Солиҳ фарзанд-жамият кўрки
26 март 2015 й.
1937 марта ўқилди.

                                              Солиҳ фарзанд-жамият кўрки

 
  Ҳар бир фарзанднинг иймон-эътиқодли, садоқатли, итоатли бўлиши ота-она учун қувонарли ҳолатдир. Чунки, айнан шу гўзал хислатларни фарзандларида кўриш ҳар бир ота-онанинг орзусидир. Шундай фарзандларгина ота-оналари, элу юртларини ишончини оқлай оладилар. Ҳар бир фарзанднинг солиҳ, итоатли бўлиб ўсишида ота-онанинг ўрни муҳимдир. Чунки, гўдак дунёни таний бошлаган илк кунлариданоқ  у аввал шу икки инсонни кўриб, ўса бошлайди. Улардан кўрадиган барча нарсаларни тошга ўйилган нақш сингари ўзига сингдира бошлайди. Ота-онадан оилада содир этиладиган яхши ёки ёмон хулқлар боланинг феълида ҳам шакллана бошлайди. Биз қанча хоҳласак шунча фарзандларимизга ваъзу-насиҳат қилайлик бари-бир улар айтганимизга эмас, кўпроқ ҳатти-ҳаракатларимизга тақлид қилишади. Шунинг учун чиройли намуна бўлишимиз керак. Биз уйимизда бўлган вақтда эътиборга олмай, оддий нарса деб биладиган баъзи бир майда ҳатти ҳаракатларимиз ҳам фарзандларимиз тарбияси учун ниҳоятда аҳамиятлидир. Мисол учун, телевизордан кўрадиган фильм ёки кўрсатувларимиз, тинглайдиган мусиқамиз шулар жумласидандир. Болаларнинг ёнида ишқ-муҳаббатга доир фильмларни бемалол кўриб ўтириш, видео-клиплардаги ҳали оила қурмай туриб йигит билан қизнинг ўта яқин муносабатларини аск эттирадиган ҳолатларнинг гувоҳи бўлиш, ёки ҳали ота-онанинг хабари йўқ, лекин қиз бир йигитга турмушга чиқишни, бир умр бирга бўлишни ваъда бериб, отаси совчиларга жавобини берганидан кейин йиғи-сиғилар маъносидаги нарсалар салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.  Юқоридаги иллатлар ёшлигидан илмга интилиш, ота-онага эҳтиром, ватанга муҳаббат каби туйғулар билан ўсиши керак бўлган болада бу туйғуларнинг шаклланишига тўсқинлик қилади. Фарзандда ёшлигидан шаҳватпарастлик, худбинлик каби хунук иллатларни шаклланишига туртки бўлади. Ота-она оиланинг раҳбарлари эканликлари туфайли Аллох таоло тарбия бериш масъулиятни уларнинг зиммаларига юклади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақида: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлингизни ёқилғиси одамлару тошлардан бўлган дўзахдан сақланглар”(Таҳрим 6-оят) деган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: “Аллоҳ Таоло қайси бандани бир жамоатга раҳбар қилса-ю, лекин бу киши жамоатга хиёнат қилиб ўлса, Аллоҳ Таоло унга жаннатни ҳаром қилади”, деган сўзлари фарзанд тарбиясига масъул шахсларни ҳушёрликларини янада оширади.
Фарзандимизнинг қўлидан олиб кўча-кўйда ёки хиёбонларда юрганимизда, ҳатто ерда ётган тош ёки қоғозни олиб,  махсус ахлат ташлайдиган қутига ташлаш ҳам фарзанд тарбияси учун аҳамиятсиз эмас. Ёки шаҳар кўчаларида фарзандларимиз билан юрганимизда, “фарзандим, бу гўзал манзил – сенинг киндик қонинг тўкилган она диёрингдир”, деб айтган бир оғиз сўзимиз оддий сўз эмас, балки фарзандимизда ватанга бўлган муҳаббатни уйғотадиган сўздир.   Доно халқимиз орасида, “от изини – той босар” деган нақл кенг тарқалган. Бу нақл ота ва онадаги хислатлар фарзандга ҳам ўтишига ишоратдир. 
  Биз баъзида улуғ инсонларнинг гўзал хулқини, ҳикматли сўзларини эшитганимизда таъсирланиб кетамиз, ҳаттоки кўзларимизга ёшлар оламиз. Уларнинг ҳаётлари билан танишганимизда ота-оналарининг парҳезкор, ихлосли, илм соҳиблари эканликларининг гувоҳи бўламиз. Чунки, шу гўзал хислатларга эга кишиларгина фарзанд тарбиясига жиддий киришиб, уни ўта масъулиятли иш эканини яхшироқ ҳис этишади десак, муболаға қилмаган бўламиз. Мисол тариқасида Муҳаммад ибн Идрис Шофеъи раҳматуллоҳи алайҳ: “Онам илм олишимни жуда-жуда истар эди” деганлар. Шу истаклар Имом Шофеъини етти ёшларида Қуръони каримни, ўн ёшларида эса “Муватто” китобини ёдлашларига сабаб бўлди. Сўфиёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳнинг оналари у кишига ёшликларида: “Ўғлим, илм ўрганинг, рўзғор ташвишини ўйлаб фикрингизни бўлманг. Мен Аллоҳ хоҳласа ип йигириб, уни сотиб, ўқишингизга кўмаклашаман”, деган эканлар.  
  Хусусан ҳозирги глобаллашув даврида, ахборотлар алмашинуви жадал ривож топаётган пайтда, бу масъулият  янада ортиб боради. Интернет ривожланган бир даврда турган эканмиз фарзандларимизга бу имкониятлардан файдаланиш билан бир қаторда уни назорати бизнинг хар кунлик вазифамизга айланиши шарт.  Фарзандларимизни турли хил пуч ғояларнинг қурбони бўлишидан асрашимиз керак. 
Бас, фарзанд тарбияси шунчалик аҳамиятли экан ота-она тарбияни нимадан бошлаш керак? Бу саволга жавобни Қуръони каримдан излайдиган бўлсак, Луқмони Ҳакимнинг фарзандларига тарбия беришда энг аввал нимадан иш бошлаганликлари ҳақидаги оятга аҳамият беришимиз мақсадга мувофиқдир. Чунки, “Луқмон” сурасидаги Луқмони Ҳакимнинг фарзандларига берган насиҳатларини Ислом уламолари фарзанд тарбиясидаги энг фойдали йўллардан бири деб, билиб келганлар. Чунки, инсонни бир қатра ҳақир сувдан халқ этган Холиқ Таоло унга нима кўпроқ фойдали-ю, нима ўта ҳалокатли эканлигини шу Китоб орқали  инсонларга аниқ баён этгандир: 
  “Луқмон ўғлига ваъз-насиҳат қилиб айтганларини эсла: “Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма.  Албатта, ширк катта зулмдир”.(Луқмон сураси.13-оят). Оятда Луқмони Хакимнинг энг аввалги насиҳатлари фарзандларига Роббисини танитиш билан бошланяпти. Ҳа, барча ишларнинг башланиши айнан шу эзгу амалдан бошланади. Буюк ва ўхшаши бўлмаган, ҳеч бир нарсага муҳтож бўлмаган лекин барча нарсалар Унга муҳтож бўлган қудрат соҳиби бўлган Илаҳу Роббул аламийн-Аллоҳни танишлик. Таниганда ҳам Унга хос бўлган сифатлар билан танишлик. Унинг шериги йуқ. У Зот барча нарсаларнинг яратувчиси. Унинг иродасисиз бирор бир иш бўлмаслигини билдириш хар бир ота-онанинг фарзандига билдириши керак бўлган энг аввалги бурчларидандир. Барча мукаммал сифатлар билан сифатланган ва барча нуқсонлардан муназзаҳ(пок) бўлган Аллохни тинишлик билан инсон зоти У Зотнинг олдида заррадан хам ҳақирроқ бир махлуқ эканлиги яхши англаб етади. У Зотнинг амрларига бўйсунишликни инсонийлик бурчи эканлигини хис этади. У Зотнинг қайтариқларини ҳалокат деб билади. Эътиқоди покланади. Зотан турли хил сохта ақидалардан ёшларимизни асраш, ахлоқий ва маънавий камол топтириш учун жидду-жаҳд қилиш бугунги кунда барча ота-оналарнинг долзарб вазифаси саналади. Шунинг учун илм эгалари, “эътиқод соғлиги-халқ бойлиги, ақида тўғрилиги эса-халқ тинчлигидир”, дейишган.   
      Аллоҳ Таоло суранинг давомини фарзанд тарбиясига боғлиқ бўлган ўта муҳим   масаласидан кейин эътиборни инсон учун қадрли зотлар ота-оналарнинг фарзанд тарбияси йўлида чекадиган машаққатларини эслатади. Инсонни дунёга келтирган уни минг машаққатлар билан тарбиялаб жамиятга  шахс сифатида таёрлайдиган зотларни қадрлашни таъкидлайди.
      Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устида заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир: “Мен ва ота-онага шукр шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир”. (Луқмон сураси. 14-оят). Неъмат берилганда ҳам, неъмат олинганда ҳам, мусийбат етган вақтда ҳам шукр қилишлик инсоннинг бандалик бурчи. Ибн Қоййум раҳимаҳуллоҳ: “Неъмат берган қолиб неъматнинг ўзи билан банд бўлиш, бало берган қолиб балонинг ўзи билан машғул бўлиш омадсизликнинг чўққисидир. Аллоҳ доимо азобни балолаш учун юбормайди, балки поклаш учун ҳам синайди,”деган эканлар. 
Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрлашсалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман. (Лукмон сураси. 15-оят)   
    Эътиқод масаласи динимизда шунчалик муҳим эканки, Аллоҳ таоло бу ҳақида бизни Каломида тез-тез огоҳ этиб туради. Биз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан ҳар қандай ота-онага фарзанд итоат этиши, ҳаттоки улар мушриклардан бўлсалар ҳам фарзанд уларнинг доимо хизматларини сўзсиз адо этиши керак эканлигини биламиз. Лекин уларнинг буйруқлари соғлом ақида доирасидан ташқарида бўлса итоат этмайди. Чунки бу буйруқларига итоат этмаслиги қатъий илоҳий қайтариқлар билан Қуръони каримда таъкидланган. 
      Бу икки оятлардан сўнг Аллоҳ таоло яна фарзанд тарбиясига боғлиқ бўлган Луқмони Хакимнинг фарзандига қилган насиҳатларини давом эттиради:
     “Эй ўғилчам, албатта, у(амал) агар ачитқининг бир дона уруғича бўлаю у бир қоя тош ичида ёки осмонларда ёхуд ерда бўлса ҳам, Аллоҳ уни келтирур. Албатта, Аллоҳ ўта лутфли ва ўта хабардор зотдир.(Луқмон сураси.16-оят). Луқмони Ҳакимнинг бу галги фарзандларига қиладиган насиҳатлари амаллар ҳақида. Аллоҳ таоло барча амалларимиздан огоҳдир. Бир амал биз учун эътиборсиз  бўлса ҳам Қиёмат кунида У зот амалларимиз битилган китобда у ҳақида бизга билдиради. Яхши амалларнинг эгалари мукфотланади. Гуноҳ амалларнинг эгалари  жазоланади. Бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас.  Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг: “ Дунё ортини ўгириб кетмоқда. Охират бағрини очиб келмоқда. Иккисини ҳам фарзандлари бор. Охират фарзандлари бўлинг, дунё фарзандлари эмас! Бугун амал бор азоб йуқ. Эртага амал йўқ ҳисоб бордир.”деган сўзлари фикримизни тасдиқлайди. Улуғ уламолардан бирлари: “Дуоларимга ижобат кечикди деб ўйлама, чунки уларнинг йўлларини ўзинг гуноҳ амаллар билан тўсиб ташлагансан”, деган эканлар. Суранинг давомида:  
      Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта булар азм этилажак ишлардандир.(Луқмон сураси.17-оят). Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, ота-она фарзандига Аллоҳ Таолони танитганидан кейин унга итоатни яъни, Аллоҳнинг амрларини бажариб, манҳиётларидан сақланиш лозимлигини ҳам ўргатмоғлиги лозим. Фузайл ибн Иёз айтар эканларки: “Алоқа қилсанг, хулқи чиройли одам билан алоқа қил, чунки у фақат яхшиликка чорлайди, дўсти ундан фақат роҳатланади. Хулқи ёмон одам билан алоқа қилма, чунки у фақат ёмонликка чорлайди. Дўсти ундан фақат машаққат кўради”.
       Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас.(Луқмон сураси.18-оят). Мазкур ояти каримада ота-она фарзанд тарбияси давоми фарзандини асраши зарур бўлган инсон зотига хос бўлмаган икки иллат ҳақида эслатма берилмоқда. У мутакаббирлик ва манманлик иллатларидир. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам бу сифатларни қоралаб қуйдага ҳадисларни айтганлар: “Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир”. Имом Ғаззолий эса кибр ҳақида: “У, ўзини улуғ санаш ва қадрини бошқанинг қадридан устун қўйиш”, деб айткан эканлар. Имом Заҳабий ва бошқа улуғ уламолар бу амалнинг ҳукми гуноҳи кабира эканлигини таъкидлаганлар. Набий алайҳис саломнинг манманлик ҳақида: “Ким манманлик билан кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас”, деган ҳадиси мубораклари ҳар-бир иймон аҳли учун таъсирлидир. 
Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки, овознинг энг ёмони эшакнинг овозидир”.(Луқмон сураси. 19-оят). Инсонлар билан бўладиган муносабатда ёки кўча-куйда юрганда мўътадил бўлишлик у мўътадиллик инсонда оятда ишорат қилингани каби қадамини босганида ва гапирганида бўлиши аҳамиятлидир. Бу ҳолатларда Пайғамбаримиз салолоҳу алайҳи васалламга эргашишлик хар биримиз учун ниҳоятда зарур. У зот инсонларга бу борада энг олий ибратдирлар. У зот шахдам қадам билан мўтадил юрганлар, овозларини эса баланд кўтармай, дона-дона гапирганлар. 
      Закариё алайҳиссаломнинг Қуръони каримдаги гўзал дуолари билан аслида яна кенгроқ ёритилиши керак бўлган кўп қамровли бу мавзуни мухтасар қилдик.
“...Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, сен дуони эшитувчисан.”  (Оли Имрон 38-оят).
 
Орифжон Тўқсонов
         “Абу Бакр Сиддиқ” масжиди имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:24
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram