ЗАКОТ
07 апрел 2020 й.
90 марта ўқилди.

 

ЗАКОТ   

Закот Исломнинг беш рукнидан учинчиси бўлиб, шариатда фарз бўлган амалдир. Закот Мадинаи мунавварада иккинчи ҳижрий санада Рамазондан олдин фарз қилинди. Закот Қуръони каримда ўттиз мартадан ортиқ келган бўлиб, шундан йигирма еттитасида намоз билан бирга зикр қилинган.  
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:  
«Ва намозни қоим қилинглар ва закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангиз». (Нур сураси, 56- оят.) 
    «Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда закот - махсус молдан, махсус жузни, махсус шахсга, Аллоҳнинг розилиги учун мулк қилиб бериш. 
Закот йилда бир марта, моли нисобга етган кишининг молини қирқдан бир бўлагини ажратиб, мискин ё фақир ёки муҳтожларга беришдир. Садақа, эҳсон ва оила нафақалари закотга кирмайди.    
Закот имкони бор мусулмон одамга Аллоҳ томонидан амр қилинган муқаддас бурч ва илоҳий кўрсатмага биноан шаръий ибодатдир.  
Шаръий рукнлар тартибида закот намоз ва рўза ибодатлари орасида, иймон ва намоздан кейин, рўзадан олдин туради.  
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Мени бир амалга далолат этингки, уни қилсам жаннатга кирай», деди.  
У зот: «Аллоҳга ибодат қиласан ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Фарз намозни қоим қиласан. Фарз қилинган закотни адо этасан. Рамазон (рўзаси)ни тутасан», дедилар. «Жоним унинг қўлида бўлган зот билан қасамки, бундан зиёда қилмайман», деди.  
У қайтгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни аҳли жаннатдан бир одамга назар солиш хурсанд қилса, бунга назар солсин», дедилар».  
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 
  Закотда ибодат маъноси бўлиши билан бирга, улуғ инсоний ғоялар, ахлоқий кўринишлар, руҳий қадриятлар ҳам мавжуд. Унда фақат моддий маъно эмас, балки маънавий, руҳий, ахлоқий маънолар ҳам ўз аксини топган. 
Закотдан асосий мақсад, инсонни молу дунёдан устун қилиш ва бахиллик муаммосидан ҳимоя қилишдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бахилликдан кўп паноҳ сўраганлар. 
Закот бериш бой киши томонидан Аллоҳ берган неъматга шукрона ҳамдир.  
Закот, нафақат закот берувчининг шахсини, балки унинг мол-мулкини ҳам поклаб, сайқаллаб, унинг зиёда бўлишлигига сабаб бўлади.  
 Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:  
(Эй Муҳаммад), “Уларнинг молларидан бир қисмини уларни поклаб-тозалаш учун садақа ол. Ва улар учун дуо қил. Сенинг дуойинг, албатта уларга тасаллидир.  Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи Зотдир”. (Тавба сураси, 103- оят.) 
        Закотнинг бир номи садақадир. Демак, закот мусулмонларнинг молини поклаши ва маънавий тозаланиши учун зарур экани ва шу билан бирга, закот молнинг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими, баракали бўлишига ва турли бало-офатлардан сақланишига ҳам сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бу йилги берадиган закотларимизни даргоҳи олийига қабул айласин. 
  
  
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили,  
Бухоро вилоят бош имом хатиби Жобир Элов

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:35
Куёш: 05:18
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:05
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram