Тинчлик ва ватанпарварлик – улуғ қадриятдир.
28 июл 2016 й.
2917 марта ўқилди.

 Тинчлик ва ватанпарварлик – улуғ қадриятдир.

 
Агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди”.
Ислом Каримов 
    
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан юрт тинчлигининг самарасидир. Агар истиқлолнинг ўтган қарийб йигирма уч йилига назар ташласак, пойтахтимиз, вилоятлар марказлари, шаҳар, қишлоқларимиз, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли хонадонларда тўю томошалар, байраму шодиёналар бир-бирига уланиб кетмоқда. Бу неъматларга чин маънода шукрона қилиш ва уларнинг қадрига етиш керак.
 Агар нотинчлик ҳукм сураётган юртларга назар ташласак, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикка минг бора шукр қиламиз. Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда 600 га яқин террорчи ташкилотлар мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилиги Ислом ниқоби остида фаолият олиб боришяпти. "Ал-Жиҳод ал-исломийя" (Ислом жиҳоди), "Ал-Қоида" (Асос), "Лашкари жиҳод", "Қуролли исломий ҳаракат", "Туркистон Ислом ҳаракати", "Ислом фронти" каби ўнлаб ташкилотларни ана шу рўйхатга киритиш мумкин.
 Аслида мазкур террорчилик ҳаракатларининг ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки тинчлик, инсонпарварлик ва раҳм-шафқат дини бўлган ислом ҳеч қачон зўравонликни, бировлар жонига қасд қилишни, адолатсизликни тарғиб қилмайди. Қуръони карим бундай таълим беради: "Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган кимса худди бутун инсониятни ўлдирган кабидир" (Моида сураси, 32-оят); "Ким бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир" (Нисо сураси, 93-оят);"...ўзларингизни ўлдирманглар, албатта Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир" (Нисо, 29). «Ва барчаларингиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва (фирқа-фирқа ҳолда) бўлинмангиз!» (Оли-Имрон,103);
 Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, ватанпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.
 “Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”, - деган экан мутафаккирлардан бири.
Кечагина ўйнаб-чопиб юрган кичкинтойлар кўз очиб-юмгунча улғаядилар. Уларни жисмонан соғлом ва бақувват бўлиб улғайишига аҳамият берилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам таълим берганлар:
яъни: “Фарзандларингизга сузиш, камон отиш ва аёлларга касб-ҳунарни ўргатинглар”.
Шунинг учун ҳам фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, Она Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир. Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.
Буюк аллома Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги сўзида она-Ватанини севувчи садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади:
 
Ватан таркини бир нафас айлама,
Ани ранжи – ғурбат, ҳавас айлама.
Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни  ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Имон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишончимиз мустаҳкамланди. Шаҳару қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлди. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди: “Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир”.
Албатта, ҳар бир давлатнинг мустақиллиги, хавфсизлиги, чегара ҳудудларининг дахлсизлиги ва осойишталигини, аввало унинг Қуролли Кучлари ҳимоя қилиши зарур.
Мухтасар қилиб айтганда, мустақиллик йилларидап Қуролли Кучларимиз салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавийлаштириш ва ислоҳ қилиш йўлида амалга оширилган барча саъй-ҳаракатлар мустақиллигимизни асраб-авайлаш, сарҳадларимиз дахлсизлиги, осмонимиз мусаффолиги ҳамда эл-юртимиз осойишталигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
   Мустақиллик шароитида этник мунособатлар ва дин соҳасида олиб борилаётган изчил ва оқилона сиёсат туфайли мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, динлар ва конфессиялараро ҳамкорлик қарор топди. Конституциямизда "Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар", деган тамойилнинг мустаҳкамлаб қўйилиши эса, бу борадаги ишларнинг қонуний асоси бўлиб хизмат қилмоқда. 
   Тинчликнинг қадрига етиш, уни сақлаб туришда оилада ота-онанинг роли катта. Ота-она фарзандларига тинчлик олий неъмат эканлиги, тинчлик ҳукм сураётганлиги сабабли фаровон ҳаёт кечираётганимизни мунтазам тушунтириб боришлари даркор. Айниқса, аёл киши болалари тарбиясига масъул бўлгани учун ҳам болаларига тинчлик ўзи нима экани, бугунги кундаги мустақиллигимизга осонлик билан эришмаганимиз, унинг қадрига етишимиз кераклигини тушунтириш билан бир қаторда фарзандларида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғусини шакллантириб бориши зарур. Шундагина фарзандларимиз элим-юртими деб ёниб яшайди ва жамиятга керакли шахс бўлиб етишади.
 Дин ниқобидаги турли бузғунчи оқим ва фирқалар мамлакатдаги тинчлик, осойишталик, миллатлар ва динлар ўртасидаги аҳилликка раҳна солиш мақсадларидан қайтишгани йўқ. Бу эса ҳар биримиздан доимо ҳушёрлик ва огоҳликни, ёшлар тарбиясига масъулият билан ёндашишни, уларнинг диний билими ва саводхонлигини тинмай ошириб боришни, шу йўл билан жаҳолатга маърифатни қарши қўйиб, улар қалбини четдан бўлаётган барча хуружлардан қатъий ҳимоя этишни талаб этади.
 
 
 «Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» 
      жомеъ масжиди имом хатиби : Ж.Муродов.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:15
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram