«ТАРИҚАТ ОДОБИ» ҲИКМАТЛАРИ
03 январ 2018 й.
411 марта ўқилди.


 

 

«ТАРИҚАТ ОДОБИ» ҲИКМАТЛАРИ

Садриддин Салим Бухорий.

Давоми. Боши ўтган сонда.

 

Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний ёзадилар: «Суннати санияни маҳкам тут, салафи солиҳин, тақволи имомлар йўлларига эргаш. Бидъат аҳлидан йироқ бўл, зеро ҳар қандай бидъат гуноҳдир».

Тариқат аҳлининг вазифалари суннатга амал этмоқ, пайғамбар (с.а.в.) суннатларини ҳаётга жорий қилмоқ ҳисобланади. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд дейдилар: «Бизнинг тариқимиз (йўлимиз) урватул вусқо (мустаҳкам тутқич)дир, яъни Муҳаммад (с.а.в.) суннатларини маҳкам тутмоқдир. Ҳамда улуғ саҳобалар изларидан юришдир».

Тақволи имомлар аҳли суннат ва жамоатга мансуб, Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Ҳанбал, Имом Шофеий, шунингдек ақоидимиз асосчиси Имом Мотуридий ҳисобланадилар. Ҳар бир мўъмин шуларнинг йўлидан юрса асло адашмайди.

Маълумки, Ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.) умматларини хурофот ва бидъатлардан қайтарганлар. Чунки ҳар қандай бидъат ва хурофот инсонни тўғри йўлдан адаштиради ва диндан чиқариши мумкин.

Пайғамбар (с.а.в.) «Динда янги пайдо бўлган нарсадан четланинглар, ҳар бир янги пайдо қилинган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолатдир» деб марҳамат қилганлар. «Бидъат» сўзининг шаръий маъноси динда бўлмаган нарсани динга қўшишдир. Динга янгилик киритиш ҳаром. Чунки Аллоҳ таоло «Моида» сурасининг 3-оятида: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим. Неъматимни бенуқсон тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» дейди.

Диндаги бидъат икки хил бўлади: 1. Эътиқодга тааллуқли бўлган бидъатлар: Мўътазилий, рафовизий, жуҳаймия ва хизбут-таҳрир тоифаларининг аҳли суннат вал жамоат эътиқодига қўшган фикрлари эътиқодий бидъатдур. 2. Аллоҳ ва унинг Расули (с.а.в.) кўрсатмаган бир иш ё одатни ибодат сифатида динга киритиш кабилар амалиётдаги бидъатлардир («Ҳидоят», 2001 йил, 3-сон, 9-бет).

Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний ёзадилар: «Балоғатга етмаган болалар, хотин-қизлар, бидъат аҳли, авомуннос (бесавод)лар билан асло ҳамсуҳбат бўлма. Тариқатсиз (ғофил, йўлсиз, адашган) кишиларни тарк эт, арслондан қочган каби улардан йироқлаш».

А.Ғиждувонийнинг ушбу насиҳатларида муриднинг кимларнинг суҳбатидан йироқ бўлиши уқтирилган. Агар одам арслонни кўрганда ундан қочмаса, ўзини ундан муҳофаза қилмаса, албатта ҳалокатга маҳкум бўлади. Арслон унинг вужудини парча-парча қилиб ташлайди. Худди шу каби тариқат мақомлари, арконларини эгалламоқчи бўлган мурид дину диёнатини соғ-саломат сақламоқчи бўлган солик вояга етмаган болалар, хотин-қизлар, бидъат аҳли, шунингдек, авомуннос, яъни илмсиз, жоҳил, нодон кишилар суҳбатидан қочиши керак. Улар тавба шарафига етмаган, бир муршиди комилга инобат қилмаган тариқатсиз кишилардир. Тариқатсиз дегани тўғри йўлни топа олмаган одам маъносини билдиради. Ҳазрат Абдулхолиқ таъкидлаб айтаяптиларки, сен тариқатсиз одамнинг суҳбатидан қоч! Чунки тариқатсиз одам дунёнинг ҳою ҳавасига алданган. У ҳавойи нафс яхшиликларнинг душмани, ёмонликларнинг калити эканлигини англаб етмайди. У дунёдан нолийди. Дунё уни қониқтирмайди. Тариқатсиз одам дунё орзу ҳавасларига боғланган бўлади. Аллоҳ айтади: «Эй одам фарзанди, келиб турган ризқингга қаноат қилмасанг, дилингга орзу ҳавасларни солиб қўяман, улар ҳеч тугамайди ва сен улардан абадий қутула олмайсан». (Ҳадиси қудсий). Тариқатсиз одам Аллоҳ ризолиги йўлида қадам ташламайди. Дунё ва уқбо ҳикматларини тушунмайди. Бу дунё, яхши ёмон кунлар у учун бир имтиҳон, синов эканлигини билмайди. У диннинг зоҳирини кўради, ботинидан эса бехабар. Унинг суҳбати қалбни занглатади. Шу боис бундай кишилар суҳбати ҳар қандай одамни чалғитиши, тўғри йўлдан адаштириши, Аллоҳдан узоқлаштириши мумкин. Ундайлардан, дарҳақиқат, арслондан қочгандек қочиш шарт.

Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний ёзадилар: «Агар қалбинг суҳбат истаса, фақирлар, дил шикаста (кўнгли синиқ), аҳлуллоҳлар билан ҳамсуҳбат бўл».

Номдор бўлмоқчи бўлсанг, асло номдор бўлма. Бирор кишига хизмат буюрма. Ўз юкингни ўзинг кўтар. Ўзингни ҳамиша, ҳамма жойда хоксор тут. Ўзингни ҳаммадан паст билки, бу жуда муҳим хислатдир. Аллоҳнинг ҳамма махлуқотлари – катта-кичикка марҳамат, шафқат назари ила қара. Уларни асло ҳақир билма. Ҳазрат Абдулхолиқ «Номдор бўлмоқчи бўлсанг номдор бўлма!» деяптилар. Ажабо? Ҳазрати пир Авлиёи Кабирни номдорликдан қайтаряптиларми ёки номдорликка даъват қиляптиларми? Ҳазрат Ғиждувоний бу жумладан муридларига ишорат қилиб билдиряптиларки, Аллоҳ таоло ҳузурида ном чиқармоқчи бўлсанг, Аллоҳга манзур бўлмоқчи бўлсанг, бу дунёда гумном бўл, камтар бўл. Ҳар бир этадиган амалингни хуфиёна эт. Шуҳратдан қоч. Чунки шуҳрат офатдир (Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд). Қиёматда номдор бўламан десанг, бу дунёда номдор бўлма, шуҳратпарастлик этма. Ҳар бир этадиган ишинг, хоҳ намоз, хоҳ рўза, хоҳ садақа, хоҳ зикр холисанлиллоҳ бўлсин. Хўжамкўрсинга этилган амал, бу номдорлик учун қилинган амалдир. У бошдан оёқ риё. Риёкорларни охиратда бадномлик кутмоқда.

Бировларга хизмат буюрмоқ, одамларга оғир юк бўлмоқ, кибрдан, шуҳратпарастликдан нишонадир. Кибр, шуҳратпарастлик эса тариқат аҳли учун хос бўлмаган иш. Ҳар бир одам ўз юкини ўзи кўтариши керак. Аллоҳ таоло унга қўл-оёқ, ақл берибди, демак, ҳалол ризқини ўзи топиши шарт.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг уйларига меҳмон келса, Ҳазрати пир ҳам меҳмонга, ҳам унинг уловига ўзлари хизмат қилган. Ҳазрат Баҳоуддинга, «Уйингизга нега қул ёхуд хизматкор сақламайсиз?» деганларга, ул зоти шариф: «Қулга қул сақламоқ жоиз эмас», дерканлар. Яъни бизнинг ўзимиз Аллоҳ таолонинг қуллари бўлсак, яна уйда қул сақлаймизми?

Шайхлар бировларнинг юкини кўтарган, лекин ўзлари ҳеч қачон бировларга юк бўлмаган.

Тариқат аҳлининг энг нек фазилатларидан яна бири шуки, улар ҳамиша камтарин, хоксор бўлганлар. Улар ҳеч бир махлуққа ҳақорат кўзи билан қарамаган. Ҳазрат Абдулхолиқ шайхлардаги шу нек хислатларни Ҳазрат Авлиёи Кабирга сингдирмоқчи бўляптилар.

Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний ёзадилар: «Ҳалол луқма ейишни одат қил. Шубҳали луқмадан имкон қадар ўзингни йироқ тут. Билки, ҳалол луқма барча хайрли, савоб амал, некликларнинг калитидир. Агар ибодат лаззатини, ҳаловатини туяман десанг, доимо ҳалол луқма егил. Ҳаромдан қоч! Шундай қилсанг қиёматда ўтга куймагайсен. Аллоҳнинг қаҳридан қўрқгилки, бир кунмас бир кун ҳисоб китоб учун унинг ҳузурига ҳозир бўлғайсен».

Инсон авлиёлик даражасига ҳалол луқма орқали етишади. А.Ғиждувоний ушбу ҳикматли сўзларида тариқат аҳлига хос бўлган яна бир муҳим фазилат ҳалол луқма ейишни Авлиёи Кабирга насиҳат қилаяптилар. Имом Ғаззолий ҳазратлари «Мукошафатул-қулуб» китобларида келтирганлар: «Ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар «Эй, Саъд! Ҳалолдан топиб е, дуоси мақбул бўладиганлардан бўласан. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, бандаси қорнига бир луқма ҳаромни ютган чоғидан бошлаб қирқ кун дуоси қабул бўлмайди. Қай кишининг вужуди ҳаром луқмадан бунёд бўлган бўлса, у вужуд жаҳаннам оташида ёнмоққа лойиқдур». (Абу Ҳомид Ғаззолий. «Мукошафатул-қулуб». Т. «Адолат». 2002  й. 337-бет).

«Мақомоти Сайид Мир Кулол»да қуйидаги ибратли ҳикматлар бор: Ҳазрат Мир Кулол дедилар: «Ва билингки луқмаи ҳалол дилни ва тилни пок этади... Расулуллоҳ (с.а.в.) дедидарки, кимеки қирқ кун ҳалол луқма еса, Аллоҳ таоло ул зотнинг дили ва тилида илм ва маърифат чашмаларини очади ва кўнглини равшан қилади». («Дурдона». Т .»Шарқ» Концерн. 1993 йил).

Аллоҳ дейди: «Эй одам фарзанди, агар сенга ажратиб қўйилган ризққа қаноат қилсанг, ризқинг ўзи келади ва мендан ҳам мақтов оласан. Бордию бу тақсимга қаноат қилмасанг дунёни сенинг устингга султон ва сени унга хизматкор қилиб қўяман. Дунё учун чўлдаги ваҳший ҳайвонлар каби югурасен, аммо сенга тақсимлаб қўйган ризқимдан ортиғи келмайди ва ўзинг хам менинг олдимда хижолат бўлиб қоласан» («Ҳадиси қудсий» Т. 1992 йил, 5-бет).

Кунда бир марта емоқ сиддиқлар иши, икки марта емоқ мўъминлар ишидир. Уч марта емоқ улуфи хорликдир, ҳайвонлар ишидир (Ҳазрат Шайх Саҳл бин Абдуллоҳ ат-Тустарий).

Кўриниб турибтики, ҳалол луқмада ҳикмат бисёр экан. Ҳаром луқмада, очофатликда касофат бисёр экан. Шу боис Ҳазрат Ғиждувоний тариқат йўлига қадам қўйган муридларнинг эътиборини ҳалол луқмага қаратмоқдалар.

Нақл этилишича, бир кун Ҳазрат Хизр (а.с.) Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийга меҳмон бўлдилар. Лекин Хизр (а.с.) дастурхондаги нонни тановул қилмадилар. «Хамир қорган киши бетаҳорат бўлган, шу боис ушбу нонни истеъмол қилмаймиз!» – дедилар.

Маълум бўляптики, валийлар таҳорат олиб, «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим»ни айтиб ўз қўллари билан уруғни эккан, парвариш қилган, ўзлари ўрган, қорган, пиширган ва еган.

Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний ёзадилар: «Эй фарзанд! Кечаю кундуз бисёр ибодат айла. Айниқса фарз намозларини жамоат билан ўқишга амал эт. Ҳамиша жамоат билан бирга бўл! Лекин имомлик, муаззинлик мансабларини тамаъ этма. Қозилик, муфтилик мансабларига толибу даъвогар бўлма. Умуман мансаб эгаллашни, раҳнамо бўлишни асло истамаки, мансабпарастлар тариқат аҳли бўла билмас. Улар тариқатга нолойиқ. Ҳужжатларда номингни ёзма, қозихоналарга борма. Амирлар ва сарой аҳли эшигига борма. Ва улардан мадад кутма. Ҳеч бир кишидан, ҳеч бир нарса истама. Барча махлуқлардан умид ва таъмаингни уз. Фақат Аллоҳ таолодан сўра ва унгагина таваккал қил!»

Дарвоқе, Аллоҳ таоло бандаларни нима учун яратди? Инсонга Аллоҳ ерни берди, Қуёш нурини берди, кучу қувват, ақлу фаросат берди. Мақсад не эди? Ж.Румий ҳазратлари ёзадилар:

 

Зиндаги омад баройи бандаги,

Зиндаги бебандаги шармандаги.

 

Яъни, Аллоҳ таоло инсонга ҳаёт берди, бандалик қилмоқлари учун, ҳаётини, умрини Аллоҳга бандалик қилмай ўтказиш, бу шармандаликдур. Бандалик не? Бандалик ибодат этмоқ. Ибодат – намоз, зикр, рўза, закот, ҳаж, ҳалол меҳнат. Ибодатни бисёр этган киши Аллоҳ раҳматига сазовор бўлади. Чунки Аллоҳ таоло одамни бузғунчилик учун, кибру ҳаво учун, фақат еб ичмоқ учун, исён учун яратмади. Балки уни ибодат учун яратди.

Маълумки, тариқат пирлари кунда ўқиладиган беш вақт намоздан ташқари нафл намозларини ҳам ўқиганлар, Рамазон рўзасидан ташқари нафл рўзасини тутганлар. Хуллас, шайхлар ҳар бир нафасни ибодатсиз, зикрсиз ўтказмайди.

Шуни ҳам унутмаслигимиз жоизки, Ҳазрат пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг умматлари етмиш уч фирқа (гуруҳ)га бўлинган. Шулардан етмиш икки фирқаси залолатда қолиб, ҳалок бўлгай. Фақат аҳли суннат вал жамоат мазҳаби саломатда қолиб, нажот топгандир. Шу боис Ҳазрат Абдулхолиқ ўз шогирдларига ҳамиша аҳли суннат вал жамоат билан бирга бўлишни, жамоат билан бирга ибодат қилишни таъкидлаяптилар.

Лекин нега Ҳазрат ўз муридларини имомлик, қозилик, муфтилик, ҳатто муаззинликдан қайтаряптилар? Ваҳоланки, киши бу мансабларни эгаллаб, дин йўлида хизмат этса, кўп савоблар олиши мумкин-ку! Ҳазрат ўз шогирдларини умуман мансабпарастликдан қайтаряптилар. Чунки:

 

Ичинг бирлан ташинг эрмас мувофиқ.

Тариқатдан дам урма, эй мунофиқ!

(Саид Қосимий).

 

Ичи билан ташқи олами бир бўлган одамгина сўфий бўла олади. Мансаб ширинлик қилиб, ботин билан зоҳир ўзгарса, тариқат барбод бўлур. Лаганбардорлик, иккиюзламчилик, ёлғон гапириш мансаб пиллапояларига кўтарилишнинг воситаларидир. Мансаб тобеълик, бандага тобеълик. Тариқат аҳли эса Аллох таологагина тобеъ. Тариқат аҳли ҳам ботинан, ҳам зоҳиран ҳур одамлардир.

Одамлар эшигига тамаъ билан бориш энг қабиҳ, энг паст иллат ҳисобланади. Шу сабаб Ҳазрат шогирларига шоҳу бойлардан, умуман, барча махлуқлардан тамаъни узиб, ёлғиз Аллоҳ таолодан сўрашни тавсия қиляптилар. Тамаъ – инсонни хор қилади. Тамаъ – инсонни мутеъ, баднафс, инсофсиз, очкўз этади. Барча махлуқлардан тамаъни узиб, фақат Аллоҳ таолога таваккал қилган солик ушбу иллатлардан буткул қутилади. Зеро ёмон иллатлардан қутулгандан кейин «солик учун важд (завқу шавқ, ҳаяжон) бошланур, ул – кашфнинг муқаддимаси ва кашф – маърифатнинг муқаддимасидур. Ва шундан сўнг унга ғайб эҳсони муяссар бўлгай! Солик кўз ўнгидан пардалар кўтарилган заҳоти унинг мушоҳадаси кўзгуга айланур!» («Орифнома», 6-бет).

Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний ёзадилар: «Эй фарзанд! Саёҳат эт, чунки саёҳат нафсни хор этгай. Шайхларнинг хизматида ҳамиша камарбаста бўл. Лекин хонақоҳ қурма, хонақоҳда сокин бўлма. Хилватни, узлатни ихтиёр эт.

Биров сени мақтаса андин хурсанд, ёхуд ёмонласа андин хафа бўлма. Мақтову ёмонлашларга бир хил қара. Зеро аларнинг мақтовидан сенга ҳеч бир манфаат ёки аларнинг ёмонлашларидан сенга ҳеч бир зарар йўқдур.

Қаҳ-қаҳ уриб кулма. Кулмоқ ғафлатдандир ва бисёр кулги қалбни ўлдирур. Муҳаммад (с.а.в.) Ҳадиси муборакларида марҳамат қилганлар: «Қиёматнинг азоби ва қўрқинчлари ҳақида мен биладиган нарсалардан воқиф бўлганларингизда эди, оз кулиб, кўп йиғлардингиз!»

Шайтон лаъин макридан ҳушёр бўл. Аллоҳ таоло азобидан қутулганман, деб ўйлама, айни пайтда Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўл. Доимо хавфу ражо орасида умр ўтказ.»

Ҳазрат Абдулхолиқ нега хонақоҳ қурмоқни манъ қиляптилар? Ахир шайхлар хонақоҳ қуриб, унда зикр маросимларини ўтказган-ку, хонақоҳларда дарвишлар, мусофирлар, толиби илмлар, муридлар яшаган-ку! Ҳамма нозиклик шундаки, Ҳазрат ҳали камолот даражасига етмаган ёш муридларига хонақоҳ қурмасликни тавсия этаяптилар. Бу билан Ҳазрат Авлиёи Кабирни хонақоҳ қуриб, кибрга берилмасликдан огоҳ қиляптилар. Хонақоҳда сокин бўлиб, шайхлик даъвосини қилган муридни Шайтон йўлдан оздириши ва у манманликка берилиши мумкин. Комиллик даражасига етгандан сўнггина солик хонақоҳ қурса бўлади.

Ҳазрат хилватни, узлатни тавсия этаяптилар. Чунки хилват тафаккур, мушоҳада, муроқаба учун имконият. Хилват руҳий покланиш, гуноҳларни эслаш, тавба қилиш майдони. Хилват ёлғиз Аллоҳ таоло билан бўлиш жойи. Мурид учун ибтидода хилват зарур. Ахир Ҳазрат пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам то ваҳий келгунича Ҳиро тоғидаги ғорга бориб хилватда ўтирганлар. Шунинг учун Ҳазрат Ғиждувоний муридларига хилватни тавсия этгандилар. Мурид ҳар томонлама вояга етганидан сўнг унга «хилват дар анжуман» тавсия қилинади.

Ҳазрат Абдулхолиқ инсонларнинг мақтов ёхуд ёмонлашларига беэътибор бўлиш кераклигини уқтиряптилар. Ҳақиқатда ҳам бутун оламдаги махлуқотлар одамни мақтаса-ю, Аллоҳ таоло ёмон кўрса, унга бу мақтовлардан заррача наф йўқ. Ёхуд бутун олам инсонлари бадном қилганни Аллоҳ мақтаса, одамларнинг ёмонлашидан унга ҳеч бир зарар йўқ. Аллоҳнинг мақтовидан унга фойда. Шунинг учун мурид доимо Аллоҳнинг мақтовига лойиқ иш этиши лозим. Одамларнинг мақтови-ю ёмонлашига қараб иш юритадиган мурид риёкор бўлади, чалғийди.

Ҳазрат кўп кулмоқни таъқиқлаяптилар. Ва пайғамбар (с.а.в.) ҳадисларини эслаяптилар: «Бисёр кулги қалбни ўлдирур!» Шайтон алайҳи лаъна одамни кулдиради. У шайтон лаъин макридан ҳушёр бўлмаса, йўлдан озиши, Аллоҳ наздида осий, русиё бўлиши мумкин. «Кимнинг кулгуси кўп бўлса, дейдилар Умар (р.а.) ҳайбати камаяди, ким кўп ҳазиллашса енгил табиат кўринади. Шу боис банда доимо Аллоҳ таоло ғазабидан қўрқсин.» Сайид Мир Кулол дейдилар: «Сиз бир боққа кирсангиз, у ерда беҳисоб дарахтлар бўй чўзиб турибти, ҳар бир дарахтнинг беҳисоб шохлари ва ҳар бир шохнинг беадад барглари бор ва ҳар битта баргда биттадан қуш қўниб янгроқ овоз билан сизга: «Ассалому алайкум эй валиюллоҳ!» дейишса, бу қанчалик ёқимли бўлмасин, сиз зинҳор базинҳор бундан мағрур бўлманг, шу заҳотиёқ ҳам ботин, ҳам зоҳирингизда Аллоҳ таолодан қўрқув жой олсин. Гоҳо банда Аллоҳ таолодан шу қадар қўрқсинки, дўзах фақат мен учун бино қилинган, деган фикр унинг қалбида бўлсин. Ва гоҳо Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, шодлансин, зеро Худонинг наздида бутун олам гуноҳини мағфират қилиш душвор эрмас.

 

Байт:

 

Мурғи иймонро ду пар: хавфу ражост,

Мурғи бепарро бипаррондан хатост.

 

Таржимаси:

 

Иймон қушида икки қанот бўлади, хуллас,

Бири хавф, бири ражо, қанотсиз қуш учолмас.

 

Дарҳақиқат иймон қушида икки қанот бор: Бири хавф (Аллоҳ ғазабидан қўрқиш), иккинчиси ражо (Аллоҳ раҳматидан умидвор бўлиш). Қанотсиз қушни учириб бўлмас («Дурдона», 17-бет).

Кўриниб турибтики, инсон сўнгги нафасигача хавфу ражо орасида яшаши керак экан.

Ҳазрат Абдулхолиқ ёзадилар: «Эй фарзанд! Ота-онанг, шайхинг хизматини бажо айла, уларнинг дуосини ол. Шайхларингга тану жонинг ила хизмат эт, уларнинг кўнглини топ. Шунда Ҳақ таоло сени ҳифзу ҳимоясида асрагай. Унутмаки, шайх муридга ота мақомидадир, балки отадан ҳам яқинроқ мушфиқу меҳрибонроқдир. Чунки шайх муридни Аллоҳга яқинлаштиргай ва абадий саодатга мушарраф этгай. Шайхнинг таъзири шафқатдур».

Маълумки, тариқат муршидсиз ҳосил бўлмас. Муршид, шайх –  йўл бошловчи, йўл кўрсатувчи. Инсон учун ота-онадан кўра азизроқ, яқинроқ зот йўқ. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло ота-она ҳурматини жойига қўйиш кераклигини такрор-такрор уқтирган. Лекин, шайх (устод)нинг мақоми ҳам юксак. Чунки шайх бизни Аллоҳ таолога яқин этади. Ҳазрат Имом Аъзам айтадилар: «Устодим Ҳаммод разияллоҳу анҳуни шунга ўхшаш ҳамма устодларимни дуо қилиб истиғфор қиламан. Устодим Ҳаммод уйлари тарафига оёқ узатганим йўқдур. Ҳолбуки, устодим ҳазратларининг уйлари мени уйимдан етти кўча нари эрди». (Васлий Самарқандий «Ал-каломул афхам фий маноқибил Имомил Аъзам». Т. 1991. 43-бет).

Лекин шуни ҳам таъкидлаш жоизки, тариқатга кирмоқчи бўлганлар шайх танлашда ғоят эҳтиёт бўлишлари керак. Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо ал-Жазарий «Тасаввуф сирлари» китобларида (Тошкент, «Мовароуннаҳр» 1999 й.) эргашишга лойиқ муршиди комил, шайхнинг аломатларини қуйидагича билдирганлар:

1.    Барча зарурий диний илмлардан воқиф бўлади.

2.    Эътиқодда, амалда ва ахлоқда исломий мезонларга содиқ бўлади.

3.    Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларига маҳкам боғланган бўлади.

4.    Дунёга ва дунё молига фикрини чалғитмайди.

5.    Ҳеч вақт нафсининг камолот даражасига етганига ишонч ҳосил қилмайди. Сабаби, бу туйғу ҳам дунё севгисидан бир парчадир.

6.    Комил бир муршиднинг суҳбатидан маълум вақтгача баҳраманд бўлган ва бир орифнинг тарбиясини олган бўлиши керакки, моддий ва маънавий жиҳатдан тўқ бўлсин.

7.    Замондошлари бўлмиш инсофли шайх ва олимлар ҳақида яхши фикрда бўлсин.

8.    Халқ орасидан кўпгина ақлли ва диндор, таҳсил кўрган кишилар унга рағбат кўрсатишади.

9.    Иршод истаганларни ўқитиб, тарбиялар экан, шафқатли бўлади.

10.  Муридларининг аҳволини тушуниш учун зийрак ва кучли фаросат эгаси бўлади.

11.  Унинг суҳбатида ўтирганлар қалбларида дунё севгисининг камайганлиги ва Аллоҳга бўлган севгининг кўпайганлигини ҳис қилишади.

12.  Муридларга ўз нафсида тадбиқ этмаган амр, суннат ва макруҳотлар ҳақида гапирмайди, акс ҳолда сўзининг таъсири қолмайди.

13.  Гаплари ҳою ҳавасдан, ҳазил ва сафсатадан холи бўлади.

14.  Ҳаддан зиёд таъзим этилишини кутмайди, атрофдагиларга уларнинг кучи етмайдиган оғир таклифлар қилмайди.

15.  Зериктирадиган даражада амал юкламайди.

16.  Мурид билан кўп апоқ-чапоқ бўлмаган каби, ундан унчалик узоқ ҳам бўлмайди.

17.  Муридлар билан бирга ўтирганда, сукут ва виқор билан ўтиради, уларга ортиқча илтифот кўрсатмайди.

18.  Муридларидан бири уйига таклиф этса, қабул қилади ва у ерга борганда иззат ва иффатни қўлдан бермайди.

19.  Муридларидан бирортаси узоқ вақт кўринмай кетса, унинг аҳволини сўраб суриштиради, агар касал бўлиб қолган бўлса, унга ёрдам қўлини чўзиши, уни зиёрат қилиши, зарур эҳтиёжи бўлса, албатта қондириши ёхуд жамоа билан бирга унинг ҳаққига дуо қилиши керак. Бир сўз билан айтганда, Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаи киромларига қандай муносабатда бўлган бўлсалар муршид ҳам муридларига айнан ана шундай муносабатда бўлиши керак (18-19- бетлар).

Мана шундай сифат ва хислатларга эга бўлган шайхгагина сидқидилдан хизмат этиш, инобат этиш мумкин.

Ҳазрат Абдулхолиқ ёзадилар: «Эй, фарзанд! Агар иложинг бўлса уйланмасдан тур. Чунки уйландингки, дунё талабида бўлиб, динингни барбод этишинг мумкин. Нафсинг васваса қилса, рўза тут. Чунки рўза инсонни қўриқлайдиган қалқондир. Доимо охират ғамида бўл. Ҳамиша ўлимни эсла! Сайру сулукка ғайрат кўрсат, нафсингни тий, пок бўл!»

Ажабо? Нега Ҳазрат Абдулхолиқ уйланмасликка даъват қиляптилар? Ахир бу суннатга зид-ку! Ҳазрат Абдулхолиқ Ҳазрат пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: «Исломда роҳиблик йўқ» ҳадисларидан бехабарми? Энг қизиғи шундаки, манбаларда ёзилишича, Ҳазрат Авлиёи Кабир уйланганлар ва биз бошда таъкидлаганимиздек у кишининг Ҳазрат Хожа Ғариб номли ўғиллари ҳам бўлган. Хожа Ғариб ўз замонасининг авлиёси, улуғ алломаси эди. Хўш, нега Ҳазрат Абдулхолиқ уйланма, деб айтяптилар? Нега Ҳазрат Авлиёи Кабир устодлари тавсиясига қарши бориб уйландилар?! Бунинг ҳикмати не? Масалага юзаки қарайдиган бўлсак, шогирд устодга қарши борган деган фикрга келамиз. Лекин моҳиятга чуқурроқ эътибор берсак масъала ойдинлашади.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ҳазрат Абдулхолиқ ҳадис илмининг билимдони бўлганлар. Табиийки у киши Ҳазрат Расулуллоҳнинг «Исломда роҳиблик йўқ» ҳадисини билганлар. Ҳазрат суннатга зид тавсия берганлар демоқ хатодир. Ахир у кишининг ҳар қадами, ҳар бир амали, қолаверса, ҳар бир нафаси суннатга мувофиқ бўлганига шак-шубҳа йўқ. Ҳамма гап шундаки, Ҳазрат Абдулхолиқ ўспирин, жисмонан вояга етган, лекин ҳали маънавий жиҳатдан ғўр, тариқатга энди қадам қўйган, ҳали нафсини тўлиқ енголмаган, Авлиёи Кабирга умуман уйланма деб айтганлари йўқ. То маънавий етук, бўлмагунингча, то нафсингни енгиб ўзингга тобеъ қилмагунингча уйланмай тур! деяптилар, холос. Маънавий ғўр мурид уйланса, албатта дунё талаби унда устун бўлади ва комиллик даражасига кўтарила олмайди. Натижада унинг тариқати барбод бўлади.

Ҳазрат Имоми Аъзам Абу Ханифа (699-767)нинг етук шогирдлари Абу Юсуфга берган насиҳатларига диққат қилсак, масала янада равшанроқ бўлади ва Ҳазрат Абдулхолиқнинг бу ўгитлари маълум вақтда нақадар тўғри эканлигига яна бир бор иймон келтирамиз. Ҳазрат Имоми Аъзам дейдилар: «Аввал илм ол, сўнг уйлан. Агар сен ўқиётган пайтингда мол йиғсанг, илм олиб билмайсан. Илм олиш ўрнига мол ва аёлинг билан машғул бўласан. Вақтинг зое кетади. Болаларинг кўпайса, уларнинг кўплигидан илмни ташлаб, фақат уларни боқиш билан банд бўласан. Шу боис ёшлигингда, қалбингга ҳали ҳеч бир гард инмаган пайтда, аввал илмни эгалла!» (А.Ш.Жузжоний. «Ислом ҳуқуқшунослиги», Т. 2002 й. 171-бет). Мана масала ойдинлашди. Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ўз шогирдларини уйланишдан қайтаришларида аввал илм ол, кейин уйлан деган маъно чиқади.

Ҳазрат Абдулхолиқ муридларига кўпроқ нафл рўзасини тутмоқни буюряптилар. Чунки рўза руҳни покловчи, нафсни тарбияловчи воситадир. Рўза нафсни жиловлайди ва одамни турли шайтоний васвасалардан асрайди, саломатлиги учун фойда етказади. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: «Рўза тутинг, саломат бўласиз» муборак ҳадисларининг ҳақиқати XXI асрга келиб дунё олимлари томонидан тан олиниши ҳам бесабаб эмас.

Дунё ва охират машриқу мағриб ҳолатига ўхшайди. Уларнинг бирига қанча яқин борсанг, иккинчисидан шунча узоқлашасан (Ҳасан Басрий).

Дунё ғамида эмас, балки охират ғамида бўлган киши ўлимни эслайди. Ўлимни эслаган одам охират ғамида бўлади. Ўлимни эслаган киши гуноҳлардан ўзини тияди, ҳалол меҳнатга, ибодатга, зикрга, шукрга рағбат билан қарайди. Ўлимни эслаган кишининг қалби мулойим бўлади. У дунёнинг беқарорлигини, муваққатлигини, бевафолигини, ўлимнинг ҳақлигини эслаш орқали англаб етади. Чунки ўлимни унутиш мумкин, лекин ўлим одамни унутмайди. Охират ғамида бўлган киши сайру сулукка ғайрат кўрсатади. Нафсини тияди ва пок бўлади.

Ҳазрат Абдулхолиқ дедилар: «Эй фарзанд! Одамлардан бирор нарса сўрама, эрта учун озуқа жамлама, чунки Аллоҳ ризқингга кафилдур. Аллоҳ дейди: «Эй, Одам фарзанди, мен ҳар куни сенинг ризқингни бераман!» Таваккал қилувчиларга Аллоҳ дейди: «Кимки Аллоҳга таваккал қилса, бас, У сақлагувчидир.» Эсингда бўлсин, ризқ Аллоҳ томонидан тақсимлангандир.

Аллоҳ сенга берган неъматлардан одамларга эҳсон қил. Бахиллик ва ҳасаддан узоқ бўл. Чунки бу икки иллатга чалинган кишиларнинг жойи дўзахда бўлгай».

Расулуллоҳ (с.а.в.) буюрдилар: «Агар Аллоҳга ҳақиқатан таваккал қилсангиз борми, у эрта билан оч чиқиб, кечқурун тўқ қайтган қушларни ризқлантиргани каби, сизларни ҳам ризқлантиради!» Имом Ғаззолий қуйидаги ибратли воқеани «Мукошафатул-қулуб» асарларида келтирадилар: «Шақиқи Балхий (ваф. 810 йил) ризқ топиш учун ҳеч ҳаракат этмас эдилар. Бир пайт ҳаж сабаб бўлиб у киши Иброҳим Адҳам (716-782) билан Маккада учрашиб қолдилар. Иброҳим ибн Адҳам у зотдан ризқ топиш учун бундай ҳаракат қилмаслигингга сабаб нима, деб сўради. Шақиқ Балхий ҳикоя қилди:

– Бир кун чўлда қаноти синиқ бир қушни кўрдим. У ҳаракат қила олмас, учолмасди. Бирдан оғзида чигиртка олиб бир қуш учиб келди-ю қаноти синиқ қушнинг оғзига чигирткани солди. Бу воқеани кўриб ўзим-ўзимга дедим: «Бу соғлом қушга, бу қаноти синиқ қушни таъминлатган Аллоҳ мени ҳам таъминлагай!» Шундай дедим-да мутлақо ишламай, кеча-ю кундуз ибодатга банд бўлдим».

Шунда Иброҳим ибн Адҳам деди: «Нечун сен ногирон қушни таъминловчи соғлом қуш бўлмайсен? Ҳаракат қилувчи қуш бўлсанг янада фазилатли ва яна шарифроқ бўлардинг! Эшитмаганмисанки, Расулуллоҳ (с.а.в.) деганлар: Берган қўл олган қўлдан хайрлироқдир.»

Шақиқи Балхий ўз хатосини англади (121-бет).

Набий (с.а.в.) айтадилар: «Сахий инсон Аллоҳга яқин, инсонларга яқин, жаннатга яқин, жаҳаннамдан узоқдир. Бахил киши Аллоҳдан узоқ, инсонлардан узоқ, жаннатдан узоқ, жаҳаннамга яқиндир. Ҳатто илмсиз сахий билимли бахилдан Аллоҳ наздида севимлироқдир».

Аллоҳ инсонларга берган неъматлар не? Илм неъмати, молу давлат неъмати, ақлу фаросат неъмати... Ҳар бир киши мана шу неъматлардан бошқаларга эҳсон қилиб туриши керак. Зеро Аллоҳ таоло бу неъматларни одамга омонат берган. Бахиллик қилганнинг жойи дўзахда бўлгай. Зеро бахил ва ҳасадгўйларнинг жойи дўзахдир.

Ҳазрат Абдулхолиқ ёзадилар: «Эй фарзанд! Ташқи томонингни безашга ружуъ этма, зеро ташқи томонни безамоқ ички олам хароблиги, чиркинлиги, ифлослиги аломатидир. Кийиминг оддий, эски, ямоқли, лекин покиза бўлсин.

Ҳақ таолонинг ваъдасига ишон, фақат Унга кўнгил боғла. Кишилардан кўнглингни уз, улар билан беҳуда суҳбатга умрингни ўтказма.

Сукутни ихтиёр эт. Қўлингдан келмайдиган ишлар ҳақида гапирма. Тилингни тий. Мабодо сўзламоқчи бўлсанг, албатта хайрли ва нек гапларни айт. Халққа ҳамиша панду насиҳат айла. Ҳақ гапни гапир. Ҳақ гапни айтмоқдан асло қўрқма. Мудом Ҳақ тарафида бўл.»

Маълумки, одамда ташқи томонга эътибор қаратиш майли кучли бўлади. Энг қимматбаҳо матодан тикилган кийимларни хуш кўради. Кийимига гард юқтирмайди. Лекин ички олами, безаги, қалб гўзаллигини унутади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло одамнинг ташқи безаги эмас, балки ички оламига қараб баҳо беради. Шу жиҳатдан А.Ғиждувоний ўз муридларига ички олам гўзаллигини тавсия этаяптилар. Аллоҳ дейди: «Агар сенинг ташқи кўринишинг яхши бўлиб, ички дунёнг ёмон бўлса, сен ҳалокатга лойиқларнинг лойиғисан» («Ҳадиси қудсий» 53-бет). Аллоҳ дейди: «Эй одам фарзанди, мен сизларнинг ҳусну сувратларингга ва мол дунёларингга боқмасмен, балки дилларингга ва қилган амалларингга боқурмен» («Ҳадиси қудсий», 13-бет).

Кўриниб турибдики, А.Ғиждувонийнинг ўгитлари Аллоҳ каломига асосланган. Аллоҳ розилигини топиш ниятида пир ҳузурига келган мурид зоҳирини эмас, ботинини безаш пайида бўлиши уқтирилмоқда. Ички оламни эса тақво, нек амаллар, зикр, ҳалол меҳнат, хайру садақа, рўза-ю намоз безаши А.Ғиждувоний насиҳатларида ўз ифодасини топган.

Ҳазрат Абдулхолиқ Ҳақ таолонинг ваъдасига ишон, деб айтаяптилар. Бу ҳам Аллоҳнинг каломига таяниб айтилган: «Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофот жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Аллоҳ (барча гуноҳларни кечиб юбораверади, деб) алдагувчи (Шайтон) алдаб қўймасин («Фотир», 5-оят).

Қуръонда Аллоҳ берган ваъдалар ҳақдур. Унга ишонмоқ ва амал этмоқ фарздир.

Сукут олимнинг зийнати. Сукут жоҳил учун парда. Одам то гапирмаса, унинг олим ёхуд жоҳиллиги намоён бўлмайди. Хожа Ориф дейдилар: «Гоҳо сукутнинг таъсири каломдан устувор тургай!» («Орифнома», 8-бет). Сўзи кўпнинг хатоси кўпаяди. Хатоси кўпайса, ҳаёси камаяди.

Унинг ҳаёси камайса, тақвоси камаяди. Тақвоси камайганнинг эса, қалби ўлади (Умар р.а.). Шу сабаб аҳли тариқат сукутни ихтиёр қилганлар. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ жуда ҳам камгап бўлганлар. Ҳатто ортиқча гапдан сақланиш учун оғизларига тош солиб юрганлар.

Ҳазрат пайғамбар (с.а.в.) ҳадиси муборакларида дейдилар: «Амри маъруф, наҳий мункар ва зикруллоҳдан бошқа одам фарзандларининг айтадиган ҳамма гаплари ўзларининг зарарларигадур». Зеро одамнинг оғзидан чиқадиган ҳар бир сўзини унинг елкасидаги фаришталар ёзиб туради. Шу боис Ҳазрат Абдулхолиқ шогирдларига кўпинча сукут этиб ўтиришни ва керак бўлиб қолганда хайрли, яъни одамларга фойдаси тегадиган гапларни сўзлашни таъкидлаяптилар.

Аллоҳ дейди: «Бандаларимнинг ибодатлари ичида менга суюмлироғи менинг йўлимда яхши амалларга тарғиб ҳамда холис насиҳат қилишдир» («Ҳадиси қудсий», 23-бет).

Қуръони Каримдаги «Наҳл» сураси 125-оятда Аллоҳ таоло дейди: «Эй Муҳаммад, Парвардигорингизни йўли – динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг».

Аллоҳ таоло, ёмонларга ҳам ёмон гапирманг, уларга панду насиҳат қилинг, демоқда. А.Ғиждувоний ҳам инсонларга мулойим гапирмоқ ҳикматли сўзлар билан, ибратли воқеаларни мисол келтириб инсонларни тўғри йўлга даъват этишни ўз муридларига тавсия этаяптилар. Чунки дўқу пўписа, зулм ёхуд қурол аслаҳа ишлатиб одамларни тўғри йўлга солиб бўлмайди. Одамларга ҳақ гапни айтмоқ меҳру шафқат кўрсатиб, холис панду насиҳат этмоқ соликнинг зарурий вазифаларидандир.

Ҳазрат Абдулхолиқ ёзадилар: «Эй фарзанд! Бирор кишининг ишига аралашма, ҳеч кимга кафил бўлма. Овқат истеъмол этишда ҳушёр бўл. Кам е, кам гапир, кам ухла. Оч қолмагунингча тановул қилма. Зарурат туғилгандагина гапир. Уйқу ғалаба қилмагунча ухлама. Бироз ухла, зеро шундан сўнг ибодатинг хушуъ ила бўлгай. Ибодатни кўпроқ эт ва албатта хушуъ ила адо айла.

Самоъ мажлисларига иштирок қилмагилки, андин нифоқ пайдо бўлур. Самоъ дилни ўлдирур. Лекин самоъни инкор қилмагилки, анинг муҳибу ихлосмандлари бисёрдир. Самоъни қалби уйғоқ лекин нафси ўлган кишилар эшитиши мумкин. Кимки бу даражага етмаган бўлса, кўпроқ намоз ўқиб, рўза олиши аълороқдир».

Ажабо! Хожагон нақшбандия тариқатининг улуғ пирлари подшолар ишига аралашган-ку! Давлатлараро низоларни бартараф қилган-ку! Одамлар ишига аралашиб қанчадан қанча фитналар бартараф қилинган. Беҳуда қон тўкишлар олди олинган. Шайхлар юртда адолатни тиклаш учун улуғ хизматлар этган. Тарих гувоҳки, Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг оталари Имом Абдулжамил, шунингдек, Хожа Аҳрори Валий, Маҳдуми Аъзам, Хожа Ислом Жўйборий ва бошқа муршидлар юқорида эслатилган улуғ ишларни этгани, элу улус ишларига аралашгани сир эмас. Ундай бўлса, нега Ҳазрат Абдулхолиқ ўз шогирдларига «бирор кишини ишига аралашма» деяптилар? Бу ерда ҳам тариқат бўсағасида эндигина қадам қўйган Авлиёи Кабирнинг ёш ўспиринлик даври инобатга олинган. Ҳали тариқатда суяги қотмаган, ўз ишини йўлга қўймаган, ўзи бировнинг раҳнамолигига эҳтиёжманд бўлган мурид одамларнинг ишига аралашиб, уларга ёрдами тегармиди? Албатта йўқ! Ўзи маслаҳатга зор одамдан маслаҳат, ўзи ёрдамга муҳтож одамдан ёрдам сўрайдиларми? Табиийки йўқ. Бу масаланинг биринчи томони. Масаланинг иккинчи томони шуки, етук муршид бўлгандан сўнг одамларнинг ишига аралашса бўлади. Лекин ўшанда ҳам ҳамма ишига эмас. Балки муҳтожларга ёрдам бермоқ, низоларни бартараф қилмоқ, йўлини йўқотганларга тўғри йўлни кўрсатмоқ мақсадида «одамларнинг ишларига аралашиш» пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг суннатларидир. Ҳазрат Абдулхолиқ шу боис ёш, тажрибасиз муридларга то етук муршид бўлгунча, умуман одамлар ишига аралашишдан тийилиб туришни маслаҳат беряптилар.

Ҳазрати пайғамбаримизнинг (с.а.в.) кам е, кам ухла, кам гапир ҳадиси муборакларини Ҳазрат Абдулхолиқ шогирдлари онгига сингдиряптилар. Ушбу ҳадисни Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ҳам доимо такрорлаганлар ва унга амал қилганларки, Амир Темур ўгитларида дейдилар: «Пири комил шайх Баҳоуддин Нақшбанднинг «Кам егин, кам ухла, кам гапир» деган панду насиҳатларига амал қилдим – аркони давлатга, барча мулозимларга ҳам айтар сўзим шу бўлди: «Кам енглар – очарчилик кўрмасдан бой бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар – мукаммалликка эришасизлар. Кам гапиринглар – доно бўласизлар.» (Амир Темур ўгитлари. Т. «Наврўз» - 1992 й. 58-бет).

Аллоҳ тунни одамларга ухламоқ учун яратди. Лекин уйқу кичик ўлимдир, дейдилар машойихлар. Туннинг бир қисмида қилинган зикр, ибодатнинг ажру мукофоти катта. Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) дейдилар: «Киши кечаси туриб, икки ракат намоз ўқиса, бу унинг учун дунё ва дунёдаги бошқа нарсалардан хайрлироқдир. Агар менда, умматимни қийнаб қўяман, деган андиша бўлмасайди, бу икки ракатни уларга фарз қилардим».

Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Зарга дедилар: «Қиёмат куни иссиғидан омон қоламан десанг, энг иссиқ кунда рўза тут. Қабр қоронғулигида қўрқмаслик учун, тун қоронғулигидан (яъни ярим кечадан сўнг) икки ракат намоз ўқи. Катта ишларим вожиб бўлсин десанг ҳажга бор. Йўқсилга садақа бер, керакли жойда ҳақ сўзни айт ёки бўлмағур бир сўзни айтгинг келса сукут сақла бу ҳам садақага ўтади».

Аллома ибн Касирнинг таърифига кўра, намозда виқор ва тавозуъ билан сокин, хотиржам туриш хушуъ саналади. Аллоҳдан қўрқиш, Уни кўриб турганини ҳис қилиб ибодатга бўлиш бандани хушуъга ундайди.

Хушуънинг мақоми қалбда. Меваси эса аъзоларда. Хушуъли қалбгина Раббига эгилади. Қалб эгилсагина, аъзолар ҳам унга эргашади ва Парвардигорига бўйсунади. Чунки қалб танада подшоҳдир, қолганлари унга аскар. (Абдуғафур Искандар. «Намозда хушуъ» Т. «Мовароуннаҳр». 2002 й.)

Ҳазрат Абдулхолиқ хушуъ ила намоз ўқимоқни буюрмоқдалар. Чунки хушуъ ила ўқилган намоз ижобатдир.

Давоми бор

 Тўпловчи Бухоро шаҳридаги “Хўжа Исмат” жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин Гадоев