Аҳли суннат вал жамоъадаги ақидавий йўналишлар ва фиқҳий мазҳаблар
20 июл 2018 й.
256 марта ўқилди.

 

Аҳли суннат вал жамоъадаги ақидавий йўналишлар ва фиқҳий мазҳаблар

Аллоҳ таоло Ислом динининг асоси бўлган Қуръони каримни йигирма уч йил давомида нозил қилди. Диннинг асоси Қуръони карим бўлса, ҳадиси шариф унинг шарҳи эди. Макка даври ўн уч йил давом этди. Бу вақт мобайнида нозил бўлган оятларнинг асосий мавзуси Аллоҳ таолонинг яккалигига ва ўлимдан кейинги ҳаёт, охират кунига иймон келтиришдан иборат эди. Чунки ақида диннинг пойдевори ҳисобланади. Ақидасиз динни тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро Сўфи Оллоёр бобомиз: 

“Ақида билмаган шайтона элдир,
Агар минг йил амал деб қилса елдир”, 
деб таъкидлаганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом  дорулбақога кўчганларидан кейин, ислом умматига хулофои рошидин, тўрт халифа бошчилик қилишди. Ушбу халифалар аввало Қуръони карим ва суннати набавияни қаттиқ тутган ҳолларида айрим масалаларда саҳобалар ижмоъи билан ижтиҳод қилишди.   “Аҳли сунна вал жамоъа” дегани  Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг рошид халифалари ва саҳобаларининг йўлларида юрадиган ва қиёмат кунигача уларга эргашган мусулмонлар жамоъаси деганидир.  Аҳли сунна вал жамоъа  эътиқод бобида суннатга мувофиқ иш кўрувчи ва мусулмонлар жамоъаларини бирлаштирувчи мазҳабдир. Аҳли сунна вал жамоъа  уламолари доимо мусулмонлар оммасига соф ислом ақидасини етказиб келганлар. Аҳли суннат вал жамоъа мазҳабини маҳкам ушлаш зарурлиги ақоид китобларида қатъий таъкидланган. Масалан имом Таҳовийнинг Ақоид китобига ёзилган шарҳда шундай дейилган:
“Суннатга ва жамоъатга эргашамиз. Нодир ва хилоф масъалалардан ва тафриқадан четда бўламиз”. Демак Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаларнинг, тобеъинларнинг ақидаларига, амалларига ва ахлоқларига қарши чиққанлар аҳли сунна вал жамоъадан эмаслар. Бу сўзга қуйидаги далилларни келтирамиз: 
“Агар сиз иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ, ҳидоят топадилар. Ва агар юз ўгирсалар, бас, албатта, улар хилофдан бошқа нарсада бўлмайдилар. (Бақара сураси, 137- оят).   
“Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлда юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой”. (Нисо сураси, 115- оят).
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизлардан ким мендан кейин яшаса кўп ихтилофларни кўрадилар. Бас, сизлар менинг ва мендан кейинги рошид халифаларни суннатини маҳкам тутинглар. Уларни маҳкам ушлаб, тиш билан тишлагандек тутинглар”. (Имом Байҳақий, имом Абу Довуд ривоят қилган). 
Аҳли сунна вал жамоъанинг барча ақидавий масалаларда васатия яъни ўртачалик йўлини тутганлиги бошқа оқимлардан фарқи ва афзаллигини кўрсатиб туради.  Зеро ақидавий адашиш ва бўлинишларнинг сабаби соф  ислом ақидасидан четга чиқиш ва ғулувга кетиш натижасида юзага келган.  10-асрга келиб калом илмига катта ҳисса қўшган олимлар, Абул Ҳасан Али ибн Исмоил ва Абу Мансур Муҳаммад ибн Маҳмуд  Ашъария ва Мотуридия ақида йўналишларига асос солдилар.  Ашъария йўналиши Моликий, Шофеий, Ҳанбалий мазҳабларига мувофиқ бўлса, Мотуридия Абу Ҳанифа мазҳаби асосида  шаклланди. Аҳли сунна вал жамоъадан хорижий, шиа, мўътазила каби оқимлар ажралиб чиқишди. Аҳли сунна вал жамоъа  мазҳаби ақидавий йўналишда икки йўналиш, Мотуридия ва Ашъария таълимотларидан иборат бўлса, фиқҳий тўрт мазҳабдан ташкил топган.Фиқҳий мазҳаблар ичида энг кўп тарқалган мазҳаб Ҳанафий мазҳаби бўлиб, бу мазҳабга Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит асос солган. Моликий мазҳаби асосчиси Молик ибн Анас, Шофеъий мазҳаби асосчиси Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаб асочиси Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал ҳисобланадилар. Ушбу тўрт мазҳаб бутун дунёга машҳур бўлди ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар жумҳури томонидан расмий фиқҳий мазҳаблар деб тан олинди. Йигирманчи аср сўнгига келиб ислом оламида мазҳабсизликка чақирувчи тоифалар пайдо бўлди. Уларнинг даъво қилишларича, тўрт мазҳабдан бирига эргашиш шарт эмас, балки кўр-кўрона эргашгани учун гуноҳкор бўлар эмиш. Аслида мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, мусулмонлар бирлигига таҳдид туғдиради. Улар ўзларини мазҳабсиз деб эълон қиладилар-у, аслида ибодатларда тўрт мазҳабдан бирига эргашадилар. Салафи солиҳлар йўлидан юз ўгириб, мазҳабни инкор қилувчилар ўзига хос ҳукм олиш йўлини “ихтиро” қилган бўлишади. Бу ўз навбатида янги мазҳабни даъво қилиш ва Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ўзбошимча ҳукм чиқариб мусулмонларни куфрда айблаб қонини тўкиш, фитна қўзғаш,обод жойларни вайрон қилиш каби оқибатларга олиб бормоқда. Машҳур олим Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир” деганлар. Воқеъликка назар соладиган бўлсак минг йиллар давомида турли миллат вакиллари мазҳаблар асосида аҳил иноқ яшаб, юксак диний ва дунёвий илмлар чўқиларига етдилар ва бугунги кунда ҳам уларни бутун дунё эътироф қилмоқда. Мазҳабни инкор қилиб ўзлари мужтаҳидлик даъвосини қилганлар нимага эришмоқда? Бугунги кунда яқин шарқ мамлакатлари ва бошқа жойларда фақат мусулмонлар қони тўкилишига сохта мужтаҳидлар сабаб бўлмаяптими? Қўлларини қонга белаб бутун дунёга исломни ёмон кўрсатишмаяптими? Хулоса ўрнида айтиш мумкинки мазҳаб инсонларни итоатли бўлишга, тинчликка, муросага чақиради, ҳатто бошқа дин вакиллари билан ҳам аҳил яшашга ундайди. Шундай экан, минг йиллардан бери кўплаб соҳибкаромат авлиёуллоҳларни етиштириб берган мазҳабимизни лозим тутайлик!

Бухоро шаҳар “Абу Ҳафс Кабир” 
жомеъ масжиди имом хатиби  А.Абдуллаев
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:54
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram