Телефонда суҳбатлашиш одобини билинг
11 ноябр 2019 й.
84 марта ўқилди.

 

Телефонда суҳбатлашиш одобини билинг

Бугунги кунда қўл телефонлари бутун дунёга тарқалди. Чунки унинг воситасида бошқалар билан алоқа қилиш жуда ҳам қулайдир. У замонавий мослама бўлсада, мусулмон киши уни ишлатишда исломий одоб-ахлоқларга риоя қилиши ва ундан унумли фойдаланиши лозим.

Бирон кишига телефон қилсангиз ва у жавоб беролмаса уни тўғри тушунинг. Чунки у одам шовқин жойда бўлиши ёки унинг телефони овозсиз ҳолатда бўлиб, телефон овозини эшитмаган ёки биров билан гаплаша олмайдиган ҳолатда бўлиши мумкин.
Бирон киши билан телефон орқали гаплашаётган бўлсангиз, демак, у маълум бир вақтини сиз учун ажратган бўлади. Шундай экан, сиз унинг вақтини олаётганингизни, у ишини қўйиб, хаёли сиз билан банд бўлиб турганини ҳис қилинг ва бекорчи гаплар билан унинг қимматли вақтини беҳуда ўтказманг. Агар бирон бир узун мавзу хусусида гаплашмоқчи бўлсангиз, аввал ундан рухсат сўранг. Агар рухсат берса гапираверинг, акс ҳолда гапни қисқа қилинг. Чунки у бемалол гаплашадиган ҳолда бўлмаслиги мумкин.
Гаплашишга номуносиб вақтларда, масалан, намозга азон айтганидан кейин, кечанинг ярмида ёки кундузи дам олинадиган вақтларда бировга қўнғироқ қилманг.
Қўл телефонлари бошқалар билан алоқалашишни жуда ҳам қулайлаштириб юборди. Демак, яқинларингизга қўнғироқ қилиб, уларнинг кўнглини олишингиз янада осонлашди. Хусусан, ишда бўлсангиз бирров ота-онангизга телефон қилиб, уларни ҳолидан хабар олсангиз қанчалар шод бўлишларини биласизми?! Агар аёлингизга қўнғироқ қилиб, унинг кўнглини олсангиз хурсандчиликдан ўзини қўярга жой топа олмай қолади ва бу нарса эр-хотин орасидаги муносабатни янада кучайтиради. Агар фарзандларингизнинг рақамларини телефонингиздаги “танланганлар” рўйхатига қўшиб қўйсангиз уларнинг боши кўкка етади. Хусусан, имтиҳонга киришларидан олин қўнғироқ қилиб, ичларидаги ҳаяжонни енгишларига ёрдам берсангиз ёки имтиҳондан чиққанларидан кейин кўнгилларини хотиржам қилиб қўйсангиз бу дунёда улардан бахтли одам бўлмайди. Яқинларимизга ёрдам қила олмайдиган ҳолатда бўлсак, ҳеч бўлмаса телефон орқали улардан ҳол-аҳвол сўраб турайлик. Ўзлари муҳтож бўла туриб, муҳожирларга ёрдам қўлини узатган ансорлар ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “…гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар…” (Ҳашр, 9). Аксар уламолар кишининг яқинларига қўнғироқ қилиб, улардан ҳол-аҳвол сўраши силаи раҳмга киради, дейишган.
Телефонингиздаги имкониятлардан фойдаланишни ўрганинг. Афсуски, баъзи мусулмонлар қўл телефонидан фақат қўнғироқ қилиш учун фойдаланадилар. Ҳатто янги рақамни телефон хотирасига киритишни ҳам билмайдилар. Бу жуда ҳам нотўғри. Ахир бу ишларни ўрганиш ҳеч қанча вақт талаб қилмайди-ку. Бугунги замонавий қўл телефонларига Қуръони Карим дастурини ўрнатиб, ундан Қуръон ўқишингиз ёки шайхларнинг овозли маърузаларини тинглашингиз мумкин.
Тўғри, бу телефонларнинг зарари ҳам кўп. Баъзи инсонлар бировлар билан гаплашганда уларнинг гапларини ёзиб олиб, бошқаларга тарқатишади. Бу жуда ҳам катта хиёнат ҳисобланади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мажлисларда айтилган гаплар омонатдир” – деганлар.
Қўл телефонингизда ҳар хил қўшиқлар, фаҳш суратлар ёки филмьлар бўлса, унда сизни дўзахий бўлишингизга сабаб бўлиши ҳам мумкин, Аллоҳ сақласин! Қўл телефонингизда бундай нарсаларнинг бўлиши катта гуноҳ, уни бошқаларга тарқатиш эса янада катта гуноҳ ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким (одамларни) бир залолатга чақирса, унга шу залолатга эргашган (ҳамма инсонлар)никича гуноҳ бўлади ва бу уларнинг гуноҳларини ҳеч ҳам камайтирмайди” – деганлар (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи ҳидоятласин. Қўл остимиздаги нарсаларни Ўзининг розилиги йўлида ишлатишни барчамизга насиб айласин!

Когон шаҳар “Шом” жомеъ масжиди 
имом хатиби Д.Болтаев

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:05
Куёш: 07:56
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram