Уй-жой одоблари.
15 апрел 2019 й.
299 марта ўқилди.

 

 Уй-жой одоблари.

Бугунги тараққиёт жадаллик билан ривожланиб бораётган кунда беҳисоб бино ва уйлар қурилмоқда. Ҳар бир инсон ўз Ватанининг бош бўғини бўлган ўз уйига катта эътибор қаратади. Инсон бахти ва саодати учун уйнинг қандай аҳамияти борлиги ва уй қуриш одоблари ҳақида сўз юритамиз.
Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб мусулмон кишининг бахтидандир”, дея марҳамат қилганлар. Киши уй қуришда одамларга кимлигини билдириш учун эмас, балки унда Аллоҳга ибодат қилиш, иссиқ-совуқдан сақланишни ният қилиши шарт. Қурилишга ортиқча маблағ сарфламаслик керак. Зарурат бўлмаса, бинони етти-саккиз зироъдан (бир зироъ 46,2 см) баланд кўтармаслик керак. Чунки жин ва шайтонлар ердан етти-саккиз зироъ баландликни макон қилишади. Бундай ҳолатда қурилган уй аҳлларига зарар етиши эҳтимоли бор. Бино ва ундаги хоналарни эҳтиёж миқдорида қуриш мақсадга мувофиқ.
Мўмин киши турар жойини яхшилаши ва яшаш учун қулай қилиши керак. Зеро, киши турар жойининг қулайлиги унинг бахт-саодатидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин ҳар бир қилган нафақасига ажр олади. Лекин бино ва тупроқ учун сарфлаганига ажр олмайди”, деганлар. Бино босқичма-босқич қурилгани яхши. Иброҳим ва Исмоил (алайҳимуссалом) ҳам Каъбани қуришда шундай йўл тутишган. Шунингдек, замонавий меъморлик тажрибаси ҳам шу услубни маъқулламоқда.
Уй сотиб олган ёки қурган киши қўчқор сўйиб, уни муҳтожларга бериши гўзал амаллардандир. Қўшнилар билан яхши алоқада бўлиши, озорларига сабр қилиши керак. Имкон бўлса, намоз ва Қуръон тиловати учун зебу зийнатлардан ҳоли бир хона ажратиш мақсадга мувофиқдир. Уй деворларига жонли махлуқлар суратини чизиш ёки осиш яхши эмас. Зеро, манбаларда, шундай уйларга фаришталар кирмаслиги айтилган.
Шунингдек, уйда ортиқча кўрпа-ёстиқ сақламаслик керак. Уйга кириш-чиқишда “Бисмиллаҳ” айтиб, гарчи ҳеч ким бўлмаса-да, салом берилади. Зеро, “Бисмиллаҳ” айтилган уйдан шайтон қочади. Салом берилганида эса унга барака ёғилади. Салавот айтиб, сўнг “Ихлос” сурасини ўқиб кирилса, янада яхши. Уйни доимо покиза тутиш, ундаги ўргимчак инларини тозалаб туриш лозим. Чунки ўргимчак ини шайтоннинг ҳам уйидир.
Ухлашдан олдин Аллоҳ зикри билан эшиклар беркитилиб, пардалар туширилади. Чироқ ва олов ўчирилади. Уйда ёлғиз ухламаслик яхши. Ҳовлида фақатгина чорва ва экинзорни қўриқлаш мақсадида ит сақланади. Чунки ит бор жойга фаришта кирмайди. Уйлардан бирини меҳмон учун алоҳида ажратиш, мақсадга мувофиқ. Зеро, ҳовлининг закоти меҳмонхонасидир. Юқорида келтирилган одобларнинг зоҳирий ва ботиний фойдалари, ҳикматлари кўп. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилиш ибодат эканини унутмаслик керак.

Мир Араб мадрасаси мударриси,
Абу Хафс Кабир масжиди имом хатиби
Акрам Абдуллаев.
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:40
Куёш: 06:28
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 19:00
Хуфтон: 20:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram