Эй мусулмонлар! Ҳаром луқмадан сақланинглар...
05 феврал 2019 й.
479 марта ўқилди.

 
Эй мусулмонлар! Ҳаром луқмадан сақланинглар...
 
Ислом ҳар бир инсонга яхши ҳаёт кечириш ҳақ-ҳуқуқини бериши, инсонларнинг яхши еб-ичиши, кийиниши, турар жойга эга бўлишида ўз аксини топади. Бу нарсага эришишнинг асосий йўли ҳар бир инсоннинг ҳалол меҳнатидир. Ислом жамият аъзоларига ҳалол меҳнат ила касб қилишга буюриб, ҳар бир инсонни жамият учун манфаатли шахс бўлиб умр кечиришга чорлайди. Мусулмонлар ўрталарида ўзаро адолат бўлишига ва ўзаро молиявий масалаларда бир бирларига хиёнат қилмасликни уқтиради.
Аллоҳ таоло Нисо сураси, 29 оятида “Эй иймон келтирганлар! Бир- бирларингизнинг молларингизни орангизда ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир”, деб марҳамат қилади. 
Бу оятда Аллоҳ таоло бандаларни ўзаро бир-бирларининг мол-мулкларига хиёнат қилмасликка, ботил йўл (ҳаром) билан олишдан сақланишга буюрмоқда. Бундай ботил йўллар алдов, фирибгарлик, порахўрлик, ғирромлик ва ўғрилик шулар жумласидандир. 
Бугунги кунда инсонларнинг осонгина пул топиш, оғир меҳнатдан қочиш ёки бировга ҳасад қилиш сабабидан бировнинг мулкига кўз олайтириш, ўғриликка қўл уриш ҳолатлари йўқ эмас. Ҳолбуки ўғрилик исломда гуноҳи кабиралардандир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ ўғрини лаънатласин”, деб дуойи бад қилганлар.
Киши бир яхшиликни ният қилиб кўп вақт меҳнат қиладида, аммо бир нобакор унинг молини ёки буюмини ўғирлайди. Бундай кимса албатта Аллоҳнинг  ғазабига учрайди. Аллоҳ таоло Бақара сураси, 172 оятда “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза (ҳалол) нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”, деган. 
Мўмин банда Аллоҳга яқин кишидир. Бундай киши аввалам бор ўзини луқмаи ҳаромдан сақламоғи ва аҳлини ҳалолдан боқмоғи фарздир. Чунки ўғрининг жазоси ўлароқ Аллоҳ таоло Каломи шарифида Моида сураси 38 оятда «Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Икковлари қилган касбининг жазосига ва Аллоҳдан азоб ўлароқ. Аллоҳ азиз ва ҳикматли зотдир», деган. 
Оятдан кўриниб турибдики, муқаддас динимиз ўғриликни қаттиқ қоралаб, жамиятда яшаётган кишиларга, ким бўлишидан қатъий назар, яхши ҳаёт кечириш ҳаққини беради. Уларни тўғри йўлда тарбиялайди. Ижтимоий ҳаётда адолатни ўрнига қўяди. Шахсий мулкнинг ҳалол йўл билан ривожланишига эшикни кенг очиб қўяди. Жамият аъзоларининг ижтимоий таъминотини ҳам йўлга қўяди. 
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: ”Ризқни ҳалолдан талаб қилиш ҳар бир мўмин мусулмонга фарздир” дея марҳамат қилганлар. Киши ҳалол меҳнат орқасидан оила тебратмоғи ва фарзандларини ҳам ўғриликдан, ҳаром луқмалардан сақланадиган қилиб тарбияламоғи ва уларни ҳалол ризқ билан боқмоғи лозим.  
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли саҳобаларидан Абу Дардо (Аллоҳ у кишидан рози булсин) барча намозларини Масжиди Набавияда, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида туриб ўқишга ҳаракат қилардилар. Шунинг учун масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг намоздан кейингги суҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ хурмо териш мавсуми бошланганида Абу Дардо аввалгидан намозга кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар. Бу ҳол Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб, сўрадилар: “Сизнинг масжидга келиб-кетишингизда бир ўзгариш кўраяпман, нима бўлди?” 
Абу Дардо (Аллоҳ у кишидан рози булсин) бундай жавоб қилдилар: “Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо дарахти меваларни тўка бошлади. Хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушаяпти. Болаларим қўшнимдан бесўроқ еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимнинг боғидаги ўша дарахтнинг тагига тўкиб қўяман. Шу сабаб масжидга кеч келаяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб қўшнимизникига қўйиш учун шошиламан. Шундай қилсам, болаларим ҳаром емайди, қўшнимга ҳам зарар етмайди”. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Дардонинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳаққига дуо қилдилар.
Хулоса қилиб айтганда, Ислом жиноятнинг олдини олишга, таг-томири билан йўқотишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам тайин қилинган жазолар нафақат тан жазоси, балки руҳий, маънавий ва тарбиявий жазо ҳам ҳисобланади. Қолаверса, бошқа жазо чоралари каби, бу жазо ҳам катта тарбиявий аҳамиятга эга. 


Когон шаҳар Алишер Навоий
жомеъ масжиди имом хатиби 

Афзал Камолов 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram