Ҳазрати Умми Сулайм ҳақида.
04 март 2019 й.
59 марта ўқилди.

 
Ҳазрати  Умми Сулайм  ҳақида.

Умму Сулайм ансориялардан бўлиб, Хазраж қабиласининг Нажор уруғидан. Асли исми Румайсо. Расулуллоҳ с.а.в. билан ўрталарида диндош биродарликдан ташқари қариндошлик томонларилари ҳам бор: Нажор уруғи Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳга тоға бўлар эди. 
Биъру Моуна жангида Расулуллоҳ с.а.в. ёнларида жанг қилиб шаҳид бўлган етмиш қорининг бири – Ҳором ибн Милҳоннинг синглиси. Ва машҳур саҳобий Анас ибн Молик р.а.нинг волидаи мукаррамаси.
Умму Сулайм Молик ибн Назир билан турмуш қурган эди. Анас р.а. ана шу турмушнинг фарзанди. Расулуллоҳ с.а.в.нинг даъватлари етганида мадиналиклар ичида биринчилардан бўлиб Исломни қабул этди.
Шундан кейин оддий бир муслима сифатида яхшиликлар тилаб, эри Моликни Исломга чақирди. Аммо Молик ибн Назирнинг жоҳиллиги тутди, хотинидан қаттиқ ғазабланди. Оиласини ташлаб, Шомга кетди ва кўп ўтмай ўша ерда ҳалок бўлди.
Шунда Умму Сулайм: «Ўғлим Анас улғайиб, мажлисларда ўтирадиган бўлмагунча турмушга чиқмайман», сўз берди. Бунга сабаб, агар турмушга чиқсам эрим ўғлимни бегонасираб тарбияси эътиборсиз қолиши мумкин – деб, Умму Сулайм ягона фарзандини чиройли одоб билан тарбиялади. Албатта бу – фарзандни  гўзал ахлоқда тарбиялаш учун жон куйдириш жуда катта аҳамиятга ва диққатга сазовор ишлардандир.
Йиллар ўтди. Анас шундай гўзал одобда улғайдики, ҳатто ёшлигидан бошлаб, онасининг ҳаққига дуо қиларди: «Эй Аллоҳим, онам тарбиямни чиройли қилди. Ажрини Ўзинг зиёда эт!»
  Умму Сулайм ўғли Анаснинг тарбияси учун кўп қайғурди. Ислом дини таълимотларини мурғак қалбига қуйиб борди. Пайғамбаримиз с.а.в. Мадинага келганларида эса,  ўғлини у зотга батамом топширди. Анас учун Пайғамбар хонадонлари мадраса, Сарвари коинотнинг ўзлари муаллим бўлдилар. Бу ҳақда Анас р.а. шундай ривоят қиладилар:
«Набий с.а.в. Мадинага келдилар. Мен 10 ёшда эдим. Онам қўлимдан тутди-да, Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларига олиб борди. У зотга қарата: «Эй Расулуллоҳ с.а.в.! Шаҳримизга  ташрифимизга қутлаб, совға-салом билан келмаган бирор эркак ё аёл қолмади. Фақат мен қолдим. Сизга ўзгача совға қилмоқчиман. Ўғлим Анас сизга туҳфа бўлсин. Сизга маъқул келганича хизматингизни қилсин» деди. Мен Расулуллоҳ с.а.в.га 10 йил хизмат қилдим. У зот мени бирор марта урмадилар, сўкмадилар, койимадилар, ҳатто қовоқларини солиб қарамадилар ҳам».
Умму Сулайм қачон ўғли билан кўришса, албатта, Расулуллоҳ с.а.в.га чиройли хизмат қилишини тайинларди. Бир сафар она-бола йўлда учрашиб қолишди.
Қаерга кетаяпсан? – деб сўради Умму Сулайм
Расулуллоҳ с.а.в.нинг бир ҳожатларини адо этгани. Лекин бу сир.
Ўғли қатъиятидан хурсанд бўлган она:
Болам, Пайғамбаримизнинг сирларини доим шундай сақла, - деб уқтирди.
Қайси она фарзандига яхшилик тиламайди, дейсиз. Ҳамма оналаримиз қатори Умму Сулайм ҳам ўғлига баракотлар ёғилишини жуда-жуда истар эди. Ва бу борада у бошқалардан кўра яхшироқ йўл тутди. 
Бир куни у Расулуллоҳ с.а.в.дан: «Ходимингиз Анаснинг ҳаққига дуо қилинг», деб ўтинди. Расулуллоҳ с.а.в. «Парвадигоро, Анаснинг молига, авлодига ва яна Ўзинг ато этган бошқа нарсаларига барака бер», деб дуо қилдилар. Шу дуо ижобатидан Анас р.а. узоқ ва баракали умр кечирди, юздан ортиқ ўғил-қиз ва неваралар кўрди.
Анас улғайгач, Умму Сулаймга Абу Талҳа исмли бой-бадавлат, аммо Исломга кирмаган бир киши совчи юборди. «Ўғлинг Анас катта бўлиб қолди, мажлисларда ўтирадиган, сўз айтидиган бўлди» – деб ниятини билдирди. Умму Сулайм унга қарата: «Эй Абу Талҳа мен сен билан турмуш қуришим мумкин, аммо афсус сен мушриксан, мен муслимаман. Менинг сенга турмушга чиқишим жоиз эмас», - деб жавоб қилди. 
Абу Талҳа: «Бу қандайин сафсата, Румайсо? Менинг олтин-кумушларим қаёқда-ю, сен қаёқда?! Нималар деяётганингни ўйлаб кўр» , – деди. Ва қатъият билан айтилган жавобни эшитди: « Менга олтин ҳам, кумуш ҳам керак эмас. Сен на эшитадиган ва на кўрадиган, на бирор ҳожатингни раво этадиган нарсага ибодат қиласан. Эй Абу Талҳа фалон қабиланинг қора қул дурадгори ишлаб берган ёғочга ибодат қилишдан уялсанг-чи! Агар сен Исломни қабул этсанг, сенинг мусулмонлигинг менинг никоҳ учун оладиган маҳрим бўлади. Менга бошқа нарса керак эмас!»
Умму Сулаймнинг келинлик учун олинадиган бойликларни ўзга бир инсоннинг иймони дея «қурбон бўлиши» Абу Талҳанинг вужудига титроқ солди. Бундай таклифни рад этишга жавоб тополмади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло давлати ва ҳеч кимга сўз бермаган бир жоҳил бандани Расулуллоҳ с.а.в. жаннатда кўрдим, деб башорат берган аёл сабабидан ҳидоятга бошлади.
Менинг Исломимга ким гувоҳ бўлади? – деб сўради Абу Талҳа.
Расулуллоҳнинг ўзлари. У кишига бориб айт, - деди Умму Сулайм
Расулуллоҳ с.а.в. саҳобалар билан ўтирган эдилар. Ўзлари томон келаётган Абу Талҳага кўзлари тушиб, марҳамат қилдилар: “Абу Талҳа ҳузурингизга пешонасида қашқадай кўриниб турган Исломий нури билан келмоқда”. Шундай қилиб, Абу Талҳа Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларида мусулмон бўлди. Кейин Умму Сулаймнинг гапларини айтди. У зот Умму Сулайм  билан Абу Талҳани ўша шартга мувофиқ никоҳлаб қўйдилар. Одатда араб аёллари ўзлари учун тайёрланадиган сепларга, маҳрига бериладиган олтину кумуш тақинчоқларга жиддий эътибор беришади. Аммо буюк саҳобия Умму Сулайм бу борада аёл зотига қиёматга қадар бир хайрли ибрат қолдирди. Собит Баноний бу  ҳақда: “Умму Сулайм олган маҳрдан каттароқ маҳр олингани маълум эмас”, деган эди.

Садоқат ва сабр намунаси
Умму Сулайм  Абу Талҳа билан саодатли ҳаёт кечирди. Аллоҳ таоло уларни ширинтой бир ўғил билан сийлади. Абу Талҳа ўғлига шу қадар меҳр қўйдики, уни ҳеч кимга ишонмас, ҳаётини суюкли фарзандисиз тасаввур этолмас эди.
Аллоҳ таоло маҳр бобида умму сулайм сабабидан бир ибрат қолдиргани каби, муслима оналар учун ҳаётида яна бир намуна бўлишини ирода қилди. 
Тўсатдан унинг гўдак ўғли касалликка чалинди. Бу ҳол Абу Талҳанинг фикру хаёлини машғул этди. У Расулуллоҳ с.а.в.нинг ҳузурларига бориб-келиб турар, келган заҳоти ўғлининг аҳволини сўрар эди. Ана шундай кунларнинг бирида ўлим бу маъсум гўдакни уларнинг бағридан узиб олди. Абу Талҳа Расулуллоҳ с.а.в.нинг ёнларида эди. Шўрлик она не қилсин? Кўзининг оқу қорасини, жигар порасини йўқотди! Ҳаммамиз биламизки, оналар бундай ҳолатда ўзларини йўқотадилар, дод-фарёд қиладилар, ёқаларини йиртадилар.
Умму Сулай бу ўринда ҳам бутун дунё муслима аёлларининг ичидаги мумтоз ва буюклардан бири эканлигини кўрсатди. Аввал болани ювди, унинг ҳали иссиқина юзларидан тўйиб-тўйиб ўпди, ундан кейин кафанлади, хушбўй нарсалар сепишдан олдин гўдагининг гулдек юзларига боқиб, энди ҳеч қачон бу юзлар унга боқиб турмаслигини билиб, оналик меҳри жўшиб, кўзларидан шашқатор ёшлар оқди, боласини ҳеч кимга ишонмайдиган меҳрибон отаси Абу Талҳага билдирмаслик учун болани устига чойшабини ёпиб қўйди. Сўнгра Анас р.а.га боланинг вафоти ҳақида ҳеч нарса демасликни тайинлаб, Абу Талҳани чақириб келиш учун юборди.
Абу Талҳа келиши билан ўҳлининг аҳволини сўради. Умму Сулайм: “Ухлади. Худодан сўрайманки, шояд шу уйқуси роҳатли бўлса”, деб намга ва ғамга тўлган кўзларини яширди. Абу Талҳа хотинининг бу жавобидан: “Бола соғайиб қолибди”, деб гумон қилди. Ўша куни Абу Талҳа рўза тутган эди. Ифторлик қилди.
Тун кирди. Шунда ҳам Умму сулайм қалбидаги маҳзунликни билдирмади. Хушбўйланиб, зийнатланиб, эрининг ёнида бўлди. Тунни бирга ўтказишди.
Тонг отди. Эри масжидга отланар экан, Умму Сулайм секин гап бошлади:
Абу Талҳа агар бир кишидан омонат олинса, Абу Талҳа сўнг эгаси у нарсани сўраса, Абу Талҳа олганлар уни қайтармасликка ҳақлари борми? – деб сўради.
Йўқ, омонат эгасига қайтарилади. Бермаймиз дейишларига ҳақлари йўқ. 
Шунда Умму Сулайм мақсадга кўчди: “Аллоҳ таоло омонатга ўғил берган эди. Энли ўша омонатини қайтариб олди.
Абу Талҳа: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деди. бошқа ҳеч сўз айта олмади. Чиқиб, Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларига борди. Намоз ўқиди. Сўнг кеча шом арафасида ўғли вафот этганини, бундан бехабар тунни хотини билан ўтказганини баён қилди. Ҳазрати Пайғамбаримиз с.а.в. шунда اللهم بارك له – бу кечангизни Аллоҳ барокатли қилсин, - дуо қилдилар. 
Расули Акрамнинг дуоларига осмон эшиклари очилди. Суюкли фарзандларини йўқотган бу оилага Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Абу Талҳани берди. Абдуллоҳни эса, 9 та фарзанд билан сийлади. Ҳаммалари ҳофизу Қуръон бўлишди. Айниқса, тўнғич ўғиллари Исҳоқ ибн Абдуллоҳ йирик фақиҳ даражасига кўтарилди.
Ушбу саҳоба аёлнинг ҳаёти, оналаримизга, азиза опа-сингилларимизга дунё ва охират саодати сари ойдин йўлни кўрсатади, деб умид қиламиз. Зеро, Расулуллоҳ с.а.в.: “ Жаннат оналар оёқлари остидадир”, деганларида ана шундай пок ва сабрли аёлларни назарда тутган бўлсалар ажабмас.

«Жўйбори Калон» ўрта махсус ислом билим юрти 
АРМ раҳбари Фароғат  Муҳаммадшоева
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:39
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram