Ватанга муҳаббат - қалбида иймони борларнинг фазилати!
12 март 2016 й.
2124 марта ўқилди.

 ВАТАНГА МУҲАББАТ – ҚАЛБИДА ИЙМОНИ БОРЛАРНИНГ ҲИСЛАТИДАНДИР!

Ҳар бир жон соҳиби борки, ўзи туғулиб ўсган, киндик қони тўкилган жойи, маконини севади, асрайди ва турли хил ҳатарлардан ҳимоялашга интилади. Ўрни келганда ўзгалардан қизғонади. Бу нарсаларнинг барчасининг замирида “ватан” деган тушунча ётибди. Келинг, ватан ҳақида, унга бўлган муҳаббатнинг мавқейи ҳақида бироз фикр юритиб ўтайлик. Шояд бунинг оқибатида, онага қиёсланган ватанга бўлган муҳаббат, қалбимиздан чуқурроқ ўрин эгалласа...
 
Мазкур мақолага киришишдан муқаддам, фикримизни жамлаб, атрофга, табиатга мурожаат қилайлик. Бунда, оддийгина қушга, ақлдан мосуво ҳайвонга ёки хонадонимизда учраб турадиган паррандаларга қарайлик. Буларнинг барчасидан ўзимиз учун исталганича ибрат-намуналар олишимиз мумкин. Масалан, қушга эътибор берадиган бўлсак, у ўз инини қанчалар қўриқлашини, асрашини шоҳиди бўламиз. Оддийгина мисол тариқасида, йилда бир мартагина уйимизда меҳмон сифат бўлган қалдирғочнинг мисолида, ёки булбул учун тиканзордан кўра хуш кўрадиган макон йўқлиги барчамиз учун очиқ ҳақиқат. Шу ўринда бобомиз ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг машхур бир ғазаллари ёдимга тушади.
 
Ғурбатда, ғариб шодимон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқ-у, меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтин қафас ичра гар, қизил гул битса,
Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмиш.
 
Нақадар пурмаъно ва насиҳатомуз ғазал десам, зинҳор адашмаган бўламан. Қаранг, юқоридаги айтилган гапларимизни яққол исботи ўлароқ, олтин қафасни ичидаги қизил гул ҳам, булбул учун тиканчалик бўлмаслиги ёки бўла олмаслигини ғазал мулкининг султони бўлмиш бобокалонимиз ҳам зикр қилиб ўтганлар.
 
“Ватанни ким севади?” деган саволга ҳеч ким иккиланмай “иймони комил инсон” дея жавоб берса каминангиз ажабланмайди. Ҳақиқатдан ҳам ватанни комил инсонларгина сева оладилар. Уларгина “ватан” деган  табаррук тушунчани тасавур қила олади ва унга муносиб равишда ёндоша оладилар. Бу муқаддас тушунчани тушунмаганларни кўрсам, ичим қақшайди. Инсон зоти ичида шунчалар хорлар ҳам борки, уларни мисолини айтишга ҳам ор қиласан киши... Ўзларини ватани қаерлигини билмайдиганлар, ватан деганда фақатгина қоринлари тўйган жойнигина тушунадиганлар, ватан учун, унинг шаъни учун ҳаракат қилишга келганда, тошбақа мисоли тошининг ичига беркинадиганлар мана шуларнинг жумласидандир. Буларни номларини ўқиш ҳам қандайдир ноқулай.
Бир қанча китобларда, қатор-қатор ҳадисларда ватанни севмоқ ҳақида айтилди, айтилмоқда ҳам. Аммо одамларнинг баъзилари буларга амал қилмаяпти ёки буни кўрмаяпти ҳам. Иккинчи гапимиз ўринли бўлса керак. Ҳақиқатдан ҳам улар буни кўрмаяптилар ёки кўра олмайдилар ҳам. Уларнинг кўзлари фақатгина маишат, фитна-фасодларни кўринади холос. Уларнинг кўзларига моддий ҳаёт кўринади. Маънавий роҳатни ҳис қила олмайдилар ҳам.
 
Бундай тоифадаги кимсаларни ҳасис кишилар деб ҳам таърифлашимиз мумкин. Чунончи улар ўзларининг умрларини кўкка совуришиб, биринчи навбатда ўзларига ҳиёнат қилишмоқда. Фарзандларини ва яқинларини ҳам мана шундай муҳитга одатлантиришиб, уларни ҳам онгига ҳам келажагига ҳиёнат қилишмоқда дейиш мумкин. Шундай тоифали ҳасис кишилар ватан учун бегонадир. Хасис киши ҳақида ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу “ҳасис киши ўз шаҳрида ҳам бегона” дея, хасислик иллатидан инсонларни огоҳликка чорлаганлар.
 
Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш бахтига мушарраф кишилар, энг бахтли кишилар қаторида дейишимиз ўринлидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллаоҳу алайҳи васаллам: “Ватан ҳимояси учун бедор бўлган кўзларга дўзах олови йўқдир!”, – дея ватан ҳимоячиларининг жамиятдаги ўрнилари, уларнинг мавқелари ва қилган ва қилаётган ишлари учун ажр (мукофот) қандай эканлигини биз умматларга яққол тушунтириб берганлар. 
 
Ватаннинг сарҳадлари фақатгина қўшни давлатлар билан чегара ҳудудлари эмас, балки, унинг сарҳади икки хил маънода тушунилади. Лафзий ва маънавий сарҳадлар бор. Бу иккаласининг ҳам ўзига хос аҳамиятлари бор. Масалан, ўқитувчи ўқувчиларга билим бериб, уларни ўқитяпти, билмаган нарсаларини ўргатиб улардаги илмсизликни кетказмоқда. Шифокорлар эса, кишиларнинг дардини аритиб, уларга ҳаётда соғлом турмуш тарзини тавсия қилишмоқда. Булар ҳам албатта ватаннинг ҳимояқиси, қалқони, таянчи десам янглишмасам керак. Чунки, ўқитувчилар маънавий сарҳадларни ҳимоячилари бўлса, шифокорлар тиббий саломатликни ҳимоячилари бўлса, демакки буларнинг ҳаммаси маънавий сарҳадларни ҳимоячилари саналади.
 
Лафзий сарҳадлар деганда ҳаммамиз кўриб турганимиздек ва юқорида айтиб ўтганимиздек, юртнинг чегараларини тушунамиз. Буни албатта бунга муносиб бўлган баҳодирлар қўриқлайдилар. “Ватанни– мардлар қўриқлайди” дея доно халқимиз бежиз айтмаганлар.
 
Киши ўз олдига албатта маълум мақсадларни қўйиб яшайди. Унга эришиш йўлида ҳар ким турлича йўлларни қўллайди. Аммо азизларимиз, алломаларимиз эса бунга ҳам маслаҳат берганлар ва керакли бўлган йўлларни тавсия қилиб кетганлар. Саъдий Шерозий ўзининг қуйидаги мисралари билан бу борада катта намуна бўладилар.
 
Яхшилик кетидан агар чопарсан,
Истагинг, бахтингни шунда топарсан.
 
Шундай кимсалар борки, уларга ниманидир ўргатишни, айтишни ёки уқтиришни имкони ва ҳожати йўқ. Улар ўзларини билимдон санашади. Улардаги биттагина “биламан” деган тушанчалари, кўп ҳолатларда ўзларининг зиёнларига ишлайди.
“Жоҳилнинг “биламан” дейиши, кўрнинг “кўраман” дейиши билан баробардир” – деб, уч юздан ортиқ илмий асарларнинг муаллифи бўлмиш Туркиялик мутафаккир Муҳаммад Камол Пилов. У жаҳонҳамжамиятидаги иттифоққа ўз ҳиссасини қўшган.
Мулоҳазаларимизнинг интиҳоси ўлароқ, ватанга бўлган муҳаббатни янада ошириш, унга бўлган садоқатни мустаҳкамлаш, халқнинг эртаси учун қайғурадиган ёшларни тарбиялашда, ватан сарҳадларини ҳимоя қилишда Аллоҳ таолодан нусрат тилаймиз.
 
Халифа Худойдод жомеъ масжиди 
имом хатиби О. Саъдуллоев
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram