УЙИНГИЗНИ ЛОЗИМ ТУТИНГ!
07 апрел 2020 й.
75 марта ўқилди.

 

УЙИНГИЗНИ ЛОЗИМ ТУТИНГ!

Яратган Роббимиз ўзининг бандаларига беҳисоб неъматларини инъом қилгани ҳаммага маълум. Ҳисобсиз неъматлардан бири ҳар бир инсон учун ўзининг шахсий уйи, маскани бўлишидир.
Дунёда қанчадан-қанча инсонлар борки, ўзи учун шахсий уйи йўқ. Ҳатто баъзи давлатларнинг камбағал фуқаролари қабристонлардаги эски сағаналарни ўзларига маскан қилиб, машаққат билан истиқомат қилаётганлари ҳеч кимга сир эмас. Устоз домламиз айтардилар:  "Мисрда ўқиб юрганимизда ўз кўзимиз билан кўрганмиз битта катта қабристонда ўн мингдан зиёд одам эски сағаналарни макон қилиб яшарди". Бугунги кунда бизнинг Республикамизда шахсий уй-жойга эга бўлмаган шахс йўқ бўлса керак деб, ўйлайман. Аллоҳнинг неъматиии бардавом келиб турган вақтда, кўпчилик унинг қадрига етмайди. Қачонки ўша неъмат қўлдан кетса, унинг нақадар қадрли эканлиги билинади. Кишини ўз оиласи даврасида бир неча кун ўтириши ҳам бир неъмат. Дунёда қанчадан қанча кишилар борки масалан, узоқ сафардагилар, қамоқдагилар, касалхонада ойлаб ётган беморлар ва ҳоказо. "Оила" даврасида ўтириб мароқли суҳбатлашиш неъматидан бенасибдирлар.
Айни пайтда, юртимизга келган касалликнинг олдини олиш учун барча мутасадди раҳбарларимиз, қолаверса, Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги томонидан қайта-қайта уйдан чиқмаслик ҳақида таъкидланмоқда. Шунга қарамай яна бепарво юрганларимиз анчагина топилади. Мусулмон киши ўзига ҳам бошқага ҳам зарар етказмайди. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тили ва қўли билан бировга озор беришдан қайтарганлар. Касаллик юқишига сабаб бўлиб, бировни ҳаётига зомин бўлишлик нақадар оғир гуноҳ. Аллоҳнинг бунга ўхшаш синови келганда, албатта уйда ўтиришни лозим тутиб фитнага сабаб бўлмаслик керак.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Эй Аллоҳнинг Расули, нажот нимада?", -дедим. У зот: "Тилингга маҳкам бўл, уйинг сени сиғдирсин ҳамда гуноҳларинг учун йиғла", - дедилар. (Имом Термизий ривояти).
Ушбу муборак ҳадиснинг шарҳида, замонамизнинг мўътабар олимларидан бири: Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: «Ушбу ҳадисдаги "Уйинг сени сиғдирсин", деган сўзларидан мурод "заруратсиз уйдан чиқиб, фитнага дучор бўлма", "гуноҳларга йиғла" дан мурод "гуноҳга надоматни изҳор қилиб, тавба қил", деганидир»,- дейдилар.
Уйимизни лозим тутиб, фитна, бало ва касалликларни халқимиз бошидан кўтарилиб кетишини Аллоҳдан сўраб, яхшиликка ҳиссамизни қўшайлик азиз юртдошлар!

Шофиркон тумани "Қори Фазлиддин"
жомеъ масжид имом - хатиби Мустақим Исоев
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:17
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram