Ўзганинг ҳақидан ҳазар
10 июл 2019 й.
102 марта ўқилди.

 

Ўзганинг ҳақидан ҳазар


Ема зарра ҳаром оғушта нондин,
Булур чоҳи нажас бир қатра қондин.
Сўфи Оллоёр

Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратиб, уларни ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишликка ва уни обод этишга амр этди. Шу билан бирга ҳаромдан ҳазар қилиб, ўзаро моддий ва маънавий  ҳақларига хиёнат қилмасликка буюрди. Мўмин киши бировнинг ҳақидан ҳазар қилиши ва ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштирмаслиги керак. Зеро, Аллоҳ Қуръони Каримдашундай амр қилди: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ўртада ноҳақ йўллар билан емангиз. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир” (Нисо сураси 29-оят). Оятдаги “ноҳақ йўллар билан емангиз” иборасининг маъноси жуда кенг: рибо, қимор, ўғрилик, хиёнат, ёлғон гувоҳлик, ёлғон қасам, порахўрлик, алдамчилик, товламачилик, нопок ишлар, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва бошқа Аллоҳ ҳаром қилган йўллар билан мол-давлат топиш киради. 
Абу Ҳурайра(розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дедилар: ”Аллоҳ покдир, фақат пок(ҳалол) нарсани қабул этади.”(Имом Муслим ривояти)
Яна бошқа бир оятда Аллоҳ таоло мўминларга хитобан шундай марҳамат қилди:
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси 172-оят).
Аллоҳ Таоло бандаларига покиза нарсаларни ризқ қилиб берган экан, демак ҳалол нарса банда учун фойдали, нопоки эса зарарли, шунинг учун банда ҳалол нарсаларни ризқ қилиб берган Пок зотга шукрона қилиши керак.
Пайғамбаримиз (с.а.в) видолашув ҳажида кўп нарсаларни васият қилдилар. Шулар қаторида кишиларнинг молини ноҳақ йўл билан ейишдан қайтардилар. Жумладан: “Огоҳ бўлинглар, албатта Аллоҳ таоло қонларингиз ва молларингизни бир-бирингизга ҳаром қилди” дедилар (Имом Бухорий).
Мусулмон кишини қонини тўкиш баробарида унинг молини ҳам турли хил Аллоҳ ҳаром қилган йўллар билан ейиш ҳаром қилинди.
Бировни ҳақидан қўрқмай, нотўғри йўллар билан мол-дунё топиш мўмин-мусулмонга умуман муносиб бўлмаслиги ва қилинган ибодатлари бекор бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай марҳамат қилганлар:
“Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Туҳома тоғича келадиган яхшиликлари бўлади. Улар келтирилгач, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзиган ғуборга айлантириб қўяди, ўзлари эса дўзахга улоқтирилади”. Шунда “Ё, Расулуллоҳ, бундай бўлишининг боиси недир?” деб сўрашди.  Пайғамбаримиз: “Улар намоз ўқир, рўза тутар, ҳаж қилар эдилар, бироқ бирон бир ҳаром нарсага дуч келсалар, уни олишар эди. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини йўққа чиқарди”, - деб жавоб бердилар.(Имом Табароний)
Расулуллоҳ (с.а.в) бир киши ҳақида айтдилар: “Бир одам узоқ вақт сафарда (ҳаж сафарида) бўлди. Усти-боши тартибсиз ва чанг-тўзонга ботган ҳолда икки қўлини осмонга кўтариб, эй Роббим, эй Роббим деб, Аллоҳга ёлворади. Ваҳоланки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромдан озиқланган! Қаердан ҳам дуоси ижобат бўлсин?” (Имом Муслим)
Ривоят қилишларича, Абу Дардо розияллоҳу анҳу масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар. Намоздан кейин Расули акрам (с.а.в)нингсуҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ хурмо пишганда, Абу Дардо аввалгидан кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар.Бу ҳол Пайғамбаримизнинг диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб: “Сенинг масжидга келиб-кетишингда ўзгариш кўряпман. Нима бўлди?” – деб сўрадилар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу узрли оҳангда шундай жавоб бердилар: “Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо мевалари пишиб, тўкила бошлади. Хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушаяпти. Болаларим қўшнимдан сўроқсиз уларни еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимизникига олиб чиқиб бераман. Шу сабаб масжидга кеч келяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб,  қўшнимникига чиқаришга шошиламан. Расулуллоҳ (с.а.в) Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳақига дуо қилдилар.
Бир куни Анас (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (с.а.в)га: “Ё, Расулуллоҳ, дуо қилинг. Аллоҳ таоло мени дуоси ижобат бўладиганлардан қилсин” дедилар. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в): “Эй Анас! Луқмангизни ҳалол қилинг! Киши ҳаром луқмани еса, қирқ кун дуоси ижобат бўлмайди”, - дедилар.
Пайғамбаримиз (с.а.в) мол-дунёни ҳаром йўл билан талаб қилиш ҳақида шундай марҳамат қилганлар: “Эй, одамлар! Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунёни гўзал, яъни ҳалол йўл билан талаб қилинг. Ҳар бир инсон ўзининг ризқини мукаммал олмагунча жони узилмайди. Унга белгиланган ризқ бироз кечикиши мумкин, аммо барибир келади. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунёни талаб қилишда гўзал йўлни танланг. Ҳалолини олинг, ҳаромини тарк қилинг.”
Демак, киши ризқ йўлида минг ҳаракат қилса ҳам, Аллоҳ таоло унга ёзган ризқ-насибасидан ортиғини қўлга кирита олмайди. Шунинг учун банда Аллоҳ берганига ношукрлик ва қаноатсизлик қилиб, Аллоҳ ҳаром қилган фирибгарлик, порахўрлик, ўлчов ва тарозидан уриб қолиш, судхўрлик ва зулм қилиб ўзганинг ҳаққини еб қолишдан ўзини тийиши керак. Чунки, буларнинг ҳаммаси ботил йўллардир.
Ўзганинг ҳаққи деганда кўпчилик фақат шахснинг ҳаққинигина тушунишади холос, лекин давлат ва жамоат мол-мулкини эгасиз деб ундан бемалол ўз манфаатлари йўлида фойдаланадилар. Аммо, бу мол-мулк кўпчилик мулки эканлиги, унинг ичида қанча фақир ва мискин, етим-есир, заиф ва нотавонларнинг ҳаққи борлигини эсдан чиқарадилар. Аслида буларнинг ҳақларига хиёнат қилишлик жуда оғир гуноҳ ҳисобланади.
Одил халифа номини олган ҳазрати Умар зиёратларига бир кеча улуғ саҳобий Абдураҳмон ибн Авф келдилар. Салом-аликдан сўнг халифа ёниб турган шамни ўчириб, иккинчи бир шамни ёқдилар. Бу ҳол меҳмоннинг диққатини тортди. У ҳазрати Умардан “Эй Амирил мўминин, иккиси ҳам шам бўлса, булар бир хил ёруғлик берса, нима учун бирини ўчириб, бошқасини ёқдингиз, бунинг ҳикмати нима?”- деб сўрадилар. Шунда ҳазрат Умар “Биринчи, ўчирган шам – халифалик, яъни давлатники, давлат ишлари учун эди. Иккинчи, ёққан шам эса – ўзимнинг шахсий маошимга олинган шам. Сиз билан суҳбатимиз шахсий бўлгани учун ўзимнинг маошимдан олган шамни ёқдим,” – деган эканлар.
Ҳа азизлар, ўтган тарихга назар соладиган бўлсак, қайси даврда, қайси жамият ва оилада ўзганинг ҳақидан ҳазар қилишлик, ҳалол луқмага эътибор бўлган бўлса –ўшандай жамият ва оилалардан салоҳиятли, дунёга машҳур олимлар етишиб чиққан.  Масалан, Имом Бухорийниинг оталари илмли киши бўлиб, тижорат билан шуғулланганлар ва ўзларидан кейин жуда катта мерос қолдирганлар. Вафот этаётганларида “Менинг бор молу дунёйимда на ҳаром йўл билан, на шубҳали нопок йўл билан топилган бир дирҳам ҳам йўқ” деган эканлар. Мана Имом Бухорийни имом Бухорий қилган асосий омиллардан бири - отанинг аҳли оиласига ҳалол луқмани олиб келиши. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ва аксинча бўлса, ўшандай оилаларда  бахтсизлик, фарзандларнинг ноқобил бўлишлиги кузатилган ва кузатилмоқда. Аллоҳ Қуръонда шундай марҳамат қилади: “Ёмон макру ҳийла, бир кишини алдаш фақат ўз эгасига зарар бўлиб қайтади.” (Фотир сураси 43-оят)
Аллоҳ барчаларимизни ўзганинг ҳаққидан ҳазар қиладиган, луқмаси ҳалол бандаларидан айласин.

Бухоро шаҳар “Шох Ахсавий” жомеъ 
масжиди имом хатиби Х.Ширинов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:01
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram