Устозга эҳтиром
24 сентябр 2018 й.
808 марта ўқилди.

 

 Устозга эҳтиром.

   Ҳар бир толиби илм билиши зарурки, илмга ва ундаги манфаатларга етиша олмайди, магар ҳам илм ва унинг таҳсилини, устозларини улуғлашлик ила эриша олади. Устозни улуғлашлик бу илмни улуғлашликдир. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимки менга бир ҳарф ўргатса, мен унинг қулиман, ҳоҳласа сотсин ҳоҳласа озод қилсин”. Шайх Имом Садриддин аш-Шерозий раҳматуллоҳ алайҳи айтадилар: “Бизнинг машойихларимиз: “Кимки ўғлини олим бўлишгини истаса, олимларнинг ҳаққига риоя қилсин. Уларни ҳурмат қилсин, уларни улуғласин, агар ўғли олим бўлмаса ҳам, зурриётидан олим чиқади”, 
Толиби илмнинг устоз олдидаги одоблари: Унинг олдидан юрмаслик, устознинг ўрнига ўтирмаслик, устознинг рухсатисиз сўз айтмаслик, устоз олдида кўп гапирмаслик, устоз малол оладиган нарсани ундан  сўрамаслик, уни ҳаққи риоя қилишлик, устоз ўзи чиққунга қадар эшигини таққилатмасдан, сабр қилиб туришлик, уни розилигини олишлик, унинг ғазабидан сақланишлик, агар гуноҳ ишга буюрмаса унга итоат қилишлик, устозининг ҳурматидан унинг фарзандларини, унга тегишли бўлган кишиларни ҳурмат қилишликдир. Устозимиз “Ҳидоя” китобининг соҳиби, Шайхул ислом Бурҳониддин Марғилоний раҳматуллоҳ алайҳи ҳикоя қиладилар: “Бухоронинг кўзга кўринган катта олимларидан бири илм мажлисида ўтирардилар. Дарс асносида аҳёнда ўринларидан туриб қўярдилар. Шогирдларидан бири у зотдан: “нега бундай қиляпсиз”, деб сўради. У зот: “устозимнинг ўғли масжид ташқарисидаги йўлакда ўйнаб турибди, гоҳида ўйин билан бўлиб масжид эшигининг олдига келиб қолар, уни кўрган заҳоти устозимнинг ҳурматидан ўрнимдан тураман, дедилар.
  Бухоронинг буюк фақиҳларидан, Шамсул аимма ал-Ҳалвоний раҳматуллоҳ алайҳи бир ҳодиса сабаб Бухородан чиқиб, бир неча кун яқин қишлоқларнинг бирида турдилар. Шайх имом қози Абу Бакр аз-Зарнужий раҳматуллоҳ алайҳдан бошқа ҳамма шогирдлари бориб зиёрат қилдилар. Шунда Шамсул аимма Ҳалвоний шогирдлари Абу Бакр аз-Зарнужийни учратгандан сўнг: "нега мени келиб зиёрат қилмадинг" деб дашном бердилар. Шунда шогирдлари Абу Бакр аз-Зарнужий: “онамни хизматларида машғул бўлиб, сизни олдингизга келолмадим”, дедилар. Устозлари шунда: "илмда равнақ топаса-ну, аммо шогирдлар етиштиришда равнақ топмайсан" дедилар. Айтиладики, Зарнужий раҳматуллоҳи алайҳ илмда жуда юқори мартабага етишган бўлсалар ҳам, лекин кўп вақтларини қишлоқда ўтказиб дарс бериш ва шогирд чиқаришдан маҳрум бӯлдилар. Кимки устозига азият яъни озор берса илмдан маҳрум бўлади. Илм олган тақдирда ҳам  кам илмга эришади.
Ҳикоят қилинади: Халифа Ҳорун ар-Рашид, ўғлини илм ва адаб ўрганиш мақсадида, Асмоъийга шогирдликка қўйган эканлар. Халифа Ҳорун ар-Рашид бир кун келиб қарасалар устоз Асмоъий таҳорат олиб оёқларини юваяпдилар, халифанинг ўғли устознинг оёқларига сув қуйиб турган экан. Бу ҳолат учун Халифа Ҳорун ар-Рашид Асмоъийни маломат қилдилар ва айтдилар: Эй устоз Асмоъий: “ ўғлимни сизга унга илм беринг, одоб ўргатинг деб юборган эдим. Нега сиз унга бир қўли билан сув қуйиб иккинчи қўли билан ювгин деб буюрмадингиз” деб, айтган эканлар.
Шунинг учун азизлар кимки, бирор бир илмга ёки касб-ҳунарга эришган бўлса, устозини ҳурмат қилиш билан эришган. Кимки, бирор бир илм ёки  касб-ҳунардан маҳрум  бўлган бўлса, устозига беодоблик қилиб, унинг ҳурматини жойига қўя олмаганлиги сабабидан илму ҳунардан бебаҳра қолган бўлади. Биз учун илм ва ҳунар манбаи бўлган, маънавий оталаримизни яъни;  устозларимизни доимо  эъзозлаб қадрига етмоқлигимиз ҳамда дуоларини олиб, кўнгилларини оғритадиган ишлардан сақланмоғимиз зарур. Илм ва ҳунар йўлида бизларга йўлбошчи бўлган зотлар, халқимиз тили билан айтганда “Устоз отангдек улуғ” деб таърифланиши бежизга эмас.

Ғиждувон туман "Абдухолиқ Ғиждувоний" 
 жомеъ масжиди имом хатиби
 Жалолиддин Сабуров
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram