ҲАҚИҚИЙ ВА СОХТА ПАЙҒАМБАР
30 март 2018 й.
1161 марта ўқилди.

ҲАҚИҚИЙ ВА СОХТА ПАЙҒАМБАР

Пайғамбарларга иймон келтириш, Ислом ақидаси рукнларидан бири ҳисобланади. Бу дегани, пайғамбарларга иймон келтирмаган инсон ҳеч қачон мўмин бўла олмайди, деганидир. Биз ўз она тилимизда пайғамбарлар, деб атаётган зотлар, араб тилида икки ҳил - расул ва набий, деб номланадилар. Пайғамбарлар бандалар ичида Аллоҳ томонидан танлаб олинган бўлиб, Аллоҳнинг амрини инсонларга етказишга ихтиёр қилинган зотлардир. Уларнинг ичидаги янги, алоҳида шариат олиб келганлари "расул" деб номланадилар. Янги шариат олиб келмай, ўзидан аввалги пайғамбар шариатига амал қила туриб, кишиларни ёлғиз Аллоҳнинг ўзига ибодат қилишга, унга ширк келтирмасликка чақирганлар "набий" дейилади.

Билингки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирилган хабарлар рост бўлиб, у зот уларни ўз ҳолида етказганлар. Умматларида рўй берадиган воқеа-ҳодисалардан хабар беришлари Аллоҳ таолонинг билдириши туфайли бўлган, чунки ғайбни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Пайғамбарларга нима билдирилса, улар ҳам фақат ўшани билишади, ортиғидан бохабар бўла олишмайди.

Ўтмишда ва келажакдаги ғайбни фақат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Лекин Аллоҳ таоло пайғамбарларини ғайбий ишлардан хабардор қилгани боис рўй бермаган ишлар ҳақида олдиндан хабар берганларида худди айтганларидек бўлиб чиқади. Булар уларнинг мўъжизалари қаторига киради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда бўладиган воқеалар ҳақида башоратлар берганлар. Улардан айримларининг юзага чиқиши кутилмоқда. Аллоҳ таоло айтади: «У ғайбни билувчидир ва ҳеч кимни Ўз ғайбидан хабардор қилмас. Ўзи рози бўлган Расул бундан мустаснодир. Албатта, Аллоҳ унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатиб юрувчи қўйиб қўяр»[1].

Имом Абу Довуд келтирган ривоятда Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда туриб бизга хитоб қилдилар. Ўшанда то қиёматгача бўладиган бирор нарсани қолдирмасдан айтиб ўтдилар. Ёдлаган ёдлаб қолди, унутган унутди. Лекин асҳобларим билишади. Айтганларидан нима юз берса, таниш одамни узоқ вақт кўрмаганда қиёфаси ёддан кўтарилиб, учрашганда яна эсга тушгандек бўларди. Шерикларим унутишдими ёки ўзларини унутганга солишдими, билмайман. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунё охиригача келадиган эргашувчиси уч юз ёки ундан кўп бўладиган ҳар бир фитнабошини қолдирмасдан ўзининг исмини, отасининг исмини ва қабиласининг номигача айтдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига айтиб кетган нарсалар амалга ошди. Макканинг фатҳ қилиниши, Байтул мақдиснинг фатҳи, Яман, Шом ва Ироқнинг фатҳ қилиниши, омонлик ҳукм суриши, ҳатто аёл киши Ҳийрадан Маккагача хавф-хатарсиз сафар қила олиши, Мадинанинг хароб қилиниши ва унда ҳеч ким қолмаслиги, Хайбарнинг Али розияллоҳу анҳунинг қўлида фатҳ қилиниши, умматларига мол-дунё эшиклари очилиб, унинг зебу зийнатлари берилиши, улар Кисро ва Қайсарнинг хазиналарини бўлиб олишлари, улар ўртасида турли фитналар, ихтилофлар ва ҳавои нафсга эргашишнинг юз бериши, умматнинг етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ва улардан биттаси нажот топувчи бўлиши, турли-туман тўшаклари бўлиши, охир замонда илмнинг кўтарилиши, фитна ва қатлнинг кўпайиши, вақт қисқариб, ундан барака кўтарилиши, Маҳдийнинг чиқиши кабилар ва бошқаларни бунга мисол қилиш мумкин.

Шуларнинг ичида энг муҳими, агар эътибор берилмаса иймрнга зарар берадигани бу сохта пайғамбарларнинг чиқиши.

Имом Аҳмад, Табароний ва Баззор келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Умматимдан ўттизта каззоб чиқади. Улардан тўрттаси аёлдир». Мусайлама, Асвад Ансий, Мухтор ибн Абу Убайд Сақафий пайғамбарлик даъвосини қилган кишилар бўлиб, Сажаҳ исмли аёл ҳам Мусайлама замонида пайғамбарлик даъвоси билан чиққан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратли ҳадисларига шоёни диққат билан эътибор қаратиб, ҳақиқий ва сохта пайғамбарнинг фарқига борадиган илмга ҳамма эга бўлиши керак. Чунки бу пайғамбарга иймон келтириш иймоннинг бир бўлагидир.

Муҳаммад алайҳиссалом охирги пайғамбардирлар. Бу кишининг пайғамбарлиги аввалги пайғамбарликларнинг буйруқлари ниҳоясига етганлигининг аломатидир. Қуръони Каримда шундай дейилади: «Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир»[2]

Шу оят пайғамбарлик замонаси ниҳоясига етганлиги, Муҳаммад алайҳиссаломдан сўнг ҳеч қандай пайғамбар бўлмаслигини баён қилади. У кишидан аввал ўтган узоқ давр мобайнида бирин-кетин кўплаб пайғамбарлар ўтган ва ўша пайғамбарларнинг ки-тобларида ўзларидан сўнг яна пайғамбарлар келишининг хабари бор эди. Лекин Қуръони Каримда бундай гап йўқ. Шунинг ўзи ҳам Қуръони Каримнинг илохий китоблиги, Муҳаммад алайҳиссалом ҳақиқий пай-ғамбарлигининг катта далилидир. Мана 15 асрдан буён бирорта пайғамбар чиққани йўқ ва чиқмайди ҳам. Шуниси қизиқки, Исломдан бошқа динга ишонувчилар ҳануз ҳам ўзларининг муқаддас китобларида хабари келган пайғамбарни кутмоқдалар. Лекин 15 асрдан кўп вақтдан бери уларнинг бу орзуси амалга ошмай турибди. Энди умидини узиб, Муҳаммад алайҳиссалом ўша кутилаётган пайғамбарнинг айни ўзи эканлигини тан олиш вақти келмадимикин?. .

Манбалар асосида: Мавлонов Жамол

 “Мир Араб” ислом билим юртининг мударриси



[1]  Жин сураси, 26–27-оятлар

[2] Аҳзоб сураси, 40-оят

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:15
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram