СПИДнинг давоси.
05 декабр 2017 й.
1687 марта ўқилди.

СПИДнинг давоси.

      1 декабрь куни дунё бўйича халқаро ОИТСга қарши кураш куни деб белгиланган. Дунё аҳлининг муаммоларидан бири СПИД касаллигидир. Кўпгина мутахасислар оқибати ўлим билан якунланаятган касалликни давосини топиш мақсадида изланиш ва тажрибалар олиб бориятгани маълум. Хўш, Ислом динимиз нуқтаи назаридан эътибор берсак бу касалликнинг дунё бўйлаб авж олишига сабаб нима бўлди?

    Абдуллоҳ ибн Умар р.а.дан ривоят қилинган Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Қайси қавмда фаҳш ишлар пайдо бўлиб, ҳатто уни ошкора қилишга ўтсалар, у қавмда вабо ва ўтган ота-боболарида бўлмаган касалликлар тарқалади” (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, фаҳш, зино, беҳаёлик каби гуноҳлар жамият ичида, инсонлар орасида ошкорасига юзага чиқса турли вабо, тузалмас касалликларни, ҳатто ота-боболаримиз билмаган, тушимизга кирмаган касалликлар тарқалар экан. Ер юзида гуноҳнинг ортиши, ошкорсага бузуқликлар қилиниши Аллоҳ таоло томонидан турли бало ва офат, касаллик ва азобларни тушишига сабаб бўлади. Бугун айниқса ғарбда, қисман атрофимизда ёш йигит қизларни ярим-яланғоч кийимларни кийиб юришлари, бемалол кўча куйда қўл ушлашиб, қучоқлашиб, ҳатто ўпишишлари, ота-оналаридан яширин фаҳшга қадам қўйишлари мусибатли ҳолдир. Бу на динимизга, на урф-одатимизга, на қадриятларимизга тўғри келади. Бизнинг ота-бобо, она-момоларимиз одобу – ахлоқда, ҳаёю - иффатда бутун дунёга намуна эдилар. Шунинг учун улар СПИД нима эканлигини билмасдан ўтдилар.

     Инсониятни яратган Роббимиз уларнинг ютуқлари ва камчиликлари қаердалигини ҳам Ўзи яхши билади. Ва шунга мувофиқ ўзининг пайғамбарлари орқали ҳар бир замонга мос дин ва бир қанча ўз даврига мос шариат, қонун-қоидаларни юборди. Бу шариатларнинг охиргиси ва мукаммали қилиб исломни жўнатди. Динимизда барча муаммоларнинг ечими кўрсатилинганидек аср вабоси касаллигининг давоси ҳам баён қилинган. 

   Усома бин Шарийк р.а. айтадилар: Мен Пайғамбар с.а.в.нинг ҳузурларига бордим. Саҳобалари гўё бошларига қуш қўниб турганидек, қимир этмай ўтиришар эди. Салом бериб, сўнгра ўтирдим. Шу вақт ҳар тарафдан аъробийлар келиб: Ё Расулуллоҳ! Даволансак бўладими? – деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Даволанинглар, зеро, Аллоҳ таоло бирор дардни берган экан, унинг давосини ҳам пайдо қилиб қўйган, фақат бир дарддан бошқа. У ҳам бўлса кексаликдир” – дедилар (Имом Термизий ривояти).

     Ҳозирги кунда ОИТС касалликнинг асл пайдо бўлиш ва тарқалиш сабаби айнан фаҳш, зино орқали кенг тарқалиб бориятгани ҳеч кимга сир эмас. Халқимизда “Касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхшироқ”, деган гап кенг тарқалган.

    Аллоҳ таоло каломида мўмин, тақводор бандаларини сифатларини баён қилиб айтади: “ Улар ( мўминлар) авратларини ( ҳаром-зинодан) пок сақлагувчи кишилардир”. ( Мўминун сураси 5- оят)

    Бошқа бир оятда: “( Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини ( номаҳрам аёлга тикишдан) тўссинлар ва авратларини ( ҳаромдан) сақласинлар...”

    “ Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини ( номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини ( ҳаромдан) сақласинлар...”. ( Нур сураси 30,31-оят).

   Ушбу оятда Аллоҳ таоло эркакларга ҳам аёлларга ҳам касалликни олдини олиш ва унга чалинмаслик йўлини ўргатди. Зинонинг, фаҳшнинг аввали бор, охири бор. Аввали номаҳрамга қараш билан бўлса, охири зино билан якунланади. Агар инсон номаҳрам аёлларга қарамаганда шаҳвати уйғонмасди, фаҳшга майл ва хохиш авж олмасди. Натижада эса зинодан узоқ ва спиддан халос бўлар эди.

    Хулоса шуки, бу масалада беэътибор бўлмайлик. Ўзимизни ҳам фарзандларимизни ҳам динимизнинг гўзал таълимоти, илоҳий насиҳат,  қадриятларимизнинг зилол чашмасидан баҳраманд этайлик. Фаҳш ва бузуқлик, зино ва беҳаёликдан уларни узоқ тутайлик. Ҳақиқий мўмин ва мўминаларнинг сифати билан зийнатласак ҳеч қандай вабо ва мусибатлар бизни халқимиз ва келажак авлодларимизга хавф сола олмайди. Аллоҳ таоло орамиз ва жамиятимиздан бундай касалликларни узоқ қилсин. Тўғри йўлдан ҳеч биримизни адаштирмасин. Юртимиз тинч, танимиз саломат, иймонларимиз бақувват бўлсин.

  

   Ғиждувон туман   

« Соктари » жомеъ

масжиди имом хатиби:                                              Жасурбек Латипов.

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram