Яхшиликлар калити
05 ноябр 2014 й.
943 марта ўқилди.

 Яхшиликлар калити

 
Дуо – мусулмонга берилган улуғ неъмат. Бундан ҳар доим фойдаланиш унинг бурчи. Умрнинг ҳар онлари дуо билан ўтиши инсоннинг бахти. У банданинг барча ишларда саодат, роҳат, хотиржамлик ва нажот топишининг улуғ сабаби. Дуо – банда дунё ва охиратда қўлга киритадиган барча яхшиликлар калити. У Аллоҳга ёлвориш ва бўйсунишни зоҳир қилиш аломати. 
Дуо ибодат каби бандани Роббисига бўйсундиради. Дуо сабаб банда Роббисига яқинлашиб бораверади ва борган сайин унинг муҳаббатини қозонаверади. Дуога интилиш, унга бардавом бўлиш – савоб қозониш, тўғриликни ҳосил қилиш, шарафга эришиш ҳамда қалбга сурур бахш этишдир. 
Дуо эшиги очилган кишига ижобат эшиги ҳам очилади. Дуо бандачилик белгиси бўлиб, ибодат, ёрдам сўраш, чақириш, талаб, сўраш, улуғворлик, қизиқтириш, юксалиш ва номлаш каби маъноларни ўзида мужассам этган. Буларнинг барчасига албатта оятдан далиллар келтирилган. 
Охиратга озуқасиз бориш – қашшоқлик. Дуо – охират куни учун энг яхши озуқа. Озуқа миқдорини ошириш банданинг қўлида, бунга имконият етарли. 
Дуо икки қисмдан иборат. Биринчиси – сано: дуо қилувчи Аллоҳни чиройли исмлари, олий сифатлари ва унгагина тегишли бўлган калималар билан мақтайди; ёмонликдан хавфсираб, яхшиликдан умидвор бўлади; сано айтиш асносида Аллоҳнинг буюклигини ҳис этиб бораверади.
Иккинчиси – талаб: дуо қилувчи ҳаёт ва охиратда ўзига фойдаси тегадиган нарсаларни талаб қилади; зарарларни даф қилишни, ишларининг осон бўлишини, қийинчиликларни бартараф этишни Яратгандан сўрайди. 
Мусулмон киши ҳар иккисига муҳтож. Шу туфайли Аллоҳдан қўрқинчи янада зиёда бўлаверади. Бу бандадан талаб қилинган муҳим нарсадир. 
Аллоҳ таоло сўнгги пайғамбарни бошқа пайғамбарлардан афзал кўрганидек, охирги умматни ҳам аввалги умматлардан устун этди. Бандаларига дуо қилишни ибодат даражасига кўтаргани ҳам ана шундан. Уларнинг дуоларини қабул қилишга ваъда берди. Ҳидоят қандай бўлишини кўрсатиб берди: 
 
وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِي وَلْيُؤْمِنُواْ بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ
 
“Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларининг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар”. (Бақара, 186)
Ҳадис илми султони ватандошимиз имом Бухорийнинг “Ал-Адаб ал-муфрад” асарларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳис салом: “Ибодатнинг энг шарафлиси дуодир”, – деб таърифладилар».
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Дуо ибодатдир”, – дейилган (Термизий ривояти). 
Термизий ривоят қилган: “Аллоҳга дуодан-да ҳурматлироқ нарса йўқ”, “Ким Аллоҳдан сўрамаса Аллоҳ унга ғазаб қилади”, деган ҳадислар ҳам фикримиз тасдиғидир,  
Дуо – ёмонликларни даф этишда, талаб қилинган нарсага етишда энг кучли ва ишончли восита. У энг манфаатли ва шифобахш гиёҳ. Дуо – мусибат ва балонинг душмани, шайтоннинг бошига туширилган гурзи. Дуо қилган кишидан шайтон узоқлашади. Дуони лозим тутган қалб хотиржам қалбдир. Қалбнинг роҳати ҳам шунда. Мунтазам қилинган дуо туфайли ҳар қандай қийинчилик эшиклари очилиб, касаллар шифо топади. Дуо келаётган балони қайтаради ёки енгиллаштиради. Бу иккиси бўлмаган тақдирда эса охиратга захира бўлиб қолади. 
Дуо – ибодат мағзи, дин устуни, еру осмонларнинг нури, қабр чароғонлиги, мўминнинг қуроли. Аскар қуроли билан юрт сарҳадларини қўриқлагани каби дуо қилувчи ўзини шайтони лаъин васвасаларидан ҳимоя қилади. 
Пайғамбар алайҳис салом марҳамат қиладилар: “Дуодан ожизлик қилманглар. Чунки дуони лозим тутганлар ҳаргиз ҳалокатга учрамас” (Ҳоким ривояти).
Бошқа ҳадисда эса: “Дуода ожизлик қилган киши инсонларнинг ожизидир”, – дейилган (Табароний ривояти).
Бўш вақтни дуо ва зикрда ўтказиш – нақадар бахт. Чунки бу Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 41–42-оятларида “Эй мўминлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Эрта-ю кеч унга тасбеҳ айтинглар”, – деб хитоб қилган.
Аллоҳни зикр қилишда банда учун улуғ манфаатлар бор. Аллоҳни зикр қилганни Аллоҳ зикр қилади. “Мени эсласанглар, мен сизларни эслайман”, (Бақара, 152) деган оят бунинг исботидир. 
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Дуога интилинглар. Кўп тақиллатилган эшик ҳаргиз очилмай қолмас”. 
Мақсадимиз, яхши ниятда дуога очилган қўлларимиз қуруқ қайтмасин. Ҳар ким дуо қилганда ўзгаларни ҳам асло унутмасин.
 
Мир Араб мадрасаси
Раҳмонов Акбар
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:29
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram