Исломнинг тўртинчи аркони
19 октябр 2015 й.
1228 марта ўқилди.

 Исломнинг тўртинчи аркони

 
Ўзига фарз қилинган закотни адо этиб юрган мўмин банда, Аллоҳ наздида закот аҳллари қаторида ёзилади. Тўплаган бойлиги ҳалол бўлиб, ҳалоллик билан дунёдан кетади. Ҳеч бандани бу борада шайтони лаъин алдаб қўймасин. Агар банда Аллоҳ розилиги учун садақа ёки закот чиқармоқчи бўлса, шайтон унинг қалбига васваса қилиб, фақирлик эшигини кўрсатиб, уни бу йўлдан қайтаришга уринар экан. Бу нарса банданинг закот чиқаришига тўсиқ бўлади. Аллоҳ бандасига раҳмат назари билан боқиб, унга бу борада ёрдам берсагина азалий ва абадий душмани устидан ғолиб келади. 
Ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) закот бериш вақти келиб, уни чиқаришни қасд қилганларида уруш кийимини кийиб, қуролларини тақиб, жангга шай турган аскар каби отга миниб олар эканлар. Саҳобалар сабабини сўрашганида, уларга қарата: “Мен шайтонга қарши жангга тайёр турибман. Менинг закот чиқаришимга ғов бўлишидан қўрқаман”, – деб жавоб берар эканлар.
Энг катта кураш – шайтонга қарши кураш. Шайтон одамларни камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади, Аллоҳ ваъда қилган нарсаларга тўсқинлик пайида бўлади.
 
الشَّيْطَانُ يَعِدُكُمُ الْفَقْرَ وَيَأْمُرُكُم بِالْفَحْشَاء وَاللّهُ يَعِدُكُم مَّغْفِرَةً مِّنْهُ وَفَضْلاً وَاللّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
 
“Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчидир” (Бақара, 268). 
Аллоҳ фазли кенг зот. Улкан уммонга игнани ботириб кўтарганда уммоннинг суви камаймаганидек, бандасига қанча берсада, мулки камаймас. Бандаси берган закот ўрнига унданда каттароқ бойликни ато этишга қодир. У бандаларнинг барча амаллари ва ниятларидан хабардор. Берилган неъматлардан инсониятга эҳсон чиқарганларга кўплаб марҳаматлар ёғилади. 
 
قُلْ إِنَّ رَبِّي يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَن يَشَاء مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَهُ وَمَا أَنفَقْتُم مِّن شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ
 
“Айтинг: “Албатта Парвардигорим бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқ бергувчиларнинг яхшироғидир” (Сабо, 39). 
Демак, камбағал бўлиб қолишдан қўрқитадиган иблисдан хавфсирамай, ҳам савоб, ҳам ўрнига бойлик ато этадиган Зотга ишонч билдирмоқ керак. 
Ҳадисда “Моли нисобга етиб закотини бермайдиган кимсаларнинг бошига ҳар куни етмиш икки нафар фаришта осмондан лаънат олиб тушишади”, дейилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда закотни тарк этганларни қаттиқ қоралаган.
 
الَّذِينَ لَا يُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَهُم بِالْآخِرَةِ هُمْ كَافِرُونَ
 
“Закотни (ҳақдорларга) ато этмайдиган, ўзлари охиратга кофир бўлган мушрикларга эса ҳалокат бўлгай!” (Фуссилат, 7). 
Парвардигори олам Одам Атонинг орқасини силаб қиёматгача келадиган зурриёдларини чиқарганида, бойларини ажратиб, уларга молларини таъйин қилиб: “Бу молларни сизларга бераман. Сизларни унга султон қиламан. Менинг фарзларим ва ҳақларимни адо этишдан юз ўгармайсизлар”, – деб уқтирди. Сўнгра камбағалларни ажратиб, уларнинг ризқларини таъйин қилди. Бойларга камбағалларни кўрсатиб, молларининг бир улуши аслида шуларники эканини уқтирди. Бойлар ҳам, камбағаллар ҳам бу адолатли тақсимотга рози бўлишди. 
Ҳадисларда келтирилади: “Ҳар куни аршнинг тагида икки фаришта: “Мол Аллоҳники, бандалар унинг бандаси, камбағал оч қолса бойлар азобланади”, – деб нидо қилиб туради”, “Қўшниси оч қолиб, ўзи тўқ бўлган киши Аллоҳга ва охиратга том маънода иймон келтирмабди”.
Нега энди бу оят ва ҳадисларни биламизу, унга амал қилишда сусткашликка йўл қўймоқдамиз. Аллоҳ ва расулига иймон келтирганмизу, унинг буйруқларини гўзал тарзда адо этишда ҳалигача уйқудамиз. Атрофимизда қанча мискин ва заифлар биз билан умр кечирмоқдалар. Турли зиёфатлар қиламизу, бироқ чақирганимиз кўпроқ ўзига тўқлар. Совға-салом улашмоқчи бўлганимизда ҳам кўнглимизга тўқ кимсалар келади. Нега энди бу борада қалб тарозимизга эътибор бермаймиз. Ёки тарозимиз палласи шунчалар хатоми?. Тарозида адолат ўрнига муросани тортишга бизни ким мажбур қилди? Мезон тарозида амалларимиз ўзимизга хилоф тарзда тортилса нима қиламиз? Шуни ҳеч ўйлаб кўрдикми? Бугун ҳаммамизга кўзни очадиган вақт келди. Истиқлол бизга кўплаб имкониятлар берди. Ота-боболаримиз фақат орзу қилган, баъзи тушига кирмаган нарсалардан ҳар куни баҳраманд бўлмоқдамиз. Бунинг шукронаси қани? Бу савоб тўплайдиган зўр имконият. Ҳожатмандларга бир луқма таом бериш билан ажримиз улканлашиб боришини унутмайлик. Ортиқча нарсаси бўла туриб, мусулмонлар ғамини емаганлар, юртдошлари ҳолига боқмаганлар Аллоҳ ва расулининг зиммасидан йироқда. Молу дунё билан мағрурланиб, камбағаллар ҳаққини унутганларга қийин. Ҳамма нарсанинг заволи бор. Имкониятдан борлигида фойдаланмоқ керак. Одатда инсон бой бўлиш илинжида яшайди. Закот чиқарганлар, албатта, сахий кимсалар. Улар шайтоннинг қўрқитувчи ваъдаларидан хавфсирамайди. Аллоҳга қаттиқ ишонч билдирганлар саодат соҳибларидир. 
Ҳадисда: “Хасисликдан сақланинг. Чунки у сизлардан олдингиларни ҳалок қилди. Бир-бирларининг қонларини тўкишга, ҳаромни ҳалол дейишга мажбур қилди”, – дейилган. 
Бунинг ягона давоси:
“Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир” (Ҳашр, 9). 
Бахил шайтони лаъиннинг шериги эканини унутмайлик.
 
وَاسْتَفْزِزْ مَنِ اسْتَطَعْتَ مِنْهُمْ بِصَوْتِكَ وَأَجْلِبْ عَلَيْهِم بِخَيْلِكَ وَرَجِلِكَ وَشَارِكْهُمْ فِي الأَمْوَالِ وَالأَوْلادِ وَعِدْهُمْ وَمَا يَعِدُهُمُ الشَّيْطَانُ إِلاَّ غُرُورًا
“Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкарингни) торт, топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл (яъни, уларни ҳаромдан мол-дунё ва бола-чақа орттиришга унда), уларга (ёлғон) ваъдалар қил». Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур” (Исро, 64). 
Закотдан бош тортганлар шайтон молининг хазинабони. Закоти берилиб покланган мол қабрда соҳибига чироқ, пулсиротдан ўтишда кўмак бўлади. 
Яманлик бойларда бири Мадинада вафот этди. Ундан кўп миқдорда бойлик қолди. Расулуллоҳга хабар етказилганда: “Унинг меросхўри бормикин?” – деб сўрадилар. “Йўқ”, – деб жавоб беришди. “Унинг моли байтулмолга тегишли”, – деб, молларни келтиришни буюрдилар. Барча бойлиги масжидга келтирилди. Масжид ичи тилло, кумуш, тақинчоқ ва либосларга тўлди. Унинг кўплигидан йиғилганлар ҳайрон қолишди. Молни байтулмол хазинасига олиб кетишаётганида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу улар ичидаги қимматбаҳо тилло билагузукни кўриб, ажабланиб қаради. Бунинг шоҳиди бўлган пайғамбар алайҳис салом: “Шуларнинг биттасини соғломлигида, тириклигида садақа қилганида барча моли байтулмолга ўтганидан хайрлироқ бўларди”, – деб жавоб бердилар.  Ана шунақа, мол кетади, умр ўтади, биздан фақат савоб қолади. 
 
 Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram