Юртимизда диний соҳада эришилган ютуқлар
23 май 2020 й.
17 марта ўқилди.

 
Юртимизда диний соҳада эришилган ютуқлар

 Сўнгги йилларда янгиланаётган Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни авайлаб-асрашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишда бошқа давлатларга намуна бўладиган бой тажриба орттирилди. Диний қадриятларни тиклаш ва авайлаб-асрашга қаратилган кўплаб ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, ҳаётга жорий қилинди. 
 Буюк алломаларимизнинг зиёратгоҳлари тикланиб, уларнинг илмий мерослари ўрганишга кенг эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Ҳаким Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Сузук ота каби алломаларимиз номлари билан боғлиқ қадамжолар ободонлаштирилди.
Шунингдек, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби алломаларни юбилейларини ўтказиш баробарида уларнинг илмий меросини кенг ўрганиш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари “2020 йилда Бухоро Ислом маданияти пойтахти” мақоми берилиши натижасида бунёдкорлик ва илмий-маърифий ишлар кенг кўламда амалга оширилмоқда.
 Юртимиз ва мусулмон дунёсидан етишиб чиққан улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон халқаро Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Мир-Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Самарқандда калом илми мактаби, Бухорода тасаввуф мактаби, Қашқадарёда ақида мактаби, Фарғонада ислом ҳуқуқи (фиқҳи) илмий мактаблари очилди. Шунингдек, узлуксиз диний таълим тизими жорий этилди.
 Жорий йили Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида “Имом Термизий” мадрасаси фаолияти йўлга қўйилаётгани диний таълим тизимини ривожлантиришдаги навбатдаги салмоқли қадам бўлди.
 Масжид-мадрасаларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилиши, хусусан, давлат божлари камайтирилиши, талаб қилинадиган ҳужжатлар қисқартирилиши айни муддао бўлди. Сўнгги йилларда мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш мақсадида 30 дан зиёд масжидлар очилди. Юзлаб масжидлар тўлиқ қайта қурилди ҳамда капитал таъмирдан чиқарилди. Иккита олий мадраса ташкил этилди.
 «Жаҳолатга қарши маърифат» улуғвор ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш йўлга қўйилди.
 Ислом анъаналарига хос меҳр-шавқат, саҳоват ва хайрия ишларини кучайтириш, диний соҳа ходимларини рағбатлантириш каби эзгу мақсадларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди.
 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини қабул қилиш таклифи билан чиқди. Резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан, айниқса, аҳамиятлидир. БМТ томонидан 2018 йил 12 декабр куни «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул қилинди ва жаҳоннинг етакчи давлат ва халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилди.
 Тўғри йўлдан адашганларни ижтимоий реабилитация қилиш
ва уларни соғлом ҳаётга қайтариш мақсадида мазкур шахслар билан кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда тушунтириш-профилактика ишларини тизимли ташкил қилиш, уларни махсус рўйхатдан чиқариш бўйича механизм яратилди. Мазкур механизмнинг самараси сифатида ақидапарастлик ғоялари таъсирига тушган фуқароларнинг ички ишлар органларининг махсус ҳисобларидан чиқарилиши жамиятда катта ижобий натижа берди. 2020 йилда билиб-билмай диний экстремистик ва террористик ташкилотлар сафига кириб, Сурия, Ироқ каби мамлакатларда қуролли ҳаракатларга иштирок этган шахсларнинг аёллари ва фарзандларини “Меҳр”, “Меҳр-2” тадбирлари доирасида юртимизга қайтарилиши оламшумул воқеа бўлди.
 Фуқароларнинг ислом динининг бешинчи аркони бўлган ҳаж амалларини бажаришлари учун янада қулайроқ шароитлар яратиш мақсадида квота миқдори 7 мингдан зиёд этиб оширилди. Айни вақтда умра зиёрати учун квота буткул бекор қилинди.
 Республика миқёсида оммавий Қуръони карим мусобақаси ўтказилди.
 Диний адабиётларни турли номда ва кўп ададда нашр этилиши баробарида Қуръон мусҳафи бир неча минг ададда чоп этилмоқда.
 Жисмоний имконияти чекланганларга эътибор кучайтирилди. Брайл ёзувида диний китоблар чоп этилди, диний тадбирлар ва кўрсатувлар Сурдо тилида эфирга узатилмоқда. 
 Диний таълим муассасаларида “Қуръони карим ва тажвид” курслари ташкил этилди.
 Сайт ва ижтимоий тармоқларда Ислом дини маърифати мавзуларини кенг ёритишда эркинлик таъминланиши баробарида салмоқ ва сифат ҳам сезиларли даражада ошди.
 Мўмин-мусулмонларнинг диний саволларига ўз вақтида тезкор жавоб бериш мақсадида, колл-марказ, телеграм бот ва алоҳида фатво.уз сайти ишга туширилди.
 Аёл-қизлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилди, отинойилар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамловчи мақом берилди ва махсус гувоҳномалар билан таъминланди.
 Хорижий давлатлардаги тадбирлар, мусобақалар, анжуманларда иштирок этиш салмоғи оширилди. Ўз навбатида юртимизга дунёнинг энг нуфузли уламолари ташрифи кўпайтирилди. Турли давлатларнинг диний ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича меморандумлар тузилди.
 Масжидлар, имом-хатиблар ва диний соҳа ходимлари фаолиятига имтиёз ва ҳуқуқий имкониятлар берувчи норматив ҳужжатлар такомиллаштирилди. Жумладан, 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор асосида бир қарор енгиллик, қўллаб-қувватловчи ишлар амалга оширилди.
 Нодир ва ноёб асарларни сақлаш, таъмирлаш ва тадқиқ этиш борасидаги ишлар ҳам такомиллаштирилди. Бу борада самарали халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилди.  
 Мана шундай диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ишлар бутун жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилди. 

ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги 
Матбуот хизмати
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:17
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram