Бидъат – хурофотнинг боласи
19 июл 2018 й.
75 марта ўқилди.

 

Бидъат – хурофотнинг боласи


Қуръони каримда банда эргашмоғи лозим бўлган ягона тўғри йўл – Аллоҳнинг йўли экани очиқ-ойдин айтиб ўтилган.
«Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни Унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд, тақво қилсангиз» (Анъом сураси, 153-оят).
Демак, бунда бошқа йўлларнинг бари хато, чигал ва охири ҳалокатдир. Бу йўлга кирган киши албатта адашади, тўғри йўлдан оғади, ҳайрат саҳросига ғарқ бўлади. Афсуски, айрим кимсалар буни англаб етмасдан, турли ёлғон-яшиқларга учиб, ҳақиқий йўлни унутиб қўймоқда. Бидъат ва хурофотларга берилиб, ҳам ўзини ва ҳам ўзгаларни алдамоқда. 
Кези келганда шуни айтиб ўтиш лозимки, жоҳилият даврининг исломгача бўлган сарқитлари, одатлари хурофот, исломдан кейин пайдо бўлган янги ирим-сиримлар эса бидъатдир. 
Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида бидъатнинг ҳаромлиги, унда собит бўлиш фосиқликдан ёмонлиги ҳамда бидъатчига лаънат айтиш ва уни ғийбат қилиш жоизлиги айтиб ўтилган. 
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифа инсон бор, уларда ғийбат йўқ: фосиқликни ошкоро қилувчи; бидъатчи; золим султон», – деганлар.
Фосиқ қилган ишига пушаймон бўлиб, тавбага интилади. Натижада гуноҳи кечирилиши мумкин. Бидъатчи эса қилаётган ишини ўзича тўғри деб ўйлайди. Унга бошқаларни ҳам чақиради. Тавбани унутади. Бора-бора гуноҳга муккасидан кириб кетади. Ўрни келганда уни ҳалол санайдиган даражага етиб боради. Бу эса жамиятга катта раҳна солиши табиий.
Оиша онамиздан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бидъат соҳибини улуғласа, гўёки исломнинг вайрон бўлишига ёрдам берибди. Ким бидъатчининг юзига табассум қилса, гўёки исломнинг вайрон бўлишига ёрдам берибди», – дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ислом динига бир янгилик киритса ёки янгилик киритувчига (бидъатчи) жой берса, унга Аллоҳ, фаришталар ва барча инсонларнинг лаънати бўлсин. Унинг на фарз ва на нафл ибодати қабул қилинади», – деганлар.
Агар бидъат соҳиби бошқаларни ўз йўлига даъват ёки далолат қилса, уни тўғри йўлга чақириш талаб этилади. Ким бунга бефарқ бўлса, гуноҳкор бўлади. Агар унинг қилмишига рози бўлса худди бидъат соҳиби каби гуноҳда баробардир.
Шундай экан, бидъат ва хурофотлар жамиятни алғов-далғов қилмасдан, азалий ва абадий урф-одатларимизга сингиб улгурмасдан, турли низо ва зиддиятларни келтириб чиқармасдан унинг олдини олайлик. Уларга ўз вақтида барҳам бериб, инсониятни доимо эзгулик сари етаклайдиган ягона тўғри йўл – Аллоҳнинг йўлидан адашмайлик.

Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:05
Куёш: 05:59
Пешин: 13:10
Аср: 18:10
Шом: 19:50
Хуфтон: 21:10
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram