоло ҳидоят чироғини ёқди. Қўлини саййидул оламин(соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан кейин инсонларнинг энг афзали Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга узатди-да, муборак калимаи шаҳодатни талқин қилиб, “ЛА ИЛАҲА ИЛЛОЛЛОҲУ, МУҲАММАДУР РАСУЛУЛЛОҲ”,  деб гувоҳлик бердида исломни қабул қилиб мусулмон бўлди. 
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида содир бўлган бу ҳолат, бизга нисбатан қўпол муомалада бўлганларга меҳрибонлик қилишга куч бериши табиий.   Нафақат бу ривоятда балки, пайғамбаримиз билан боғлиқ бўлган   бошқа барча воқеаларда ҳам биз бу  ғайри оддий инсоннинг, оламларга раҳмат қилиб юборилган, жуда гўзал табиатли бир кишининг инсоният тарихида мисли кўрилмаган тимсолини кўриб, олижанобликнинг юксак кўринишидан ҳайратланамиз. Биз мусулмонлар бу улуғ инсонннинг гўзал фазилатлари ҳақида дунёга жар солишимиз керак. Токи Исломга туҳмат тошларини отаётганлар бу инсонннинг ким эканликларини яхши англасин. У зотнинг ҳаётларини яхши ўрганишимиз ва суннатларига эргашишимиз керак. Токи бу “Инсонлар учун чиқарилган хайрли уммат”нинг қандай йўлбошчиси бўлганлигинию, бу уммат аҳли қандай эканлигини ҳамма англаб етсин-у, уларга эргашсин. Бу воқеадаги кўзи ожиз ғайриддин ўзининг қўполлигинию, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мулойимликларини қандай англаб етган бўлса, ана шундай чиройли бағрикенглик ва олижанобликни бошқалар Расулуллоҳнинг бу “хайрли уммати”да кўрсин. Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларда бунга ўхшаш жуда кўп ҳолатлар бўган. Биз эса уларни яхши ўрганиб, эшитмаганларга ҳаётларидаги воқеалардан сўзлаб беришимиз керак.  Ўзимиз эса у зотнинг гўзал йўлларини маҳкам тутиб, хулқлари билан хулқланишимиз жуда ҳам муҳим. Ана шундагина Худонинг хоҳиши билан Парвардигорга яқинлашиш, унинг розилигини топиш, қиёматда эса Пайғамбар алайҳис саломнинг шафоатларига эришишга умид қилсак бўлади. 
Аллоҳим сендан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман!  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг саломи бўлсин! У сенинг қулинг ва элчингдир. Эй қудрат соҳиби! Мени, қариндошларим ва яқинларимни ўзинг кечир! Ва барча мусулмонларни Ҳабибинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурмати туфайли авф эт! Барчамизни тез-тез дийдорингни кўриб туриш ва суюкли Ҳабибинг билан дийдорлашиш манзили бўлган Жаннатингга киргизгин! Омин!
                                                    Абу Бакр ас- Сиддиқ  масжиди
 имом-хатиби О. Тўқсанов  
 
  .
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram