Xалққа доим хизматда бўлмоқ
09 декабр 2019 й.
316 марта ўқилди.

 

Xалққа доим хизматда бўлмоқ

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
“Мусулмон мусулмонга биродардир. Мусулмон мусулмонга зулм қилмайди, душманга топшириб ҳам қўймайди. Ким биродарига ёрдам берса, Аллоҳ унга ёрдам беради. Ким бир мусулмоннинг мушкулини енгил қилса, Аллоҳ қиёмат кунида унинг мушкулини енгил қилади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, қиёматда Аллоҳ унинг айбини беркитади-кечиради” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Инсон ҳаётида иқтисодий ва ижтимоий соҳада кўп ишларни қилишга муҳтож бўлади. Хусусан, агар оила бошлиғи бўлса бу эҳтиёжлар янада ортиб бораверади. Инсон зиммасидаги вазифаларни бажаришга қанчалар ҳаракат қилмасин, ҳар доим ҳам якка ўзи буни уддасидан чиқа олмайди. Шундай вақтларда бу суннатнинг – халққа хизмат қилишнинг қанчалик улуғ иш эканини инсон ич-ичидан ҳис қилади.
Баъзи инсонлар халққа хизмат деганда фақат моддий ёрдамни тушунишади. Лекин бу нотўғри тушунча. Одамларга моддий ёрдам бериш халққа хизмат қилишнинг юксак кўринишларидан бири саналсада, бироқ халққа хизмат қилишнинг асл моҳияти одамларнинг хизматида елиб-югуриш, уларнинг ташвишларини енгил қилиш йўлида ҳаракат қилиш демакдир. Мақсад, одамларнинг мушкулларини осон қилиш. Баъзида бу муаммолар давлат идораларига боғлиқ бўлса, баъзида бозор-ўчар ёки бирга сафар қилиш ёхуд айрим уй-рўзғор жиҳозларини тузатиш ёки ўрнатишга тегишли бўлиши мумкин.
Мурувватли инсонлар ёрдамга муҳтож кишини кўрсалар ёрдам бермай тура олишмайди. Маймун ибн Меҳрон роҳимаҳуллоҳ айтганларидек, одамгарчилик уч босқичдан иборат бўлади: очиқ чеҳралилик, хушмуомалалик ва ҳожатбарорлик.
Қолаверса, мусулмон киши халққа хизмат қилар экан, бу ишни одамлар олдида обрў олиш ёки вақти келганда бу ҳожатманднинг ҳам фойдаси тегиб қолишини кўзлаб эмас, балки Аллоҳнинг розилигига етиш учун қилиши керак. Зеро, яхши одамлар  бошқаларга хайру эҳсон қилсалар: “Биз сизни холис Аллоҳ учун таомлантирамиз. Сизлардан (бунинг эвазига) бирон мукофот ҳам, миннатдорчилик ҳам истамаймиз!” (Инсон: 9-оят) – дейишади. Биз ҳам бошқаларнинг хизматини қилар эканмиз, шиоримиз мана шу оятдагидек бўлиши керак. Чунки, мукофот эвазига бўлмасада, миннатдорчилик эвазига хизмат қилиш ҳам холис хизмат ҳисобланмайди. Зеро, халққа хизмат қилишнинг ортидан энг кўп фойда кўрувчи шахс хизмат қилувчининг ўзи ҳисобланади. Охиратда, ота ўз фарзандига ёрдам бера олмайдиган кунда Аллоҳ мушкулингизни енгил қилишидан ҳам катта мукофот борми, ахир?! Келинг, фарзандларимизга ёшлигиданоқ халққа хизмат қилишнинг савобини ўргатайлик. Токи улар улғайишганида умматимиз ичида яна бир суннат тирилган бўлсин.

Когон шаҳар “Шом” 
жомеъ  масжиди имом хатиби
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:05
Куёш: 05:55
Пешин: 13:10
Аср: 18:05
Шом: 19:50
Хуфтон: 21:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram