ТАОМЛАНИШ ОДОБИ
29 сентябр 2018 й.
695 марта ўқилди.

ТАОМЛАНИШ ОДОБИ
 

Таомланишнинг ҳам ўзига яраша одоби бор. Мусулмон киши ана шу одабларга риоя этмоғи керак. Шу ўринда уларнинг айримларини зикр қилиб ўтамиз:
 
1. Таомланишдан олдин ва кейин қўл ювиш. 
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Тавротда, албатта, таомнинг баракаси ундан олдин икки қўлни ювмоқдир, дейилганини ўқидим. Бас, ўшани Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдим. У зот: «Таомнинг баракаси ундан олдин икки қўлни ювмоқдир ва ундан кейин икки қўлни ювмоқдир», дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

2. Таомдан олдин “Бисмиллаҳ” дейиш.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» десин, дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

3. Таомни ўз олдидан ейиш.
Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғларидаги бола эдим. Қўлим лаганда бориб-келар эди. Бас, у зот менга: «Эй ғулом! Аллоҳнинг исми ила, ўнг қўлинг ила, ўзингга яқиндан егин!» дедилар. Шундан сўнг менинг емоғим худди ўшандоқ бўлиб қолди» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

4. Луқмани катта тишламаслик.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг олтита саҳобалари билан таом емоқда эдилар. Бир аъробий келиб, икки марта олиб ҳаммасини еб қўйди. Шунда У зот: «Аммо у тасмия айтганида ҳаммангизга етар эди», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

5. Ўнг қўл билан таомланиш.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирингиз ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади», дедилар» (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

6. Чап қўл билан таомланмаслик. 
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида чап қўли билан таом еди. Бас, У зот: «Ўнг қўлинг билан е!» дедилар. «Қодир эмасман», деди у. «Қодир бўлмагин! Уни кибрдан бошқа нарса манъ қилмади», дедилар У зот. Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди» (Муслим ривоят қилган).

7. Таомни айбламаслик.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон, ҳеч қандай таомни айбламадилар. Агар иштаҳалари тортса, ердилар. Кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар» (Термизий ривоят қилган).

8. Ёнбошлаган ҳолда таом емаслик.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ёнбошлаган ҳолимда емайман», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

9. Таомни ётиб емаслик.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки таомланишдан қайтардилар: хамр ичилаётган дастурхонда ўтиришдан ва юзтубан ётиб ейишдан» (Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган).

10. Тик туриб еб-ичмаслик.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар. Шунда: «Ейиш-чи?» дейилди. «У яна ҳам ашаддийроқ», дедилар» (Термизий ва Муслим ривоят қилган).

Таомланишнинг бундан бошқа ҳам одоблари кўп. Ўрни келганда улар ҳақида ҳам тўхталиб ўтамиз. Иншааллоҳ. 

Ромитан туман бош имом хатиби
Раҳимов Отабек

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram