ЯХШИ ТАРБИЯ ҲАМ ИБОДАТ
15 октябр 2020 й.
67 марта ўқилди.

 
ЯХШИ ТАРБИЯ ҲАМ ИБОДАТ
 
Динимизда оналар улуғланади. Улар бу эъзозга муносиб бўлишлари учун энг аввало фарзандларини тўғри тарбиялашда фидойилик кўрсатишлари керак. “Туққан она кундан яхши, боққан она ундан яхши” дейилади халқ мақолида. Боқиш фақат тўйғазиш, эгнини бутлаш эмас. Онанинг асл мақсади, фарзандининг қалбида эзгулик уйғотиш, яхшилик ниҳолини ундириш бўлмас экан, чинакам инсоннинг камол топиши мушкул. Шунинг учун маърифатпарвар олим Исмоил Ҳаққий бундай дейди: “Жамиятнинг ҳақиқий саодати яхши тарбия кўриш, фазилатли хотинлар ила қоимдир. Хотинлар инсониятнинг ярмисидир. Фақат жуда муҳим бир ярмисидир...”. Оналаримиз фарзанд тарбиясига бир лаҳза ҳам бепарво бўлмасликлари керак.
Фарзанд яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам илк бор оилада кўради. Ота-она унга ҳар бир ишда ўрнакдир. Болалар катталарнинг юриш-туришига, ҳулқ-атворига тақлид қилади. Уларни тўғри йўлга солиш учун ота- оналарнинг ўзлари тарбияли бўлишлари зарур. 
Мутахассисларнинг айтишича, бола икки-уч ёшдаёқ баъзи нарсаларни идрок эта бошлайди. Беш ёшгача қандай тарбияланса, кейинчалик ҳулқи шундай шаклланади. Кейинги уринишларнинг натижаси кам бўлиши кузатилган. Унга гўдаклигидан дастурхон одобларини ўргатиш керак: бола овқатланишдан олдин қўл ювишга, луқмани катта олмасликка, овқатдан сўнг дуо қилишга, кейин яна қўл ювишга одатлансин.
Бола қандай китоб ўқиётгани, кимлар билан дўстлашгани, қандай филмлар томоша қилишини доим назорат қилиб туриш керак. Катталарга хос ҳикоя ва суҳбатларни тинглашдан узоқ тутган маъқул. Тарбиясига ёрдам берадиган, пайғамбарлар ва буюк зотлар ҳақидаги эзгуликка чорловчи ҳикоялар кўпроқ айтиб бериш керак. Болалар ахлоқига ёмон таъсир қўрсатадиган китобларни ўқишмасин, ҳаёсиз, шавқатсиз филмларни кўришмасин. 
Болани ҳар қандай ҳолатда ҳам хатосини тушунтириб, қилган иши ёмонлигига ишонтириш керак. Тарбияда ширин сўз энг самарали усул. Бир нарсани ўрганишга ва бир ишдан қайтишга қаттиқ турманг, кескин буйруқ бермай, амалий таъсир ўтказган яхши. Оналар: “Болам қулоқ солмаяпти” деб нолиб юришади. Аслида бу ҳол дўқ қилиш, жазолаш, қўрқитиш билан орттирилган соҳта обрў оқибатидир. Бундай ҳолат болани онадан бездиради. Натижада, гўдак иродасиз бўлиб ўсади.
Ёшлигидан болага авратини беркитишни ўргатинг, ҳаёли бўлиб улғаяди. Ўртоқларини ҳурмат қилишни билсин, мақтанчоқликдан сақланади. Бировдан бир нарса олса тезда эгасига қайтаришга одатлантиринг, омонатдорлик масъулиятни ҳис этади. Ҳатто ерда ётган, эгаси йўқ нарсага ҳам қўл узатмасин.
Болага кичиклигидаёқ катталар олдида одоб билан туришни, керишмасликни, бармоқларини қирсиллатмасликни, кўп гапирмасликни, оёқларини чалиштириб ўтирмасликни ўргатиш керак.
Фарзандлар келажагини ўйлаган ота-оналар ўзаро муомалада ҳам паст-баландни ҳисобга олиб, ўринли сўзлашишади. Чунки болалар яхши билан ёмонни катталардек фарқлашмайди. Шу боис бирор ёмонлик қилиб қўйишса, афсус чекишмайди. Агар вақтида яхши сўз билан тушунтирилса, унда эзгуликка интилиш ҳисси кучаяди.
Яхши тарбия ҳам ибодатдир. Бола азиз – одоби ундан азиз, деб бежиз айтишмайди. Хуллас, ўғил-қиздек улуғ неъматларнинг қадрига етайлик, уларга чиройли хулқни мерос қолдирайлик.


Когон шаҳар “Алишер Навоий” жомеъ масжид

имом-хатиби Афзал Камолов 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:46
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram