Тавозеъ
27 декабр 2019 й.
82 марта ўқилди.

 

Тавозеъ

بسم الله الرحمن الرحيم
Бизларни бу дунёда мусулмонлардан қилиб, Ўзининг масжидига ҳидоят қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Умримизни охирида ҳам мўмин ҳолда, иймонли кетишимизни Ўзи насибадор айласин. Бу қоронғу дунёда қуёш каби порлаган ва ўз нурлари ила офтоб каби барчага бир хил нур таратган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо с.а.в.га чексиз дуруду саловотлар бўлсин. У зоти бобаракотнинг суннати санияларига олиму боамал қилиб, қиёмат кунида дарёи шафоатларидан ҳар биримизга нўш қилишликни бонасиб айласин.
وَاخْفِضْ جَنَاحَكَ لِمَنِ اتَّبَعَكَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ
“Ўзингизга эргашган мўминларга қанотингизни паст тутинг, яъни уларга хуш хулқ билан камтарона муносабатда бўлинг” 
Улуғ шайх Абдулқодир Желоний, халқимиз тилида “Пири Дастгир” лақаби билан маъруфу машҳур пири комил ўзларининг “Мактубот” номли китобларида бандани камолотга етказадиган 10 та хислатни зикр қилиб, уларда бири тавозуълик-камтарлик ҳақида шундай дейдилар.
Камтаринлик хислатига эга бўлган кишининг даражаси юқори, ҳурмати баланд, қадр-қиммати олий, Аллоҳ ҳузурида ва одамлар орасида иззати ва даражаси етук ва мукаммал бўлади. Тавозуълик хислатига эга киши ҳар бир инсонни ўзидан устун деб билиши, у инсоннинг даражасини Аллоҳ ҳузурида ўзиникидан устун бўлиши мумкин деб ҳисоблаши лозим. Агар унга ёш бола йўлиқса, “Аллоҳ йўлида гуноҳ иш қилмаган, Парвардигорга осий бўлмаган, мен эса Аллоҳга исён қилдим, шубҳасиз, у мендан авлороқ” деб билиши, агар ёши улуғ бир кекса учраса, “Мендан аввал кўпроқ ибодат қилган, албатта у мендан афзалроқ” дейиши. Фосиқ одам учраса, “У нодонлиги туфайли Худога қарши чиқиб гуноҳ қилаяпти, унинг ўлими ва оқибати қандай бўлади-ю, меники қандай бўлади?” деб билишлиги, кофирга йўлиқса, “Балки бир кун мусулмон бўлар-да, хайрли ишлар қилар. Мен бўлсам ёмонлик, куфр билан кетишим мумкин” деб ҳушёр тортиши керак.
Киши доимо хавф ва ражода ҳаётгузаронлик қилиш керак. Яъни мени энди Худои таоло кечирмаса керак, чунки мен жуда кўп гуноҳлар қилганман, ёки қилган амалларим ҳаммаси нуқсонли уларни ҳеч бирини Парвардигор даргоҳи илоҳийсига қабул қилмайди ёки мен нима гуноҳ қилибман, ҳар замонда савоб ишлар қилиб турган бўлсам, намоз ўқиб турган бўлсам, мен албатта жаннатга кираман деб юрмаслиги керак. 
Ҳазрати Сўфи Оллоёр байтларида Пайғамбаримиз с.а.в. билан бўлиб ўтган бир воқеа келтирадилар: 
Муҳаммад с.а.в.ким, шоҳи дунёи диндур.
Сифоти раҳматан лил оламиндир.
Замину осмоннинг халқу хайли
Яратилди, бас, ул эр туфайли.
Ўқурда бир куни Тангри китобин 
Ўқуди анда дўзахнинг азобин
“Албатта, бизда оғир кишанлар ва жаҳаннам бор. Ва томоққа тиқиладиган таом ва аламли азоб бор. Бир кундаки, унда еру тоғлар ларзага келади ва тоғлар оқувчи қумтепаларга айланади” 
Ул оят ваҳмидин кетти ўзидин,
Йиқилди ерга ул дамда юзидин.
Саҳоба ҳар қаю бир ҳола бўлди,
Замину осмон пур нола бўлди.
Замондан сўнг кўзни айлади боз,
Саҳобалар айтдилар: “Эй маҳрами роз”.
Сани халқ афзали қилди Худойинг,
Муҳайё бўлса жаннат ичра жойинг.
Сифотинг раҳматан лил оламиндур.
Худодин мунча қўрқинчинг надиндур
Деди: “Гарчи расули жузву куллман,
Нечук хавф айламай, зероки қулман.
Агар юз минг башорат берса Борий, 
 Керак қулдин ўшанча хавфу зорий.
 Кишининг исми-зоти бўлса банда,
Бўлурму фароғият қул деганда?
عَنْ عِيَاضِ بْنِ حِمَارٍ أَنَّهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « إِنَّ اللَّهَ أَوْحَى إِلَىَّ أَنْ تَوَاضَعُوا حَتَّى لاَ يَبْغِىَ أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ وَلاَ يَفْخَرَ أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ ».
“Аллоҳ таоло менга тавозуъли бўлишни ваҳий қилди. бундан умматим таълим олиб ҳеч бир кишига бошқа биров душманлик қилмасин ва фахрланиб кибрланмасин”.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « مَا نَقَصَتْ صَدَقَةٌ مِنْ مَالٍ وَمَا زَادَ اللَّهُ عَبْدًا بِعَفْوٍ إِلاَّ عِزًّا وَمَا تَوَاضَعَ أَحَدٌ لِلَّهِ إِلاَّ رَفَعَهُ اللَّهُ ».
“Садақа бериш билан молу дунёси камайиб қолмайди. Аллоҳ кечиримли банданинг иззатини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун тавозуъли бўлса, Аллоҳ таоло у банданинг даражасини кўтаради”.
Парвардигор олам бизларга тарбия бериб шундай марҳамат қилади: 
وَلَا تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ
“Одамлардан (кибрланиб) юзингни бурмагин ва ерда кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ таоло кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни севмас” 
قَالَ سَمِعْتُ حَارِثَةَ بْنَ وَهْبٍ الْخُزَاعِىَّ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِىَّ - صلى الله عليه وسلم - يَقُولُ « أَلاَ أُخْبِرُكُمْ بِأَهْلِ الْجَنَّةِ كُلُّ ضَعِيفٍ مُتَضَعِّفٍ لَوْ أَقْسَمَ عَلَى اللَّهِ لأَبَرَّهُ ، أَلاَ أُخْبِرُكُمْ بِأَهْلِ النَّارِ كُلُّ عُتُلٍّ جَوَّاظٍ مُسْتَكْبِرٍ » .
“Сизларга аҳли дўзахни кимлар эканини айтайми? Улар қўпол, дағал, гердайиб юрувчи мутакаббирлардир”.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو أَنَّهُ قَالَ إِنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ فِى مَجْلِسٍ « أَلاَ أُحَدِّثُكُمْ بِأَحَبِّكُمْ إِلَىَّ وَأَقْرَبِكُمْ مِنِّى مَجْلِساً يَوْمَ الْقِيَامَةِ ». ثَلاَثَ مَرَّاتٍ يَقُولُهَا قَالَ قُلْنَا بَلَى يَا رَسُولَ اللَّهِ. قَالَ فَقَالَ « أَحْسَنُكُمْ أَخْلاَقاً ».
“Мен учун энг севимли ва менга қиёмат кунида мақом жиҳатидан энг яқин зот кимлигини айтайми?”, деб 3 маротаба айтдилар. Айтинг ҳа, Ё Расулуллоҳ, дедик. “Хулқи яхшиларингиздир”, деб башорат бердилар.

سبحانك اللهم وبحمدك أشهد أن لا إله إلا أنت أستغفرك وأتوب إليك
 
«Жўйбори Калон» аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари 
Роҳат Муҳаммадшоева

 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram