Вафо ҳазратлари ва фарзанд тарбияси
11 январ 2018 й.
358 марта ўқилди.

Вафо ҳазратлари ва фарзанд тарбияси

 

        Истамбулда, Сулаймония билан Шаҳзодабоши орасида Вафо Ҳазратларининг турбати – қабри бор.

        Ўз замонасида буюк шуҳрат қозонган Вафо Ҳазратлари давлат одамларидан тортиб то оддий одамларгача меҳрибон эди.

        Бир кун сақо (сув сотувчи) келиб Вафо Ҳазратларининг ҳузурида тиз чўкиб ўтирди. Сув сотувчининг маҳзун ва ғамгин кўринишидан бир дарди борлиги билиниб турарди. Вафо Ҳазратлари сақодан сўради:

-        Болам, бирор ғам, дардинг борми?

-        Йўқ, афандим, қандай айтаман, -

деб жавоб берди сув сотувчи.

-Болам, гапиравер, уялма, дардингни айт, -деди Вафо Ҳазратлари.       

-Ҳазрат, сизнинг фарзандингиз менинг мешларимни тешди. Бугун олтинчи мешни чуволдиз (бигиз) билан тешди. Биласиз, фақир одамман, нима қилишни билмай қолдим, - деди сақо.

      - Хафа бўлма, болам! Мен бир чорасини топаман. Ҳозирча мана бу пулга меш сотиб ол. Мен ушбу хунук ишнинг сабабини билай, - деди Вафо Ҳазрат.

Сувчи баттар сиқилиб, бўйнини эгиб чиқиб кетди. Вафо Ҳазратлари мулоҳаза қилиб, ўйлаб ўйига етмайди, нега фарзанди бундай қилиб қўйди? Сўнг хотини чақирди ва :

        - Хотин,  кел, бир мулоҳаза бор. Бизнинг ўғлонимиз сув ташувчининг мешларини бигиз билан тешибди. Бу хунук иш нега содир бўлди? –деди.

      - Сиз олиб келасиз, биз еймиз. Ҳаром нарса олиб келинса, сиз олиб келасиз, барча гуноҳ, айб сиздадир, - деб жавоб берди аёл.

        Вафо Ҳазратлари хотининг феълини  билгани учун:  “Мен ўйлаб топа олмадим, хатоимни билмадим. Майли, сен ҳозир борда, яхшилаб ўйлаб кўр. Бу айб ё менда, ё сенда”  , деди.

        Хотин Вафо Ҳазратлари ёнидан чиқиб кетди, бир оздан сўнг қайтиб келди ва:

        - Ҳазрат! Менинг эсимга тушди, - деди ҳаяжонланиб. – Мен ўғлимизга ҳомила эканимда фалончи аёлларникига меҳмонга борган эдим. Ўшанда уларнинг уйида бир пўртахол (апельсин) кўрдим. Катта ёшдаги қария оналардан “агар ҳомиладор аёлни кўнгли бирор нарсани тусаса ва агар уни топиб кўрмаса, туғуладиган боласи бир ожизлик билан туғулади” деб эшитгандим. Мезбондан сўрашга тортиндим, айб ҳисобладим. Боламнинг бирор аъзосига путур етмасин, деб қўрқиб, уй эгаси аёлдан бир пиёла сув сўрадим. У сувга чиқиб кетганида ёқамдаги тўғноғични олиб хонтахта устидаги пўртахолга игнасини тиқиб яладим, - деди.

        - Офарин хотин! Мана ҳозир сенинг хатоинг маълум бўлди. Тез бориб ул аёлдан узр сўра, деди Вафо Ҳазратлари.

        - Вой, афандим, айб бўлмайдими, - эътироз билдирди хотини. - Унга нима дейман. Шу арзимас ишда нима бўларди?

        - Йўқ, хотин! Ул аёлдан бориб ҳалоллик тила! Эгамнинг олдида бировнинг ҳақини катта-кичиги бўлмайди. Биласанми, нима бўлди? Бизнинг фарзандимиз ҳозир олти ёшда. Ўша воқеадан бир неча йил ўтгач, сенинг тўғноғичинг ўғлинг  қўлида бигиз бўлди. У пўртахол эса сув сотувчининг меши бўлди. Сен қилган хунук иш давом этмоқда, - деб уқтирди Вафо Ҳазратлари.

Изоҳ ва ўгит

        Эй, Аллоҳ деган мусулмон! Яхшилаб диққат билан эшит. Бола ўстириш қандай қийин иш!

        Болаларининг турли ахлоқсизликларига бепарво, шуурсиз оталарнинг қулоқлари очилсин!

        Бизнинг ўғлимиз отасига “бобой”, “чол”, “пахан”, онасига “кампир”, “момой”, “мамашка” дейдиган хайрсиз авлод бўлди, деб эзиладилар, изтироб чекадилар. Нега ўғлимиз будай ўсди, деб эса сабабиди изламайдилар. Ўғлининг динсизлиги, қизининг бадфеъллигининг сабабини суриштирмайдилар. Нега? Чунки ундан оромлар йўқолади. Роҳатларидан айриладилар.

        Фарзандли бўлишлик, албатта бу улуғ неъмат. Аммо, фарзандни дунёга келтиргач,  унга таълим-тарбия беришлик, одоб-ахлоқли    қилишлик, фарзандни ҳалол, покиза ризқу-рўз билан таъминлашлик, ота-оналар зиммасига улкан масъулиятни юклайди. Яхши тарбиялаган фарзанд туфайли ота-онага дунёю-охиратда иззат ва шарафда бўлгани сингари, ёмон тарбия кўрган фарзанд туфайли эса ота-она дунёю-охиратда бахтиқаро бўлади. Аллоҳ таолнинг ўзи барчалримизни бундай шармандагарчиликдан асрасин!

 

 

 

Когон шаҳар “Шом” жомеъ масжиди

имом хатиби  Олим Иллиев    

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:05
Куёш: 06:54
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram