ЁЛҒОНЧИЛИК ҲАҚИДА
20 апрел 2017 й.
278 марта ўқилди.

 ЁЛҒОНЧИЛИК  ҲАҚИДА

Инсон ҳаёти жамият ичра ўзаро муносабатларда бир-бирига ишонч устида қурилган. Исломда маънавий жиноятлар моддий жиноятларга нисбатан янада хатарлироқдир. Айнан маънавий жиноятлар моддий жиноятларнинг содир бўлишига сабабчидир. Балоғатга етган ҳар бир инсоннинг барча маънавий жиноятлари, жумладан, заррача ёлғони ҳам жазосиз қолмайди. Ҳар бир ёлғони номаи аъмолига ёзиб борилади ва улар учун қиёмат куни жазосини албатта олади. Аллоҳ Таоъло Қурон Каримда:
«У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф сураси, 18-оят);
Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорисдан р.а. ривоят қилинади: «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизларга кабира (улкан) гуноҳлар ҳақида хабар берайми?» деб сўрадилар. Биз: «Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг расули!» дедик. Шунда у зот: «Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмоқ, ота-онага оқ бўлмоқ, – деб суяниб тургандилар, тўғри ўтириб олиб, – огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ», деб такрорлайвердилар, ҳатто биз: «Қанийди, жим бўлсалар-ку», деб умид қилдик». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Олимлар ёлғон соғлиқнинг ёмонлашувига ва ўзини ёмон ҳис қилишига олиб келади деган хулосага келишди. Тадқиқотчилар икки кўнгиллилар гуруҳи орасида тажриба ўтказишди. Биринчи гуруҳ нима бўлганда ҳам рост гапирмоғи керак эди. Иккинчи гуруҳга эса ҳеч қандай тавсия берилмади. 10 ҳафта ўтгач, олимлар иштирокчилар билан қайта учрашишиб, таҳлиллардан сўнг натижани эълон қилганлар. Аниқланишича, рост гапирувчилар ўзларини яхшироқ ҳис қилишган. Улардан бош, томоқ оғриғи, стресс ва хавотирланишдан шикоят тушмаган. Иштирокчилар ёлғон детектори орқали текширилган. Шунингдек, биринчи гуруҳнинг таъкидлашича, атрофдагилар билан муносабат ҳам яхшиланган. Бундан олдин ўтказилган тадқиқотларга кўра, киши ҳафтасига ўртача 11 марта ёлғон гапиради. Олимлар ёлғондан фақат муносабатларни яхшилаш учун эмас, балки соғлиқни сақлаш учун ҳам четда бўлишни маслаҳат бермоқдалар.
Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдилар: Журжоний: «Ёлғон хабар унинг воқеъликка тўғри келмаслигидир». Ибн Ҳажар: «Ёлғон бир нарса ҳақида қасддан бўлсин, ноқасддан бўлсин, унга хилоф нарсани гапиришдир»,деган. Ёлғон сўзда бўлиши билан бирга амалда ҳам бўлади. Унда ёлғончи кимса бўлмаган нарсани бўлган қилиб кўрсатиш учун ҳийла қилади. Ёки унинг аксича, бўлган нарсани бўлмаган қилиб кўрсатишга ўтилади.Ёлғончилик барча разолатларнинг аслидир.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: «Нимага куляпсизлар?» дедилар. «Ҳазиллашиб, Фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз», дейишди. У зот: «Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас», дедилар».
Умуман олганда, озгина бўлса-да, Аллоҳга иймони мавжуд, қиёматдан умиди бор инсонлардан ташкил топган жамиятда иншаАллоҳ заррача ёлғонга ўрин қолмайди. Шунингдек, бундай жамиятнинг каттаю кичик, эркагу аёл, барча фуқаролари ҳам ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка ҳаракат қиладилар.
«Улар (яъни, Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар» (Фурқон сураси, 72-оят), деб айтган.
Абдулқодир Гилоний ҳазратларининг болалик чоғларида кечган бир воқеа жуда ибратли. Макка сафарига отланган карвонда илм олиш ниятида йўлга чиққан ёш Абдулқодир ҳам бор эди. Саҳрога етганларида карвон қароқчилар ҳужумига учрайди. Бор нарсаларини талон-тарож қилади. Кароқчилар бошлиғи келиб:
—Абдулқодирдан Сенинг ниманг бор деб сўрайди?
—Кирқ тилла тангамбор деб айтди Абдулқодир.
—Қароқчилар бошлиғи қани улар деб сўраганида?
— Чопонимнинг этагига тикилган.
Кароқчи олдинига боланинг гапига ишонмайди. Яна сўрагач, Абдулқодир тилла тангаларини чиқараб беради. Ўзи айтмаса, қароқчилар билишмасди, аммо сафарга отланаётиб, онасига ёлғон гапирмасликка ваъда берган эди. Ўша ваъдасига содиқ иш тутди. Боланинг рост гапи тўдабошига қаттиқ таъсир қилиб, тортиб олинган молларни эгаларига қайтариб беради.
Ёлғон – фақат ёлғончининг шахсига эмас ёки ёлғондан бевосита зарар топувчигагина эмас, балки бутун жамиятга, инсониятга зарар етказадиган катта маънавий жиноятдир. Шунинг учун ҳам Исломда ёлғондан йироқ бўлишга ва унга ҳеч йўл қўймасликка ҳаракат қилинган. Аллоҳ Таоъло «Содиқ-ростгўй бўлганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди» (Муҳаммад сураси, 21-оят), деб айтган.
Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинган ҳадис шарифда. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ростгўйлик яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Албатта киши рост сўзлайди, ҳаттоки Аллоҳ ҳузурида сиддиқлардан, деб ёзилади. Ёлғончилик гуноҳга етаклайди. Гуноҳ эса дўзахга етаклайди. Албатта киши ёлғон сўзлайди, ҳаттоки Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончи, каззоб, деб ёзилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Аллоҳ таоло: «Ва ёлғон сўздан йироқ бўлингиз» (Ҳаж сураси, 30-оят); Ёлғондан нафақат ўзимизни балки яқинларимизни ҳам асрамоғимиз лозим.
Ёлғон ишларни бузади ва алал-оқибат ўз эгасининг обрўсини тўкади. Жамиятда ёлғонни тарқалиши сабаб одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, омонатдорлик йўқолиб фисқу фужур кенг илдиз отади. Ёлғон ишончни йўққа чиқаради. 
Умар ибн Абдулазиз: «Мазахдан сақланинглар. У кек пайдо қилувчи аҳмоқликдир», деган.
 
 
Бобомуродов Бахтиёр
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:10
Куёш: 06:58
Пешин: 13:10
Аср: 16:30
Шом: 18:10
Хуфтон: 19:30
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram