“Тил офатларидан сақланайлик”
27 декабр 2019 й.
93 марта ўқилди.

 

“Тил офатларидан сақланайлик”

Аллоҳ таъло инсонни гўзал суратда яратиб, барча мавжудоту махлуқотни гул тожи қилиб, нутқ ато этди. Тил-Аллоҳнинг бандасига берган улуғ неъмати ҳисобланади. Гарчи у жисман кичик бўлса ҳам итоати туфайли топадиган савоби улкан. Итоатсизлиги туфайли содир этадиган гуноҳи жуда катта.
Ғаззолий айтадиларки “Кимки тилнинг жиловини бўш қўйиб юборса, шайтон уни миниб олади, жар ёқасига ҳайдаб ҳалокатга судрайди. Одамлар тиллари эккан ҳосиллар туфайли жаҳаннамга юз тубан қулайди. Фақат шариат билан жиловланган тилгина бу офатдан нажот топади”. 
Парвардигор тилдан келадиган хатарлардан огоҳ этиб, у улкан гуноҳ эканлигини бир неча ояти карималарида ундан четланмоқликка буюради.
Аллоҳ  Ҳужурот сурасида айтади: “Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар! Чунки айрим гумонлар гуноҳдир! Жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз ғийбат қилмасин....”( Ҳужурот 12), Аллоҳ  Ҳумаза сурасида: “Барча (кишиларга дилозорлик қилиб уларнинг обрўйини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай”. (Ҳумаза 1) дейди. 
Аллоҳ таъло ушбу оятларда ижтимоий-маънавий жиноятлар катта гуноҳ эканлигини уқтириб ундан огоҳ этмоқда. Бу гуноҳлар, яъни ғийбат, бўҳтон, чақимчилик жамияту жамоатга парокандалик келтириб, инсонни хонавайрон этади. Ғийбат, чақимчилик, бўҳтон сабаб жамиятга нотинчликлар, оилалар бузилиши, қўшнилар орасида совуқчилик тушаётганлиги айни ҳақиқат.
Пайғамбаримиз (С.А.В.)га бир саҳобий келиб қулоқларига  пичирлаб бошқа саҳобий ҳақларида гапирди. Ул зот бу ҳолатдан ғазабланиб, чақимчиликдан у саҳобийни қайтардилар.
Имом Термизий қилган ривоятда Пайғамбар (С.А.В.) “Одам фарзанди эрталаб уйқудан уйғонган пайтда жасадининг барча аъзолари уйғонади ва улар тилга айтишади, орамизда сен Аллоҳдан (кўпроқ) қўрқ! Чунки сен тўғри бўлсанг биз тўғри бўламиз, сен эгри йўлга кетсанг, биз ҳам эгри йўлга кетиб қоламиз.” деб айтганлар.  
Анас ибн Молик айтадилар: Расулуллоҳ (С.А.В.) шундай дедилар “То бандани қалби тўғри бўлмагунча иймони тўғри бўлмайди, то тили тўғри бўлмагунча қалби тўғри бўлмайди. Киши то қўшниси унинг озорларидан омон бўлмагунча жаннатга кирмайди”.
Муоз (р.ан.) Пайғамбар (С.А.В.)дан сўради “Эй Аллоҳнинг Расули амалларнинг энг афзали кайси?. Расулуллоҳ (С.А.В.) тилларини чиқардилар сўнгра бармоғларини қўйдилар. Яъни мана шу тилдан келадиган гуноҳлардан сақланинг деб насиҳат қилдилар. Абу Бакр Сиддиқдек улуғ саҳобийлар тилдан келадиган гуноҳлардан сақланиш учун ҳатто оғизларига тош солиб олганлари ривоят қилинади. Бугунги кундаги жамиятимизга тарқалган энг ёмон иллатлардан яна ёлғон, ёлғон қасам, тилёғламачилик, ҳақоратомуз сўзлар, бировни масхара қилиш, ботил яъни ҳақни инкор қилиш каби салбий ҳолатлар учраб туради. Дунёнинг арзимас матоси учун ёлғон гапириб қасам ичиб ўз молини ўтказиш, ёлғон ишлатиб бировни ҳаққига хиёнат қилиш ҳолатлари ачинарли. Баъзи нокаслар илми саёз бўлган тоифалар ҳақни яшириб ботил сўзлар, нотўғри ақидаларни интернет, бошқа ахборот  воситалари орқали пуч, ёлғон ваъдалар бериб ёшларни онгини заҳарлаётганлиги, фитна тарқатаётганлиги энг катта хатардир. Аллоҳ булардан барчамизни асрасин.
Абдуллоҳ ибн Маъсуд дейди. “Яккаю ёлғиз Аллоҳга қасамки узоқ зиндонбанд қилинишига тилдан муносиброқ нарса йўқ.”
Товус дейди. “Тилим йиртқичдир, агар қўйиб юборсам у мени ёйди”.
 
Улуғ пир Хожа Али Рометаний ҳам айтадилар:
Эзид чу бино кард ба ҳикмат тану жон 
Дар ҳар узве маслаҳате кард ниҳон.
Гар муфсидате надида буди зизабон
Маҳбус намекард ба зиндони даҳон.
 
Таржимаси:
Ул Аллоҳким тану жонни яратди
Ҳар аъзони бир хизматга қаратди.
Тилда иллат кўрди-ю, этди тутқун
Оғиз – зиндон тилни анда қаматди.
 
Бу ҳикматни қарангки Аллоҳ тилда нуқсон кўриб, оғизни зиндон ва яна ўттиз икки соқчи этиб тишларни қўйди.
“Барча бало тилдандир” дейилади ҳадиси муборакда. Дарҳақиқат бандани дорнинг остига олиб борувчи, балога грифтор этувчи тилдир “Агар биз тилимизни эҳтиёт этсак икки дунё саломат бўламиз.

Бухоро шаҳар “Хўжа Исмат” жоме масжиди
имом хотиби Гадоев Салохиддин
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram