ТЕРРОР ИСЛОМДАН ЭМАС
10 декабр 2016 й.
1344 марта ўқилди.

 ТЕРРОР ИСЛОМДАН ЭМАС

Динимиз тинчлик ва ҳамжиҳатлик динидир. Одам тугул ҳашаротга озор беришдан қайтаради. Динимизда яратилган насалар ичида инсон энг мукаррам эканлиги таъкидланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
«Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик». (Исро: 70)
Бугунги кунда ўзини мусулмон деб атаб, дин ниқоби остида жамият ўртасида бузғунчилик, ноҳақ қон тўкиш каби салбий ҳолатларни авж олдириб, юрт тинчлиги ва муқаддас Ислом дини ривожига рахна солишга уринаётган кимсалар омма орасида Ислом дини ҳақида салбий фикрлар туғилишига сабаб бўлмоқда. Бу ташвиқотларни ривожлантиришга уринаётганларнинг кўзга кўринмаган яширин бир мақсади - Исломни қора қилиб кўрсатиш ва мусулмонларни ваҳший деб тасвирлашдир.
Аслида, “Ислом” сўзи, луғатда “тинчлик” маъносидадир. Шунингдек, саломатлик, омонлик, хотиржамлик каби кўплаб маъноларни билдиради. Ушбу маъноларнинг барчаси бир-бирига узвий боғлиқдир. Мусулмон дегани бу Аллоҳ таолога итоат қилиш билан бирга, У яратган мавжудотга тинчлик, хотиржамлик берувчи шахс демакдир. Мусулмон шахсиятига таъриф бериб, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломатда бўлган киши ҳақиқий мусулмондир”, деганлар.
 Бу сўзларнинг акси ўлароқ, “Террор” - бузғунчилик, даҳшатга солиш, шиддат маъноларини ифодалайди. «Ислом» ва «террор» сўзларини бирикма – ибора шаклида ифода этиш уларнинг мазмун-моҳиятига зиддир. Сабаби, нафақат ислом, балки бирор-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди ҳам. Ушбу икки сўз мазмун жиҳатидан бир-биридан қанчалик узоқ бўлса, моҳият жиҳатидан ҳам шунчалик фарқлидир.
Шубҳасиз, бугунги оммавий ахборот воситаларида тез-тез учраб турган «ислом терроризми» ҳақидаги даъволар нотўғри ва асоссиздир. Террорчи гуруҳларнинг жимжимадор номлари, уларга аъзо бўлган кимсаларнинг исмлари ҳеч қандай ҳақиқат ёки аслиятни ифода этмайди. Зеро, исломда ҳам бошқа самовий динлар каби террор ёки одамлар устидан бошқа шаклдаги зўравонликка ўрин йўқ. Ҳозирда «террор» деб аталаётган ҳаракатлар аллақачон исломда «улкан гуноҳ», деб белгилаб қўйилган.
 Террор ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч аҳоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган. Ушбу мақсадларни ислом мақсадларига тескари ҳолда эканини билган ҳар қандай киши террорчилик ҳаракатлари ислом ва имон тақозосидан узоқ ҳаракат эканини кўради.
Террордан қўрқиб, ўз жони ва фарзандлари келажагини ўйлаб туғилиб ўсган юртини ташлаб кетишга мажбур бўлаётган қочоқлар муаммоси бутун дунёни ўйлантирмоқда. Бундай зўравонлик остидаги ҳаракатлар ислом эмас.
Ислом тарихида кечиримлилик, раҳм-шавқат, ўзаро иттифоқ ва хотиржамликда яшаш тамойиллари намунали тарзда ўз аксини топган. Пайғамбаримиз (с.а.в) Макка фатҳи куни ўзларига мислсиз душманлик ва зулмлар қилган кишиларни ҳам афв этиб, уларга омонлик беришлари нафақат У зотни, балки ислом динининг руҳида кечиримлик, олийжаноблик ҳамда инсонларга нисбатан ўта меҳрибон ва шафқатли бўлишнинг гўзал намунасини мужассамлашганини ифодалайди.
Бу борада таниқли олим Юсуф Қарзовий ўз насихатларининг бирида шундай дейди: “Ислом бегуноҳ кишиларнинг жони, мол-мулки ва ногмусига нисбатан зулм қилишни ман этади. Пайғамбаримиз (с.а.в) видолашув ҳажида қилган ваъзларида одамларнинг жони, мол-мулки ва номуси қиёматгача дахлсиз, деб эълон қилганлар. Бу нафақат мусулмонларга, балки бошқа инсонларга ҳам тегишлидир”.
Ислом дини пойдевори бағрикенглик ва енгиллик асосига қурилган. Шу маънода, Имом Бухорий раҳматуллоҳ алайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади. Бас, тўғри бўлинглар, яқин бўлинглар...».
Шунингдек,Ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадиси-шарифда: «Динда чуқур кетадиган(мутанаттиъийн)лар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганларлар ҳалок бўлди», – дейилади. (Имом Муслим ривояти).
Шубҳасиз, исломда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Террор каби ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларини динга қаттиқ эътиқод қўйгани ҳақида ўз сўзларида қанчалик лоф урмасинлар, қилаётган ишлари орқали бу даъволари нақадар ёлғон экани фош бўлмоқда.
Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини чуқур ва атрофлича ўрганар эканмиз, у доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади.
 
 
Мир-араб ўрта махсус ислом билим юрти 
талабаси Усмонов Адиз
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram