Устозларга эҳтиром кўрсатайлик
25 сентябр 2018 й.
722 марта ўқилди.

Устозларга эҳтиром кўрсатайлик

Доно халқимизда бир ажойиб мақол бор: «Устоз отангдан улуғ». Кимлардир буни «Устоз отангдек улуғ» мазмунида ҳам талқин қилишади. Нима бўлганда ҳам, биз устоз зотини маънавий ота ўрнида кўрамиз, ҳурмат қиламиз, эъзозлаймиз. Чунки, ота вужуд ва фоний ҳаётнинг сабабчиси бўлса, устоз эса абадий ва боқий ҳаётнинг сабабчисидир. Устозлар бўлмаганида эди, ҳар доим ҳам ҳаётда кўзланган мақсад ҳосил бўлавермасди. Бир сўз билан айтганда, устозлар ухровий ҳаётнинг бунёдкоридир. 
Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда ҳам олимларнинг, устозларнинг бошқалардан нақадар улуғлиги ва буюклиги эътироф этилган.
Аллоҳ таоло ўз каломи шарифи бўлмиш Қуръони каримда марҳамат қилади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (юқори) даража – мартабаларга кўтарур» (Мужодала сураси,  11-оят). 
Демак, Аллоҳ таоло устозларнинг мартабаларини баланд қилиб, уларга улуғ даражалар борлигини ваъда қиляпти, шу билан бирга бизларни ҳам уларга нисбатан ҳурматда, тавозеъда бўлишга ундамоқда. 
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр килинди: бири обид, бошқаси олим. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ухшайди. Албатта, Аллоҳ, унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки, уясидаги чумоли ва сув тубидаги балиқлар хам одамларга яхшиликни ўргатувчи кишига салавот айтиб туради”, дедилар” (Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, олимлар илм билан машғул кимсалардир. Илм эса ўлчаб бўлмайдиган мукофотларни тақдим этади. Олимлар ўз шогирдлари учун жонларини фидо қилади. Уларни ўз фарзандларидек кўриб ардоқлайди. 
Имом Абу Довуд ва имом Насоийдан ривоят қилинган ҳадисда: «Ота ўз фарзандига қандай бўлса, мен ҳам сизлар учун шундайман», деб марҳамат қилинган.
Шоир сўзи билан айтганда: 

У ёнувчи пилигдирки, атрофга нур таратур,
Кимлар ундан нур эмур, у ёниб адо бўлур.

Инсон агар устоз бўлишга, илм беришга киришса, улуғ ишни ва катта вазифани ўз зиммасига олган бўлади. Бу вазифани устоз  шогирдларни охират азобидан сақлашни қасд қилиб адо этади. Зеро, устозлар илм ўргатиш учун ҳақ талаб қилмайди, бирор мукофот олишни ёки ташаккур эшитишни ҳам мақсад қилмайди. Балки Аллоҳ таолонинг розилигини истаб ва унга яқин бўлишни хоҳлаб, шогирдларга таълим беради. 
Устозлар илм билан дунёвий нарсаларни талаб қилиш нақадар ёмон эканини имкон қадар таълим олувчига кўрсатиб боришади. Чунки чала олимнинг бузган ишлари тузган ишларидан ошиб тушади. 
Устоз толиби  илмнинг ёмон ахлоқини ошкора эмас, балки имкони борича енгил йўл билан, қаттиқ сўзлар билан эмас, шафқат йўли билан қайтариб туради. Чунки ошкора шаклда танбеҳ бериш ҳурмат пардасини йиртиб, устозга қарши чиқишга журъат пайдо қилади, қайсарликка бўлган майлни қўзғатади. 
Бирор бир соҳа йўқки, унга ўқитувчиларимизнинг бевосита ёки билвосита қўшган ҳиссалари бўлмасин. Дунёда ўқитувчи ва мураббийларнинг билими, доно маслаҳати, ақл-заковати, меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлмаган бирор киши бўлмаса керак. Замонамизнинг забардаст олимлари, шоирлари, ёзувчилари, санъат арбоблари, шифокору деҳқонлари, ҳаммалари ўқитувчилардан таълим олишган. Шунинг учун ҳам ҳалқимиз юксак меҳр-муҳаббатини, қуёш нуридек жўшқин қалб ҳароратини «Устоз» деган сўзга мужассам қилган ва бу номни доимо катта эъзоз билан тилга олишади.
Адабиётимиз сарбонларидан бўлган бобомиз Абдураҳмон Жомий устозларнинг қадр-қиммати, ҳаётдаги ўринлари ҳақида шундай деганлар:

Жаҳонда бўлмаса муаллим агар,
Ҳаёт ҳам бўлмасди гўзал бу қадар.

Ҳақиқатан ҳам устозлар шогирдларга сабоқ бериб, уларни тўғри йўлга бошлайдилар. Улар ҳайтнинг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшадилар. Шогирдларига қалб қўрини берадилар. Бу ишда ҳатто жонларини ҳам аямайдилар. Улар бор экан, мамлакат тараққий топади, баркамол авлод униб-ўсаверади.
Шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳазратлари эса устозларнинг ҳақини адо этиб бўлмаслик борасида хитоб қилиб шундай ёзадилар:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Шундай экан, азизлар, устозларимизни улуғлайлик, қилган меҳнатларининг қадрига етган ҳолда яхши хислатларини ўзимизда мужассам этиб, келгуси авлодлар, яъни шогирдларимизга таълим бериб, уларга ўрнак бўлишга ҳаракат қилайлик. Бу қайтар дунё, ҳар ким экканини ўради. 
Демак, биз устозларимизга қандай муносабатда бўлсак, келгуси авлод ҳам бизга худди шундай муомалада бўлишади.

Фарҳод ЖУМАЕВ,
Бухоро шаҳри “Дилкушо” жомеъ 
масжидининг имом-хатиби
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram