Умрнинг маҳсули
16 январ 2015 й.
1369 марта ўқилди.

   Умрнинг маҳсули

     Инсонга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан берилган неъматлар ичида энг қадрлиларидан бири бу вақт эканлигига шубҳа йуқдир.      Улуғларимиз “инсоннинг вақти-бу унинг умридир”,”вақт исрофи-умр исрофи”деган мазмунда ҳаёт кечириб вақтларининг ҳар дақиқасидан огоҳ бўлиб умрларини эзгу ишларга,бошқаларга манфаат етказишда сарфлашган. Ҳар нарсанинг ўз одоби бўлгани каби вақтнинг ҳам ўз одоби бор. Унга риоя қилган киши албатта улуғликка эришади. Олтиндан қадрли, жавҳардан қимматли бир нарса бор бўлса,у ҳам вақтдир. Фурсатни ғанимат билган одам вақтдан унумли фойдалана олади. Вақт қадрини билган одам ҳавойи нафсидан тийила олади.Бир кеча кундузда одамнинг ихтиёрига Аллоҳ таоло йигирма тўрт соатни бериб қуйган. Шундан саккиз соатини уйқуга ажратса,демак ўн олти соатига ўзи ҳукмрон. Бу вақтни қандай ўтказиш ўз ихтиёрида.Барча яхши ёки ёмон амаллари учун сарҳисоб қилинадиган кун(қиёмат)да инсон шубҳасиз умрини қандай ўтказгани ҳақида ҳам сўралади. Чунки бу ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида: “Банда қиёмат куни тўрт хислатдан сўралмагунча бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди: бу саволлардан биринчиси умрининг нима билан ўтказгани;иккинчиси ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани;учинчиси молу дунёсини қай йўсинда (қай касб орқали)топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси-урганган илмига қандай амал қилгани”, деб марҳамат этганлар. Қалбида иймони бўлган хар бир инсонда бу ҳадисни эшитганидан кейин “Мен бу тўрт нарсанинг қайси бирини чиройли адо этиб билаяпман?” деган саволнинг туғилиши табиийдир. Ҳар бир нафсини таниган ақл эгаси нафсини тергай бошлаб, уни эзгу амалларга сафарбар этади. Сабаби, инсоннинг фитратини Холиқ сифатли Роббимиз эзгуликка мойил, гўзаллакка интилувчан қилиб яратган.

      Эътибор бериб кўрадиган бўлсак, инсон барча нарсаларнинг энг яхшисини истаб, унга интилиб яшайди. Баъзан ҳаддан зиёд уларга берилиб, дунёга шўнғиб кетади-да, умри бир зумда ўтганини сезмай қолади. Биз инсонлар аксарият ҳолатларда умримизнинг кўп қисмини моддий бойлик орттириш билан банд этиб, охиратимиз учун қилинадиган амалларни ортга сурамиз. Ваҳоланки, биз умримизнинг қачон тугашини билмаймиз.Ўлимни тез-тез кўриб турамизу, лекин ўзимизни гўёки ҳали ўлмайдигандай тутиб гуноҳларимиз учун қилинадиган тавбаларимизни, Аллоҳга қилинадиган ибодатларни бажаришга шошилмаймиз. Масалан, кўпчилик:”Ҳажга борсам, тавба қиламан, қирқ ёшга кирсам намоз ўқийман ёки қариганда ибодатни маҳкам тутаман” деб ўзини овутади. Лекин ҳаждан келиб ҳам, қирқ ёки олтмишга кирганда ёки қариганда ҳам тавба қилмайди. Бунинг маъноси шуки, инсон ўзини ўнглашни истайди, умид қилади лекин уни дарҳол амалга оширмай кечиктиради, унинг дунёга бўлган муҳаббатининг меъёрдан кўплиги  бундан тўсади. Ҳали фурсат бор, кўп яшайман деб гумон қилганида ўлим тўсатдан ва кутилмаганда эшик қоқганини сезмай қолади. Айрим инсонлар умрида неча марталаб ўлимдан қайтади, шунда ўлимдан қўрқиб, ҳар бир дақиқасини ибодат, эзгулик, инсонларга манфаат етказиб ўтказишга ҳаракат қилади. Лекин бу ҳол узоққа бормайди. Сўнг яна олдингидек ўлимга лоқайд қарайдиган ҳолатга тушиб қолади. Шунинг учун пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча амалларимизнинг охирини хайрли бўлишини истаб дуо қилишга буюрганлар. Зотан, амалларнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Ўша учун биз барча ишларимизни хусусан умиримизни гўзал ниҳоясини истаб дуода бардавом бўлишимиз ўринлидир.

      Инсон умрининг ҳар бир лаҳзаларини эзгуликга бағишлаб, холис Аллоҳнинг розилиги учун амал қилса, Аллоҳ унга икки дунё саодатмандлигини беришини ваъда этган. Бу оз муддатли амонат қилиб берилган умримизни ҳамиша ўзи рози бўладиган амаллар билан ўтказишимизга Аллоҳнинг ўзи бизга мадад беришини сўрашдан чарчамайлик. Зотан ҳозир ер юзининг баъзи жойларида умрини фитна чиқариш билан зулму-исёндан тийилмаётганларнинг дастидан нафақат инсонлар балки еру-осмон ҳам оҳ тортмоқда. Мазлумларнинг нолаи-фиғони бутун оламни ларзага солмоқда. Ноҳақ тўкилаётган қонлар кўзларни ёшга тўлдирмоқда. Ҳаётини бу зулмлар билан ўтказаётганлар бир муддат тўхтаб Аллоҳнинг ҳузуридаги ҳисоб-китоб ҳақида ўйлаганларида балки ўзларини ўнглаб олишармиди? Лекин шубҳа йўқки ҳидоят Аллоҳдандир. Хоҳлаган бандасини яхши йулга солиб, хоҳлагани адаштиради. Бунинг ҳикмати ҳам фақат Ўзига аёндир.
    Ё Аллоҳ, азобингдан қўрқиб, раҳматингдан умид қилувчи бандаларинг қаторида Ўзингга илтижо қиламиз: Умримизни зулму-исёнда ўтказишдан бизни асра! Бизларга Ўзинг ҳаёт бердинг, ўлдирувчи ҳам  Ўзингсан! Сендан ҳамиша офият сўраймиз!
 
Орифжон Тўқсонов
“Абу Бакр ас-Сиддиқ” масжиди имом-хатиби
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram