ЯХШИЛИККА БУЮРИБ, ЁМОНЛИКДАН ҚАЙТАРИШ- МЎЪМИНЛАРНИНГ СИФАТЛАРИДИР
19 май 2017 й.
132 марта ўқилди.

 ЯХШИЛИККА БУЮРИБ, ЁМОНЛИКДАН ҚАЙТАРИШ- МЎЪМИНЛАРНИНГ СИФАТЛАРИДИР

Бировни ёмон амал устида кўриб, уни ўша амалидан халос қилиш ҳаракатида бўлган кишига ҳавас қилса арзийди. Чунки, ундай инсон биродарига яхшилик тилаб, унинг ўша ёмонликдан узоқлашишини истайди. Бир киши биродарини  хабис амалидан халос эта олса, у нафақат бир кишига балки бир неча инсонларга  манфаат етказган бўлади. Зотан,  одамдаги бир ёмон иллат туфайли фақат ўзигина эмас, балки оила аъзолари, қариндош уруғ, ёр-дўстлари ҳам азият тортишади. Демак, инсонларни яхши амалларга буюриб, уларни ёмонликлардан қайтарувчи кишилар жамиятда энг керакли одамлардан ҳисобланади. Мана шу гўзал сифатларга эга бўлганларни Аллоҳ азза ва жалла  муборак Каломида мақтаб:
 قال الله تعالى: وَلْتَكُنْ مِنْكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ .
Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир”, дейди. Ояти каримада, яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтарадиган кишилар   нажот топишига ишорат қилинмоқда. Бу эса дунё ва охират нажотидир. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган киши мана шу сифатларни ўзида жамлаши  муҳим иш саналади. Мусулмон киши оиласида, маҳалласида кўча-куйда мункар амалларни кўрса, албатта уни қайтариши керак. Чунки, оят тафсирида буюк муфассир Имом  Бағавий бу оятдан “сизлар ҳаммангиз мазкур ишларни қиладиган уммат бўлингиз”, деган маъно олинади деган. Муфассирларнинг аксарияти шу  тафсирни қўллаб-қувватлаганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам шу тафсирга биноан, амри маъруф ва наҳйи мункар билан шуғулланишни фарзи айн, яъни ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир, деб билганлар. 
Агар гуноҳ амаллар қилинсаю, уни кўрган ё билган кишилар индамаса ёки бефарқ бўлса, оқибати жуда ёмон бўлиб, инсонлар одамийликдан чиқиб кетишади. Бузуқ ишлар кенг ёйилаверади. Агар ёмонликларга ўзи буюриб, инсонларни яхши амаллар қилишдан тўсса, ундай одамнинг одамнинг аҳволи янада оғирроқдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда  бу сифатга эга кишилар ҳақида марҳамат этиб:
  قال الله تعالى:  الْمُنَافِقُونَ وَالْمُنَافِقَاتُ بَعْضُهُمْ مِنْ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمُنْكَرِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمَعْرُوفِ 
 
Мунофиқ эркаклар билан мунофиқ аёллар бир бирларидандирлар. (Улар одамларни) ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан қайтарадилар...” (Тавба:67) , бу амал кишидаги мунофиқликнинг аломатларидан эканлигини эслатади. 
 Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадиси шарифларида:
قال رسول لله صلى لله عليه وسلّم: من رأى منكرا فليغيّره بيده ، فان لم يستطع فبلسنه ، فان لم يستطع فبقلبه وذلك اضعف الايمان. 
 
«Сиздан ким ёмон-мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бунга қодир бўлмаса тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса дили билан, ана ўша иймоннинг заифлигидандир», деганлар.  Бу ҳадисдан мўъмин киши мункар ишлардан қайтариши ва у амаллар қилинишига нафси рози бўлмаслиги кераклигини англаш мумкин. Гуноҳни қилиб турган кишини гуноҳидан қўл билан қайтариш энг афзал қайтариқ, тил билан эса ундан кейинги ўринда эканлигини билиб олдик. Лекин буларга қодир бўла олмаса ҳеч бўлмаса қалб билан рад этиш керак экан. 
 Ҳар бир киши қўл остидагиларга масъулдир. Эр оиласи учун масъул экан, энг аввал хотини, фарзандларини мункар ишлар қилиб қўйишларини олдини олиш ҳаракатида бўлиши, бу учун инсон аввал ўз нафсини ислоҳ қилиши аҳамиятлидир. Чунки инсон бир кишини яхшиликка чақирсаю, ўзи аксини қилса, гаплари таъсирсиз бўлиб қолиши ҳаммага маълум.   Баъзида бировни тузатаман, уни тўғри йўлга чақираман деб, жаҳл ила гапириш ҳам вазиятни исталмаган томонга буриши мумкин. Шунинг учун бу борада Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 125 оятида: 
   قال الله تعالى:  ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَنْ ضَلَّ عَنْ سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ
“(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир”, деб марҳамат этади. Бу Аллоҳ таолонинг Ислом умматининг энг аввалги муаллимига кўрсатган йўли. Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳаётларининг охиригача инсонлар билан шу услубда муомалада бўлдилар. Чиройли муомалада насиҳатлар қилиб, умматни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюрдилар.  Яна бир оятда Аллоҳ таоло марҳамат этиб айтадики:
  قال الله تعالى:   فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ  ..
“ Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар ...” 
Демак, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг атрофларидаги кишиларга нисбаттан  юмшоқ муомалада бўлган эканлар. Кўп ҳолатларда инсонлар орасидаги муносабатлар  мулойимлик, хушмуомалалик сабабидан мустаҳ камланишига барчамиз ҳаётимизда гувоҳ бўлганмиз.  Баъзан эса қўполлик билан қилинган муомала ҳаттоки яхшиликка буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш бўлсада, тортишувлар, жанжал, муштлашишгача бориши мумкин. Шунинг учун бу ҳолатда мўъмин-мусулмон киши Пайғамбаримизга эргашадиган бўлса,  Аллоҳнинг изни ила яхши натижаларга эришади.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки,  бизлар яшайдиган жамиятда бола дунёга туғилган кунидан бошлаб, ота-ота, бобо-бувилар фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратадилар. Аҳён- аҳёнда  бобо ва бувиларимизнинг ёшлигимизда ҳикматга тўла сўзлари, насиҳатларини эслаб турамиз.  Бу сўзларнинг қанчалик тўғри эканлигини ҳаётимиз давомида исботини кўрамиз.  Ёшлигимизда бизга таълим берган устозларимизнинг қимматли маслаҳатлари билан ҳаётимизда кўп баракотларни қўлга киритамиз. Демак, улар мана шу масъулиятни яхши ҳис эта олишган экан.  
Ҳозир ахборот алмашунуви тез бўлган бир зомонада яшамоқдамиз. Турли хил маълумотлар дунёнинг у четидан бу четига бир зумда етиб келар экан,  уларнинг ҳаммаси ҳам инсониятнинг покиза фитратига таъсир этмайди дея олмаймиз.  Шунинг учун бугун халқлар орасида   фоҳишабозлик, бир жинслилар никоҳи, терроризм, худкушлик каби яна бошқа кўплаб ахлоқсизликлар тез ва кенг ёйилиб кетмоқда. Бундан бугунги кунимиз устозларининг масъулияти кечагидан кўра янада ортиқроқ эканлигини билсак бўлади. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш фақат маълум кишиларнинг иши эмас балки, барча мўъмин кишининг вазифаси ҳисобланади. Биз кўчада, маҳалла, бозор, иш жойимизда қўйинг-ки қаерда бўлмасак, фисқи-фужурни гувоҳи бўлдикми буни четлаб ўтмаслигимизнинг аҳамияти катта. Лекин чегарадан чиқмаган ва қўполликка йўл қўймаган ҳолда,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллаганларини юмшоқлик билан амалга оширсак,  у зоти бобаракотнинг суннатларига мувофиқ йўл тутган  бўламиз.
 
Абу Бакр Сиддиқ жомеъ
масжиди имом
   хатиби Орифжон Тўқсонов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:10
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 18:05
Шом: 19:45
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram