Халқ хизмати ва манфаатлари улуғ қадрия
04 феврал 2017 й.
1276 марта ўқилди.

 Халқ хизмати ва манфаатлари улуғ қадрият.

   Инсон ҳаётидан ахтарган ҳикмати бу-бахт. Ҳар ким бахтни  ўзича тушунади, ўзича англайди, ўзича излайди. Аслида қоидаю андозаси бўлмаган "бахт" бор нарсами ёки рўёми? Нега уни кимдир бойликдан, кимдир амалдан, яна кимлардир эса нимадандир ахтаради? Аслида эса ҳақиқий бахт бу-инсон ўзини яратган Парвардигорини унутмаган ҳолда ҳидоят йўлида бўлишлик, халққа, ўзи яшаб турган жамиятга ҳамма вақт нафи тегадиган, вафотидан кейин ўша инсонни ҳамиша яхши ном билан эслайдиган зотлардан бўлиб яшашликдадир.
   Ҳаммамизга маълумки,  динимиз инсонпарварлик, яхшилик динидир. Ҳар доим инсонларга манфаат етказиб, уларга ҳамиша яхшилик қилиб туришликка чорлайдиган гўзал бир диндир. Халққа, инсонларга яхшилик қилишлигимиз нафақат улар учун фойда, балки бизнинг икки дунё саодатманлигига эришишлигимизга сабаб бўлади. Шу жумладан, юртбошимиз ҳам бежизга кириб келган ушбу 2017-йилни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили", деб эълон қилмадилар.
   Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в) нинг муборак ҳадиси шарифларининг бирида шундай деб марҳамат қилинади: "Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси-одамларга энг кўп нафи тегувчи инсондир" (Имом Табароний рив).
     Дарҳақиқат, ўтган азизларимиз, улуғларимиз, шу жумладан саҳоби киромлар, тобеъинлар ҳам Аллоҳ таолодан савоб умидида ўзаро бир-бирларига яхшилик қилишликка, инсонларга манфаат келтиришликка, савобли, нек амалларни кўпроқ қилишликка  мусобақалашишарди. Чунки савобли, хайрли ишларни ҳар куни қилишлик ва ҳар ким қилишлиги лозим. Қилинган ушбу эзгу ишлар ва амаллар туфайли инсоннинг қалби нурафшон бўлиб, ойдинлашади ва ушбу ёруғ оламга ўзгача бир раҳм-шафқат нигоҳи билан қарай бошлайди.
   Пайғамбаримиз (с.а.в) дан ривоят қилинган муборак ҳадиси шарифларнинг яна бирида шундай дейилган: "Икки хислат борки ундан афзалроқ нарса йўқ:
1.Аллоҳга иймон келтириш.
2.Мусулмонларга манфаат етказиш.
ва яна икки хислат борки ундан ёмонроқ нарса йўқ:
1.Аллоҳга ширк келтириш.
2.Мусулмонларга озор етказиш.
   Ҳақиқий мўъмин банда чин ихлос билан, Аллоҳдан савоб умидида доимо халқнинг, инсонларнинг хизматини қилишликка, уларнинг оғирини енгил қилиб дардини олишликка ҳаракат қилади.
     Албатта, хизматнинг катта-кичиги бўлмайди. Балки хизматнинг чин ихлос билан ёки хўжакўрсинга риё аралаш қилингани бўлади. Ана шундай хўжа кўрсинга, риё аралаш қилинадиган хизматдан Аллоҳ таолониниг ўзи барчаларимизни асрасин.
   Хизматнинг катта-кичиги бўлмайди дедик. Оддийгина бир мисол: Бизлар масжидга ёки уйга кираётганимизда ичкаридагиларнинг оёқ кийимларини тўғрилаб, тартибга солиб қўйишлигимиз ҳам Аллоҳнинг ҳузурида улкан хизмат, улуғ ажр бор. Ноъмаи аъмолимизга биз учун савоб ёзилишлигига сабаб бўлади. Биз учун бу бир оддий ҳолатдек туйилиши мумкин, лекин қилган ушбу кичкина хизматимиз, амалимиз туфайли Аллохнинг жаннатига дохил бўлишимиз мумкин. Зеро Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида шундай деб марҳамат қилади: 
                      
                    فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ 
 
Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар.
 
وَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ                                              
 
Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар.
(Залзала сураси 7-8 оятлар)
  Халқ хизмат қилиш турли ҳолатда бўлади. Нонвой ўзининг ширин, таъмли нонлари билан хизмат қилса, ҳайдовчиларимиз эса ўз уловлари билан халққа хизмат қилиб, уларнинг уларнинг узоғини яқин қиладилар. Бобо деҳқоларимиз ўзлари етиштирган ноз-неъматлари билан дастурхоларимизнинг тўкин-сочинлигини таъминлаб турсалар, чорвадорларимиз эса ўзларининг чорва моллари билан халқнинг хизматида бўладилар. Албатта барча касбу-кор соҳиблари ўзларининг ҳалол меҳнатлари, касбу-корлари билан халқнинг хизматида бўладилар. Ушбу қилинган холисона хизматлари шарофатидан халққа фойдалари, нафлари тегади ва ҳамда ўзларига ҳам моддий, ҳам маънавий фойда ортирадилар. Яъни, ҳам ўзларининг оилаларига иқтисодий жиҳатдан фойда ва ушбу қилинган холисона хизмат шарофатидан Аллоҳ таоло уларни улкан ажру-мукофотлар билан сийлайди. Зеро, шоиримиз Мирзо Кенжабек ўзларининг шеърларида айтганларидек:
 
Ибодат не? Яратганга итоат ҳам ибодатдир,
Ҳақиқий бандалик бирлан садоқат ҳам ибодатдир.
Ибодатдир, тирикликни этолсанг маърифат боғи,
Машаққатлик илм, санъат, қироат ҳам ибодатдир.
Онанг бирлан отанг қалби ўтар Каъба тавофидин,
Алар кўнглини шод этсанг, шу хизмат ҳам ибодатдир.
Хабар олдингми бемордан, қариндош, дўст, мусофирдан,
Бировни йўқласанг дилдан, зиёрат ҳам ибодатдир.
 Умрни этмайин исроф, ўзинг рўза, вужудинг соф,
Агар пок ҳолда ухларсен, шу роҳат ҳам ибодатдир.
Мудом Аллоҳни зикр этсанг, ҳалол борига шукр этсанг,
Қиёмат кунни фикр этсанг, тижорат ҳам ибодатдир.
Бутун борлиқ наботот ҳам Яратганга этар тасбеҳ,
Бобо деҳқон экиб юрса, зироат ҳам ибодатдир.
Ибодатдир, бирор золим, жафокорга десанг ҳақ сўз,
Ва нодонга сукут қилсанг, сукунат ҳам ибодатдир.
Агар жуфти ҳалол бирла кўнгилхушлик этар бўлсанг,
Фалак шоҳид, малак ҳозир, бу суҳбат ҳам ибодатдир.
Бу Исломдир, бутун ҳолинг ибодат ҳолига келгай,
Ва огоҳлик билан ўтган шу фурсат ҳам ибодатдир.
Тамал иймону ихлосдир, бу қуллик бандага хосдир,
Худо деб қилганинг ҳар иш ва ният ҳам ибодатдир.
 Севиб, Мирзо, фақат  дўстлик билан дилларни обод эт,
Агар Аллоҳ учун севсанг, муҳаббат ҳам ибодатдир.
           Илоҳим Парвардигор Эгам барчаларимизни қиладиган ҳар бир амаллиримизни чин юракдан, чин ихлос билан, Алоҳдан савоб умидида қиладиган, ҳамиша, ҳамма вақт халқнинг дарди билан яшайдиган, халқнинг хизматида камарбаста бўладиган бандалари қаторида айласин. Барчаларимизни Аллоҳ таолонинг Ўзи икки дунё бахту-саодатига мушарраф айласин.
 
 
 
Когон шаҳар "Шом" жомеъ
масжиди Иллиев Олим.    
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram