МИЛЛИЙ ТАРБИЯ АХАМИЯТИНИ ЁШЛАР ДУНЁҚАРАШИДА ШАКЛЛАНТИРИШ
17 март 2017 й.
2727 марта ўқилди.

 МИЛЛИЙ ТАРБИЯ АХАМИЯТИНИ ЁШЛАР ДУНЁҚАРАШИДА ШАКЛЛАНТИРИШ

 
Инсон ва жамиятнинг мавжудлигини таъминлайдиган қадриятлар миллий тарбия туфайли, аждодлардан аста-секин тадрижий равишда авлодларга ўтади. Миллий тарбия атамаси кенг ва тор маъноларда ишлатилади. Кенг маънода, у инсон шахсини шакллантиришга, унинг ишлаб чиқариш ва ижтимоий, маданий, маърифий ҳаётда фаол иштирокини таъминлашга қаратилган барча маънавий таъсирлар, тадбирлар, ҳаракатлар, интилишлар йиғиндисини англатади.  Бундай тушунишда миллий тарбия. фақат оила, мактаб, болалар ва ёшлар ташкилотларида олиб бориладиган тарбиявий ишларни эмас, балки бутун ижтимоий тузум, унинг етакчи ғоялари, адабиёт, санъат, кино, радио, ТВ, ОАВ ва бошқаларни ҳам ўз ичига олади. Шунингдек, кенг маънодаги миллий тарбия таркибига бу соҳада таълим ва маълумот олиш ҳам киради. Тор маънода, миллий тарбия муайян шахснинг маънавий ривожи, дунёқараши, ахлоқий қиёфаси, эстетик диди ўстирилишига йўналтирилган педагогик фаолиятни англатади. Буни оила ва тарбиявий муассасалар ҳамда жамоат ташкилотлари амалга оширадилар.
Бизга маълумки, ҳар қандай тарбия таълим билан чамбарчас боғлиқ ҳолдагина мавжуд бўлади. Чунки, таълим ва маълумот олиш жараёнида шахснинг фақат билими кўпайибгина қолмай, балки маънавий-ахлоқий сифатлари қарор топиши ҳам тезлашади. Ана шу сабабдан ҳам ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик бўлмиш илму маърифат, таълим ва тарбияни инсон камолоти ва миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билганлар. 
Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.Каримов таъкидлагани каби, “Таълим-тарбия-онг маҳсули, лекин айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини ҳам белгилайдиган, яъни, халқ маънавиятини шакллантирадиган ва бойитадиган энг муҳим омилдир. Бинобарин, таълим-тарбия тизимини ва шу асосда онгни ўзгартирмасдан туриб, маънавиятни ривожлантириб бўлмайди. Шу боис бу соҳада юзаки, расмий ёндашувларга, пухта ўйланмаган ишларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Мактаб, таълим-тарбия масаласи давлат ва жамият назоратида бўлиши асосий қонунимизда белгилаб қўйилган. 
Шу билан бирга, бу кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг иштироки ва қўллаб-қувватлашини талаб қиладиган умуммиллий масаладир… Бу ҳақда фикр юритганда, мен Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт-ё мамот, ё нажот-ё ҳалокат, ё саодат-ё фалокат масаласидир» деган чуқур маъноли сўзларини эслайман. Буюк маърифатпарвар бобомизнинг бу сўзлари асримиз бошида миллатимиз учун қанчалар муҳим ва долзарб бўлган бўлса, ҳозирги вақтда ҳам биз учун шунчалик, балки ундан ҳам кўра муҳим ва долзарб аҳамият касб этади”. 
Истиқлол йилларида мамлакатимизда миллий тарбияни амалга оширадиган ўқув муассасалари ва умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга эътиборни кучайтириш энг  муҳим ва жиддий масалага айланди. Шу мақсадда юртимизда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури амалга оширилмоқда, унинг узвий ва мантиқий давоми бўлмиш 2004-2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастури қабул қилинди. Унга мувофиқ, юртимизда мавжуд бўлган ўн мингга яқин умумтаълим мактабининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим жараёнининг мазмунини тубдан такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. 
Мухтасар қилиб айтганда, охирги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга оширган, кўлами ва моҳиятига кўра улкан ишларимиз биз кўзлаган эзгу ниятларимизга эришиш, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган ҳаёт барпо этиш, ёшларимиз, бутун халқимизнинг маънавий юксалиши йўлида мустаҳкам замин яратди, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. 
Юқоридаги фикрлардан кўриниб турибдики, миллий тарбия  ҳар қандай жамият ва мамлакат ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Чунки, унинг ўсиши ва тараққиёти учун  моддий ва маънавий бойликлар ишлаб чиқариш тўхтовсиз равишда юксалиб бориши лозим. Бунинг учун ёш авлод ушбу бойликларни  яратишда ўз аждодларидан юқорироқ даражага кўтарилмоғи даркор. Ёшларни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан тўғри тарбиялашда замонавий медицина, педагогика, психология фанлари тавсияларини ҳар қайси оилада жорий қилиш айниқса зарур. Ҳар бир оила, ота-она, энг аввало, бола тимсолида шахсни кўриши, унинг учун шахсга тегишли барча ҳуқуқ ва эркинликлар таъминлаши борасида ўзининг масъул эканлигини доимо ҳис этиб туриши ниҳоятда муҳим. Миллий тарбияда миллий ғояга, миллий ғурурни юксалтиришга хизмат қиладиган  тимсоллар, рамзларнинг ҳар бири – катта бир дарслик, кучли тарбия воситаси ҳисобланади. Бундан ташқари, буюк аждодлар таваллуд саналарини нишонлаш ҳам маънавий ва тарихий аҳамиятга эга. Бундай маросимларни ўтказиш орқали ёшлар янги қадриятлар асосида тарбияланадилар, улар қалбига тарихни англаш ва қадрлаш, ўтмишга ҳурмат билан ёндашиш, уларни асраб-авайлаш, шу халққа мансублиги билан ғурурланиш туйғулари сингдирилади. 
Умуман олганда, ёшларнинг этник қиёфаси миллатнинг бугунги миллий тарбияси, менталитети, маданиятининг ўзаро диалектик муносабати воситасида шаклланади. Маънавий жиҳатдан яхши тарбия олган шахс ўз ақли, ўз тафаккури, ўз меҳнати, ўз масъулияти билан онгли равишда, озод ва ҳур фикрли инсон бўлиб яшайди. 
 
 
Мир-араб ўрта махсус ислом билим юрти 
тарбиячиси Акрамов Мақсуд
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram