АҚИДА ИЛМИ
03 октябр 2018 й.
202 марта ўқилди.

 

АҚИДА ИЛМИ

«Ақида»  сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг кўплик шакли «ақоид» бўлади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир.
Уламоларимиз ақоид илмини турлича таъриф қилганлар:
«Фалсафатут тавҳид ав ашрафул мақосид» номли китобнинг соҳиблари Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Валалий Микносий:
«У яқийний – ўта ишончли далиллардан диний ақийдаларни касб қиладиган илмдир», деганлар.
«Мавоқиф» китобининг соҳиби Абдурроҳман Аҳмад Абдулғаффор Ийжий:
«У – ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад қилиш йўли билан диний ақийдаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир», деганлар.
Имом Ғаззолий машҳур «Иҳёу Улумид дин» номли китобларида:
«Ақоид тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир», деганлар.
Шариф Журжоний «Ал-Мавоқиф»га қилинган шарҳида:
«Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади», деганлар.
Муҳаммад Абдуҳ «Рисолатут Тавҳид» китобида:
«Ақоид» бир илмки, унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, Пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишликлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритилади», деганлар.
Таърифларнинг энг мукаммали ва лўндасини ҳанафий мазҳабининг машҳур алломаси Али Қори «Ал-Фиқҳул Акбар»га қилган шарҳида:
«У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади», деганлар.
Биз эса, ушбу таърифлар бир-бирини тўлдириб келади ва яна баъзи камчиликлар қолади, деймиз.  
Аслида, бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш керак. Бунинг учун, аввало, ўша нарсани идрок қилиш керак. Кейин эса, ўша ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Сўнгра, замон ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши билан ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишончимиз кучли бўлади. Мазкур илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг, у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади.
Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда, ақийдага айланган бўлади. Демак, ақийда илмга асосланган бўлиши лозим.
Шу ўринда Сўфи Аллоҳёр бобомизнинг «Саботул ожизийн» китобидаги машҳур иборани ҳам эслаб ўтмоқ керак:

«Ақида билмаган шайтона элдир,
Агар минг йил амал деб қилса елдир».

Шундай экан, аввало ақийдамизни мустаҳкамлайлик. Турли бузғунчи ақидаларга ишониб ўзимизни ҳалокат ўчоғига ташламайлик. Бунинг учун алломаларимизнинг ақийда борасида ёзган асарларини ўқиб-ўрганиш айни муддаодир.

Нажмиддинов Ғайрат.
Ромитан туман “Маҳаллаи-боло” 
жомеъ масжиди имом хатиби.

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:05
Куёш: 07:56
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram