Сукутнинг фазилати
17 июн 2015 й.
1468 марта ўқилди.

 

 Сукутнинг фазилати

 

 Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу оғзига тош солиб олар эди. Бу билан ўзини каломдан тиярди. Тилига ишора қилиб: “Бошимга келган ҳамма кўргиликларнинг сабабчиси шу”, дерди.

   Абдуллоҳ ибн Масьуд  розияллоҳу анҳу айтади: “Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Зотга қасамки, тилдан кўра узоқ қамалишга муҳтож нарса йўқдир”.
 
   Товус ибн Кайсон шундай деган: “Тилим йиртқич ҳайвондир, қўйиб юборсам мени йеб қўяди”. Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади:  “Оқил кишига замонидан хабардор бўлмоғи, тилини муҳофаза этмоғи ва ўзи ҳақида қайғурмоғи лозимдир”. Ҳасан Басрий шундай дейди: “Тилини сақламаган киши ҳали динини англамабди”. 
 
   Авзоьий айтади: “Умар ибн Абдулазиз бизга шундай мактуб ёзди: “Ким ўлимни кўп эсласа, дунёнинг озига ҳам рози бўлади. Ким каломини амалидан санаса, ўзига керакли сўздан бошқасини кам қилади”. Баьзиларнинг айтишича, сукут икки фазилатни жамлайди: динида саломат бўлиш ва соҳибини англаш.
 
   Муҳаммад ибн Восиь замондоши Молик ибн Динорга шундай деган: “Эй Абу Яҳё, тилни сақлаш одамларга динор  ва дирҳамни сақлашдан қийинроқдир”. 
Ҳасан Басрий айтади: “Қавм Муовия розияллоҳу анҳунинг олдида сўзларди. Аҳнаф ибн Қайс эса сукут сақлар эди. Муовия у кишига: “Сизга нима бўлди, эй Абу Баҳр, гапирмаяпсиз?”, деди. У киши шундай жавоб қилди: “Ёлғон гапиргани Аллоҳдан қўрқаман, рост гапиргани эса сендан”. 
 
   Абу Бакр ибн Айёш айтади: “Тўрт подшоҳ: Ҳинд подшоҳи, Чин подшоҳи, Кисро ва Қайсар йиғилиб қолишди. Улардан бири айтди: “Айтганимга пушаймон бўламан, айтмаганимдан эса надомат чекмайман”. Бошқаси: “Агар бир сўз десам, у менга эга чиқди, мен унга эга бўлмадим”, деди. Учинчиси: “Гапирган гапи ўзига қайтса зарар қилган, қайтмаса фойда бермаган кишидан ажабландим”. Тўртинчиси: “Айтмаган сўзимни қайтаришга айтганимни қайтаришдан кўра қодирроқман”, деди. 
 
Мансур ибн Муьтаз қирқ йил ибодат билан қоим бўлиб, хуфтандан кейин бирор сўз сўзламади. Нақл қилишларича, Рабиь ибн Ҳайсам йигирма йил дунё сўзини гапирмади. Тонг отганда олдига давот қоғоз ва қалам қўярди. Гапирган гапларининг ҳаммасини ёзарди ва кеч кирганда ўзини ҳисобга тутарди.
 
“Иҳёу улумид-дин”дан Мубашшир Аҳмад таржимаси
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram