Биз умматлар...
20 ноябр 2018 й.
65 марта ўқилди.

 

Биз умматлар...


Замин узра раҳмат нури тўкилмоқда, 
Мадҳингизга минг салавот ўқилмоқда,
Лек юрагим чок-чокидан сўкилмоқда,
Суннатингиз қилолмаган ғўр умматмиз,
Қадрингизга етолмаган шўр умматмиз.

Таҳажжудга белларимиз букилмаса,
Саҳар туриб, Каломуллоҳ ўқилмаса,
Кўзимиздан бир қатра ёш тўкилмаса,
Уммат деган даъвоимиз ёлғонмикин,
Ёки нифоқ қалбимизда қолғонмикин?

Салавотни ўз ўрнига қўёлмасак,
Соғинганда меҳрингизга тўёлмасак,
Риё ила қилган ишдан уялмасак,
Суннат ўрнин бидъат қоплаб олғонмикин,
Ёки шайтон ўз йўлига солғонмикин?

Насиҳатдан қотиб кетган юзларимиз,
Оҳ, бунчалар ёлғон бўлди сўзларимиз,
Ҳабибини кўрмоқ истар кўзларимиз,
Илмсизлик адаштирди йўлимиздан,
Тутинг энди биз нодоннинг қўлимиздан.

Фарзандингиз ўлганда ҳам чидадингиз,
Гулларингиз сўлганда ҳам чидадингиз,
Душманингиз кулганда ҳам чидадингиз,
Оҳ, не қилай нуқсонларим ёполмадим,
Устозликда сиздан зўрин тополмадим.

Инсон бугун ихтилофда, ҳар хил фикр,
Васвасадан қутқарувчи фақат зикр,
Сизга уммат қилганига минг бор шукр,
Кунда, тунда тилимизда сизни дермиз,
Расулимсиз, дилимизда сизни дермиз.

Тўлин ойим, ҳам офтобим, гулрухсорим,
Меҳрингизга зор-интизор садқа жоним,
Суннатингиз маҳкам тутай, бор имконим,
Абу Бакру, Умар, Усмон, Шери Худо,
Каби бу жон мудом сизга бўлсин фидо.

Ё Ҳабибим, Ё Муҳаммад, Ё Мустафо,
Даврамизга хуш келибсиз, Ё Аҳмадо,
Сизни кўриб, қалб тўридан чиқди садо:
Суюклигим, ёнимизда юринг ҳар дам,
Умматим деб, бизни қўллаб туринг ҳар дам!

Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:05
Куёш: 07:56
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram