ТАРИҚАТНИНГ БУЮК ЕТТИ СИЙМОСИ
21 октябр 2020 й.
181 марта ўқилди.

 
ТАРИҚАТНИНГ БУЮК ЕТТИ СИЙМОСИ
 
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний 1103-йили Бухоро вилояти Ғиждувон шаҳрида таваллуд топганлар. Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний дастлабки таълимни устозлари Имом Садриддин қўлида оладилар. Кейинчалик тасаввуф ва тариқат одоблари, зикр сабоқларини Хожа Юсуф Ҳамадонийдан ўрганиб “ХОЖАГОН” тариқатининг беназир муршиди комилларидан бири бўладилар. Абдулхолиқ Ғиждувоний халқни ҳидоят сари бошлаб, бидъат ва хурофотлардан қайтариб, Аллоҳнинг каломи Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишга чақирганлар. Ғиждувоний тариқатининг услуби хуфя зикр бўлиб, кўнгил зикридан иборат бўлган. Зикрнинг моҳияти Аллоҳ таолонинг номини ёд этишдир. Буюк мутасаввиф Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний улкан илмий-маънавий мерос қолдирганлар. Ғиждувоний бир қанча асарлар ёзган бўлса ҳам бизгача “Рисолаи тариқат”, “Рисолаи соҳибия”, “Васиятнома”, асарлари етиб келган. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний 1179 -йилда вафот этадилар.
Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий 1132-йили Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани Ревгар қишлоғида таваллуд топганлар. Умрларининг асосий қисмини шу қишлоқда ўтказиб, доимо деҳқончилик билан шуғулланганлар. Ҳазрат Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий ҳақида Абдураҳмон Жомийнинг “Нафоҳатул -унс”, Алишер Навоийнинг “Насоимул-муҳаббат”, Тоҳир Эшоннинг “Тазкирайи нақшбандия” ва бошқа асарларда маълумотлар келтирилган. Хожа Ориф Ревгарий “Орифнома” асарларида айтиладики: “Авлиёлик аломатлари учтадир: биринчиси, баланд даражани эгаллаганда ҳам камтар бўлмоқ, иккинчиси, қудрати, сабр-у тоқати етгунча парҳезкорлик қилмоқ. Учинчиси, то кучи етгунча инсоф қилмоқдур”. Хожа Ориф Ревгарий юз йилдан зиёд умр кўриб 1234-йилда вафот этадилар. 
Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий 1210-йили Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Фағна қишлоғида таваллуд топганлар. Бу қишлоқнинг ҳозирги номи Анжирбоғдир. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийнинг касблари гилкор (лой-сувоқ ишлари билан шуғулланувчи) бўлган. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий тариқат илмини ҳазрати Хожа Ориф Ревгарийдан ўрганиб, тақво ва зуҳдда хаммага ибрат бўлганлар. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳикматли  сўзларида айтадиларки: “Барча хайрли ишларнинг калити огоҳлик, поклик, кўнгли бедорлик ва ҳақдан хабардорликдир”. “Аллоҳнинг зикри кишини ғийбатдан, ҳаром луқмадан ва қалбни шубҳадан асрайди”. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий 1286-йилда вафот этадилар.                      
Хожа Али Ромитаний 1191-йилда Бухоро вилоятининг Ромитан тумани Қўрғон қишлоғида туғилганлар. Хожа Али Ромитаний “Хўжаи Азизон” номи билан машҳур бўлганлар. Хожа Али Ромитаний ўз қўллари билан меҳнат қилиб, мато тўқиш билан шуғулланганлар. Хожа Али Ромитаний тариқат илмини Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийдан олиб зоҳирда халқ билан, ботинда Хақ (Аллоҳ) билан бўлганлар. Хожа Али Ромитанийнинг “Рисолаи Азизон”, асарлари бўлиб унда ўнта шартларни баён қилганлар. Хожа Али Ромитаний ҳикматли сўзларида айтадиларки: “Икки нарсага эҳтиёт бўл: овқатланаётганда ва сўзлашаётганда. Биродаринг ҳаққига бегуноҳ тил билан дуо қил, рад бўлмайди”. Хожа Али Ромитаний 1321-йилда вафот этадилар.  
Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий 1259-йили Бухоро вилоятининг Ромитан тумани Самос қишлоғида туғилганлар. Ҳазрат Муҳаммад Бобойи Самосий деҳқончилик билан шуғулланиб унинг ортидан ҳаёт кечирганлар. Ҳазрат Муҳаммад Бобойи Самосий Хожа Али Ромитаний ҳазратларига умрларининг охиригача ихлос билан хизмат қилиб илмларидан баҳра топганлар. Ҳазрат Муҳаммад Бобойи Самосий ҳузурларига янги туғилган Баҳоуддин Нақшбандни оталари олиб келганларида, у кишининг ҳақларига дуо қилиб: “Бу бизнинг фарзандимиздир. Буни маънавий фарзандликка қабул айладик ва тариқатимиз келажаги бўладиган шахс, инша Аллоҳ, шудир. Бу қишлоқ бундан сўнг Қасри Орифон бўлажак. Эй Амир Кулол! Бу йўргак ичидаги ўғлим Баҳоуддинни сенга ҳавола этаман. Бунинг зоҳир ва ботин тарбиясида ҳеч камчиликка йўл қўймагин!”-деганлар. Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий 1354-йилда вафот этганлар.   
Саййид Амир Кулол 1281-йили Бухоро вилоятининг Когон тумани Сухор қишлоғида дунёга келганлар. Саййид Амир Кулолга тариқат илмидан сабоқ берган хожагон силсиласи пири Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий бўладилар. Саййид Амир Кулол ҳам ўз пирлари каби бир касбнинг этагини тутиб, ўз меҳнати орқали тирикчилик қилишни афзал билганлар. Манбаларда кулолчилик билан шуғулланганликлари, шу сабабдан ҳам “кулол” тахаллусини олганлиги тўғрисида гувоҳлик беришади. 
«Мақомоти Амир Кулол» асарида Соҳибқирон Амир Темур Саййид Амир Кулолнинг ҳузурларига келиб, ҳаққига хайрли дуо сўраганлари келтирилган. «Матлаб ут-толибин» асарида Саййид Амир Кулол Амир Темурни тақво ва адолатни ўз ҳаётининг мақсадига айлантиришга чақирганлари келтирилган. Кейинчалик унинг “Куч – адолатдадир!” деб жаранглаган шиори ана шу йўсинда вужудга келганди. Бу чақириқнинг асоси Ҳазрат Сайид Амир Кулолнинг маслаҳати ва насиҳатларидан келиб чиққанди. Саййид Амир Кулолнинг Амир Бурҳон, Амир Шоҳ, Амир Ҳамза ва Амир Умар номли тўрт ўғли илм аҳлидан бўлиб, уларнинг барчаси отасининг йўлини давом эттиришган. Саййид Амир Кулол 1370-йилда вафот этадилар.
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд 1318-йили Бухоро вилоятининг Когон тумани Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилганлар. Кейинчалик қишлоқнинг номи Қасри Орифонга айланади. Халқ орасида Баҳоуддин, Хожа Баҳоуддин, Хўжайи Бузрук, Шоҳи Нақшбанд номлари билан ҳам машҳур. Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг асл исми Муҳаммад. Манбаларда у кишининг отаси ҳам, бобоси ҳам Муҳаммад исмида бўлгани қайд этилади. Ёшлигида отаси билан бирга кимхобга нақш солиш ҳунари билан машғул бўлгани учун Нақшбанд тахаллуси билан машҳур бўлган. “Баҳоуддин” сўзи “Диннинг нури” деган маънони англатади. Бу Хожа Нақшбандга кейинчалик берилган фахрли унвон. Баҳоуддин Нақшбанд умри давомида бир неча буюк уламоларнинг тарбиясини олганлар. Нақшбандия тариқатининг бутун моҳиятини унинг бош шиори бўлмиш: “Дилба ёр-у, дастба кор” ҳикмати ҳамда яна ўн бир қоида белгилаб беради. Бу қоидалар “рашҳалар”, яъни “томчилар” деб юритилган. Рашҳалар Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд тарафларидан асосланган. Нақшбандия тариқатининг асосчиси Хожа Баҳоуддин Нақшбанд 1389- йилда 71 ёшида вафот этадилар.  

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили,

Бухоро вилоят бош имом-хатиби Жобир Элов 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:46
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram