Тўй ва маросимлардаги исрофгарчиликларга йўл қўймаслик
05 март 2016 й.
1800 марта ўқилди.

 Тўй ва маросимлардаги исрофгарчиликларга йўл қўймаслик.

Аллох таъоло инсонларни турли миллат ва элат  шаклида яратиб, уларни ер юзида макон тутиб ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюради. Аллох таъолонинг биз бандаларига берган беҳисоб неъматларини санаб адоғига ета олмаймиз шунинг учун, беадад шукроналар қилишимиз керак. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда шундай дейди"...Шунингдек сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди.  Агар Аллоҳнинг неъматини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатдан инсон (ўзига) ўта золим ва (Роббига) жуда ношукрдир". (Иброхим, 34-оят) Шу неъматлар ичида оила неъмати борки унда икки жинс эгаси, яъни эркак ва аёлнинг эр-хотин бўлиб биргаликда яшашлари ирода этилган. Парвардигор эркакларни оила устуни, раҳбари, таъминотчи қилиб белгилаган, аёлларга эса рўзғор тасарруфи, болаларни тарбияси, оила ишларини юритиш вазифаларини юклаган. Қуръони каримда шундай дейилади:"Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доим) қоим турувчилардир. Сабаб-Аллоҳ уларнинг айримлари(эркаклар)ни айримлари(аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз молк мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари - бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғоибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир". (Нисо, 34 оят)
 
 Аллоҳ таъоло шунча неъматларни бериб кўйибди, шу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга  йўл қўймасликка чакиради. Куръони каримда шундай марҳамат қилинади "...Шунингдек еб-ичинглар (лекин) исроф килмангиз! Зеро, У исроф килувчиларни севмайди." (Аъроф, 31-оят)    Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълумки  ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр  ҳамиша лозим. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам  шаръан кораланиб, улардан ҳазар килишга буюрилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом  ҳадисларида: "Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқликка кўрмайди" деганлар. Тўйлар ва маросимлардаги исрофгарчиликларни қаранг. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Халқимиз тўй турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодёналарни жуда яхши кўради. Тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказишимиз керак эмасми? 
 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвосига амал қилган ҳолда иш тутишимиз лозим бўлади. Тўйларда сарфлайдиган пул маблағларимизни шу ёш келин-куёвларга турли маиший техника воситалари ёки  бева бечораларга, етим-есирларга, тўлов шартномасини тўлаб олмаётган талабаларга  хайр-эҳсон қилинса айни савобли иш қилинган бўлар эди, иншоАллоҳ! 
 
"ИСРОФ" деганда кераксиз мол-мулкни сарф этиш,  фойдасиз сарф харажатлар тушунилади. Инсонлар йиллар давомида йиққан молини бир кечада обру, ном чиқариш мақсадида совуриб юбориши яхши амаллардан саналмайди. Аллоҳ таъоло бу хакида марҳамат қилиб:"...Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон зса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди". (Исро, 26-27-оят) Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: "Хайру эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир". Улуғларимизнинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят килиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлади. Исроф деганда факат бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Қимматли вактни бехуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофдир, мол мулкини исроф билан тўй-хашамлар қилиш ҳам исроф. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам, соғликнинг қадрига, саломатликка хавф соладиган ишларга муккадан кетиш ҳам исроф. Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди. Унинг оғир гуноҳларидан эканини доим ҳис этайлик. Аллоҳ таъоло барчаларимизни Ўзининг ҳак йўлидан чекинмайдиган, неъматларини исроф қилмайдиган, шукр ва тежамкорлик билан муносабатда бўладиган солиҳ бандаларидан айласин ОМИН!       
 
                                                                           
      Ражабов Садриддин - Шофиркон тумани 
     "Аҳад ҳожи Қилич ўғли" жомеъ масжиди 
     имом хатиби.  
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:40
Куёш: 05:30
Пешин: 13:10
Аср: 18:40
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram