Ўзингизни ҳалокатга ташламанг.
26 март 2020 й.
63 марта ўқилди.

 
Ўзингизни ҳалокатга ташламанг
 
Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу ала Расулиллаҳ. Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси муфтий ҳазратларининг фатволари эълон қилинди. Муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимовнинг ўзлари нутқ сўзладилар. Албатта, бу фатвода муқаддас Ислом динимизда инсоннинг ҳаёти, унинг жони, унинг умри ва моли азиз ва омонат ҳисобланади. Уни ҳимоя қилиш динимизда мўътабар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, динимиз таълимоти бўлган Қуръони Каримда, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида бу борада далил сифатида келтирилди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилиди: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг”, Бақара сураси 195-оят. Ҳалокат деганда, жуда кўп омилларни тушуниш мумкин. Лекин бугунги кундаги Хитой пневмонияси(Коронавирус 19) ҳам ҳалокатнинг бир йўналиши ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон ва ҳар бир фуқаро ўзини, оиласини, ватанини ва шаънини ҳимоя қилмоғи даркор. 
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингга ҳам зарар етказма, бировга ҳам зарар берма”, дедилар. Имом Можа ривояти. Шу ҳадисга биноан, инсон ҳар хил касалликларни олдини олиш учун ўзини ҳам, ўзгани ҳам ҳимоя қилмоғи керак. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақиқий мўмин инсон ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўради”, деганлар. Имом Бухорий ривояти. Ҳақиқатдан бугун биз ўз соғлигимизга эътиборли бўлишлик билан бир қаторда, ўзгалар саломатлигига даҳлдорлигимизни билдиради. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча жомеъ масжидлар, диний таълим, олий ва ўрта махсус билим юртлари, жамоатжамланадиган жойларни аста-секинлик билан ҳолилаштиришга қарор қилинди. Бундан кўзланган асосий мақсад келадиган касалликни олдини олиш ҳисобланади. Масжид беш маҳал намоз ўқийдиган гўзал ибодат даргоҳи, лекин бизнинг динимизда барча ер юзи намозгоҳ қилиб берилган. Уйда ҳам адо этилса бўлади. Масжидлар жамоат жам бўлдиган, муомалага киришиладиган даргоҳ ҳисобланади. Ушбу хасталик тарқалиш эҳтимоли юқори бўлган омиллар сирасига киради.  
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бошингга беш нарса келмасдан, беш нарсани ғанимат бил”. Ўшалардан бири “беморлик келмасдан бурун, соғлигингни ғанимат бил”, дедилар. Имом Бухорий ривояти. Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан берилган топшириқларига барчаларимиз лаббай деб жавоб бермоғимиз лозимдир. Булар жумласига Муфтий ҳазратларининг берган фатволари ҳам киради, бу фатвога амал қилиш вожиб ҳисобланади. Биз ҳам ушбу фатвога асосан, Бухоройи шарифда мавжуд бўлган бир юз бешта жомеъ масжидларни санитар жиҳатдан дизенфексиялаб, ёпиқ ҳолатда сақлаб турибмиз. Бу орқали биз, халқимиз, миллатимиз ва соғлигимизни сақлаган бўламиз. Албатта, бир нарсани тушуниб етмоғимиз лозимки таҳликага тушушликка, хотиржамликни йўқотишликка, ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу ваҳима соладиган ҳолат ҳам эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бутун уммат жам бўлса-ю сенга зарар етказмоқчи бўлса, тоинки Аллоҳ таоло ёзмаган бўлса, зарар етказа олмайди. Агар бутун уммат жам бўлса-ю сенга манфаат етказмоқчи бўлса, Аллоҳ таоло китобат қилмаган бўлса сенга манфаат етказа олмайди”, деб марҳамат қилдилар. Имом Бухорий ривояти. Шундай экан ҳар бир мўмин инсон барчасини Яратгандан билиб, хотиржамликни йўқотмай, хасталикка чалинишни олдинини олиш, миш-миш, иғволарга учмасдан хайрли дуойи ниятлар қилиб, сабр ва шукроналик билан ҳаётини давом эттиради.
Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хушхабарни етқазинглар ва нафратни уйғотманглар”, дедилар. Имом Бухорий ривояти. 
Демак, доимо яхши хушхабар сўзни етказиш ва яхши сўзни тарқатиш қанчалик инсонни қувонтиради ва унинг акси эса, инсонни хафа қилиб нафратини келтиради.
Бугунги кунда биз хайрли дуо ва ниятларни қилмоғимиз, яхши нарсалар ҳақида ўйламоғимиз даркор. Бозорда турфахил гап-сўзлар тарқатиб, истеъмол қиладиган озиқ-овқатларни жамлашимиз керак экан деб таҳликага тушишимиз керак эмас. Минг қоп унни уйингизга жамласангиз ҳам Аллоҳ таоло насиб этганини тановвул қила оласиз, йўқса бир ушоқ нонни ҳам ютолмай бу фоний оламни тарк этганлар ҳам бор. Аллоҳ таоло ёзган умри етмиш бўладиган бўлса, етмишни кўради, агар у қисқа деб ёзилган бўлса, албатта у қисқалигини ҳам кўради. Шундай экан биз ҳамиша ваҳимадан, қўрқувдан ўзимизни, халқимизни, оиламизни асрасак, албатта ватанни, юртни асраган бўламиз. Бозордаги савдо-сотиқ билан шуғулланадиган айрим қўштирноқ ичидаги тожирлар, касалликни кириб келишидан фойдаланиб, ўз манфаатларини устун қўйиб, келмоқдалар. Мусулмон киши бундай ҳолатларда динимиз таълимотларига таянган ҳолда иш кўради. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иҳтикор қилган киши хатокордир”, дедилар. Имом Муслим ривояти. 
Ихткор бу нарх қимматлашишини кутиб бозорга чиқармай сақлаб қўйиш ва кейинчалик қиммат сотишдир. Ушбу кимсалар бугунги кунга бўлаётган жараёнда ўзининг ҳимматини кўрсатиш, холис хизмат қилиш, Аллоҳ таолодан молига ва ризқига барака тилашининг ўрнига молини жамлаб, унинг нархини сунъий кўтараши яхши эмас. Балки бугун эзгулик қўлини чўзиш яхшидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сув оловни ўчирган каби садақа хатони ўчиради”, дедилар. Имом Термизий ривояти. 
Инсон қанчалик яхшилик қилса ва хайрли солиҳ амалларни қилишни кўпайтирса, Аллоҳ у кишининг мол-у ризқига баракот, қалбига сакинат-у тўқлик, фаровон ҳаёт-у охират ободлигини насиб этажак.

Жобир Элов
ЎМИ Бухоро вилояти вакили,
вилоят бош имоми
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:15
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram