“Ҳижрат” тушунчасини нотўғри талқини.
08 сентябр 2017 й.
574 марта ўқилди.

“Ҳижрат” тушунчасини нотўғри талқини.

Бугунги кунда ақидапараст гуруҳлар томонидан ҳижрат тушунчаси ўз мафкуравий қарашларига мос равишда талқин қилинмоқда.

Бу кучлар дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига таассубга берилган шахсларни бир жойга жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадлар йўлида ҳаракатланишмоқда. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни ўз атрофларига тўплашга интилиб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва улар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанини тарк этишга тарғиб қилинмоқда.

Ўз юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш айни ислом таълимотига зид ишдир.

Ал-Фокиҳий ўзининг “Макка хабарлари” асарида ёзишича, ибн Аббос разияллоҳу анҳу ухлаётганида ёстиғи тагидаги ҳамёнини ўғирлашади. Ўғри ушланиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам олдига олиб борилганида, у ўз қилмишини шу маблағ эвазига ҳижрат қилмоқчи экани билан оқламоқчи бўлади. Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳ эса унинг ишини қоралаб, Маккага қайтиб, ўз шаҳрида муқим яшашга буюриб: Ҳижрат тўхтатилди!”, – дея таъкидлайдилар.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, – дейди. У зот эса: “Ота-онангни олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, – деб жавоб беради (Абу Довуд ривояти).

Ислом тарихида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва маккалик саҳобаларга энг кўп ёрдам берганлар мадиналик ансорлар бўлган. Улар ўзларининг меҳмондўстлиги ва беғараз ёрдамлари билан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зотнинг саҳобалари кўнглига йўл топган. Убай  Ибн Каъб разияллоҳу анҳу оталаридан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ҳижрат бўлмаганда эди, ансорлардан бири бўлган бўлардим”, – дея марҳамат қилганлар (Сунан Термизий).

Ҳанафий уламолардан бўлган Абу Жаъфар ат-Таҳовий ушбу ҳадисни шарҳлаб, “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзга юрт вакили – маккалик бўлганликлари сабабли ўзларини ансорлар жумласига киритмаган”, – дейди. Бу ерда мадиналиклар нақадар олийжаноб инсон бўлганлиги ва уларга мансуб бўлиш улуғ фазилат эканлиги билдирилаётган бўлса ҳам, бироқ инсон ҳеч қачон ўз ватанидан кечмаслиги ва ўзга ватанни танламаслиги таъкидланмоқда. У зот ҳар бир инсон ўз она юртига содиқ фарзанд бўлиши лозимлигига ишора қилмоқда. Бу эса, “ҳижратчи”ларга тўғри йўлни танлаб олишларига туртки бўлиши шубҳасиздир.

 

“Шаҳидлик” ёки ҳудкушлик амалиёти ва унга раддия.

Ҳозирда “ўз-ўзини ўлдириш” тушунчаси шаҳидлик билан баъзи гуруҳ ёки шахслар томонидан қориштирилган ҳолда талқин қилинмоқда. Аслида бу ҳаракатлар ҳам шахснинг ўз ҳаётига тажовуз қилиши бўлиб Қуръон ва Суннага кўра ўз жонига суиқасд қилиш ҳисобланади. Дунёнинг баъзи давлатларида мусулмон шахс томонидан маълум мақсадлар йўлида “ўзини-ўзи ўлдириш”и “шаҳидлик амалиёти” деб баҳоланиши айни адашишликдир. Мазкур “кучлар” томонидан ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далиллар ислом уламолари томонидан қораланган ва асоссиз деб топилган. Масалан, улар саҳоба Барро ибн Молик розияллоҳу анҳу бани Ҳанифа ғазотида қамал қилинган қалъада “Мени кўтариб ичкарига отинглар, эшикни очаман”, – дея саҳобаларга айтган сўзларини ҳужжат сифатида келтиришади. Барро ибн Моликнинг бу танлаган йўли хатарли иш бўлиб, унинг омон қолишига бўлган ишончи ҳеч бўлмаганда юздан эллик фоиз бўлган. Аммо ўзига портловчи мослама ўрнатган кимсанинг мингдан бир фоиз ҳам тирик қолишининг эҳтимол йўқ. Буларни бир-бирига қиёслаб бўлмайди.

Шунингдек, саҳоба Абу Айюб розияллоҳу анҳу ҳадисидаги жанг қилаётган пайтда мусулмон киши душманларнинг сафига тушиб қолиши бўйича ҳам қиёс қилишлик ноўриндир.

Бунинг икки асосий сабаби бор:

Биринчидан, қарши томоннинг орасига кирган киши ўзини ўлдирмайди, балки олишувда душман уни ўлдириши мумкин (ёки душман ичидаги курашда омон қолиши эҳтимоли ҳам мавжуд).

Иккинчидан, душман ичига кириш жанг вақтида бўлади. Тинч аҳолини ичига уруш бўлмаган вақтда кириб ўзини портлатиш айнан қаттиқ қораланган ва оқлаб бўлмас ҳаракатдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳ анҳу айтадиларки: Биз Муҳаммад алайҳиссалом билан бирга Ҳайбар ғазотида қатнашдик. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ичида бўлган бир шахсга: “У дўзах аҳлидан”, – дедилар. Уруш бошлангач, ўша одам қаттиқ жанг қилганидан жароҳатлари кўпайиб кетди. Баъзи инсонлар иккиланиб қолишди. Ўзига етган жароҳатларнинг аламига чидай олмасдан ўқдонига қўлини чўзиб ундан бир неча ўқларни чиқарди ва ўзини-ўзи ўлдирди. Бу ҳолат мусулмонлардан бўлган бир неча кишига қаттиқ ботди. Сўнгра улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизнинг гапингизни тасдиқлади. Фалончи ўзини-ўзи ўлдирди”, – дейишди.

Қадимги фақиҳлар азобланиш ёки асирга тушишликдан қутулиш учун ўзини-ўзи ўлдиришлик ҳаромлиги ҳақида иттифоқ қилишган.

Ибн Хазм айтадилар: “Фуқаҳолар шахсни ўзини-ўзи ўлдириши, аъзоларидан бирортасини кесиши, айниқса, кесса оғриғи ҳаёт учун жуда ҳам хавфли бўладиган аъзосини кесиб даволамасдан ўзини-ўзи қийнаши ҳалол эмаслигига иттифоқ қилишган”.

Шунингдек, яна кўплаб манбаларда ислом фақиҳлари томонидан мусулмон шахснинг тинч-осойишта ҳаётда ўз ўзини ўлдириш у ёқда турсин, ўзига ўлим тилашлик ҳам қоралангани, душман билан бўлган курашларда эса имкон қадар ўзининг ўлдирилишига имкон бермаслиги лозимлиги таъкидланади.

Имом Қуртубий Қуръони карим “Нисо”сурасидаги: “Бир-бирларингизни ўлдирмангиз!”, – ҳақида фикр билдириб, унда инсонлар бир-бирларини ўлдиришликлардан қайтарилган бўлса ҳам, шахснинг ўз жонига қасд қилишини ўз ичига олади”, – дейди.

Бугунги кунда мавжуд замонавий фатволарда ҳам “Нисо” сурасининг мазкур 29-ояти асос қилиниб ўзи ёки бошқа шахсни ўлдиришлик исломда қатъий ман этилгани таъкидланади. Унга кўра бир кимса душман ичида ўзини портлатса, биринчи навбатда, ўзи ўлади, қилган иши очиқдан-очиқ ўзини ўлдиришлик ҳисобланади. Қолаверса, бегуноҳ инсонлар қони тўкилади. Ноҳақ қон тўккан кимса эса дўзахга тушиши Қуръон оятларида очиқ билдирилган. Айниқса, мазкур фатволарда ўз Ватани ҳудудида амалга оширилган “шаҳидлик” – ҳудкушлик амалиёти кечириб бўлмас жиноят эканлиги ва бу – ислом ҳамда миллатдошларига нисбатан содир этилган энг катта хиёнат бўлиши маълум қилинган.

Асримизнинг забардаст уламолари ушбу сўзларини исботлаш мақсадида: “Қуръон оятлари ва Суннада баён этилган ўзини-ўзи ўлдириш тўғрисидаги ман қилинган кўрсатмаларнинг мавжудлиги, унинг ҳаром амал эканлиги, шу билан бирга ўз-ўзидан бирор ҳужжатнинг йўқлиги эса, унинг ношаръий амал эканлигидан далолатдир”, – ­­­дейдилар.

 

Жиҳоднинг турлари ва унинг мазмун-моҳияти.

Жиҳоднинг луғатдаги хусусиятидан келиб чиққан ҳолда қатор турларга ажратилган. Ислом динига сўз билан даъват қилиш ёки фарзандни ота-онаси хизматида бўлиши ҳам жиҳод ҳисоблангани боис, унинг кенг маънода қўлланиши аён бўлади. Шу маънода жиҳод – ислом таълимотларида, қиёмат кунигача жорий қилинган.

Ибн Рушд ўзининг “Муқаддамот” асарида жиҳоднинг турларини тўрт қисмга ажратади: қалб, тил, қўл ва қилич билан курашишдир.

Мазкур асарда тил билан бўладиган курашга таъриф берилиб, унинг жиҳоди – яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш эканлиги таъкидланади. Ибн Рушд Қуръони каримнинг “Тавба” сурасининг 73-ояти: “Эй Пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши жиҳод қилинг”, – оятини тафсир қилиб Пайғамбар алайҳиссалом томонидан мусулмонларга қарши туриб, уларни жисмонан йўқ қилишга интилганларга нисбатан қилич билан, мунофиқ кимсаларга нисбатан тил билан жиҳод олиб борганлар, дейдилар.

Умумий ҳолда жиҳод нафс, шайтон ва босқинчиликка қарши курашиш каби турларга ажратилган.

Шубҳасиз, Муҳаммад алайҳиссалом бошчиликларидаги мусулмонларга Макка даврида қарши турган кучлар уларни ўз танлаган эътиқодларидан воз кечтириш мақсадида турли кўринишдаги азоб, зулм ва озор етказиш чораларини кўрганлар. Мусулмонлардан баъзисини калтаклаб, қийнаб, молу мулк ва оиласидан ажратишган, ҳатто ўлдиришгача борганлиги тарихий ҳақиқатдир.

Макка даврида Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг Наҳл сураси 125-оятидаги: “(Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз йўли – динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг!”, – деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борган. Сўнгра урушга рухсат берилди. Аммо булар босқичма-босқич, сиёсий вазият тақозосига кўра нозил бўлган илоҳий кўрсатмалар эди.

Қачонки, мусулмонлар ўз Ватанларидан қувилиб, душман томондан уруш очилгандан сўнг, уларга қарши жиҳод қилишга рухсат берилган. Бу ҳақда нозил бўлган биринчи кўрсатма “Ҳаж” сураси 39-оятидир:

“Ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга, мазлум бўлганлиги сабабли, (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир”.

Демак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кофирларга қарши қилич билан бўлган кураши уларни сўз билан исломга тарғиб қилганидан сўнг ислом ва мусулмонларни бутунлай йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлари оқибатида амалга оширилган. Яъни кофирлар аввал мусулмонларга қарши уруш очган, мусулмонлар эса уруш ва ҳужумга учраган.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ғазотларининг моҳиятини ўрганиб чиққан уламолар, асосан, икки ғояни илгари сурилганини таъкидлашади:

Биринчиси, босқинчи душманнинг мусулмонларга қарши ҳужумларига жавоб бериш учун олиб борилган мудофаа жанглари;

Иккинчиси, душман томонидан кутилган тажовузнинг олдини олиш мақсадида кўрилган ҳарбий тадбирлар.

Мусулмонлар томонидан олиб борилган жанглар фақатгина уруш ҳудудларида бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмасига мувофиқ жангда қўлида қурол бўлган кимсалар билан урушилган, агар улар тўхтатишни хоҳлашса сўзсиз тўхтатилган. Шунингдек, жангни хоҳламаганларга тегинилмаган, аёллар, болалар ва кекса ёшдагиларга ҳужум қилинмаган. Ўзаро аҳдлашган кимсаларга хабар бермасдан ёки тўсатдан ҳийла билан уруш очилмаган, душман томон олдин жанг бошламагунча, уларга уруш қилинмаган.

Шубҳасиз, бу тамойиллар мусулмон маданияти хос бўлган жиҳатлар ҳисобланади.

Ўз навбатида мусулмонларга қарши бўлган кимсалар, ислом динини йўқ қилиш, уларни барпо этган жамиятини эътироф этмай, уларни тор-мор келтириш мақсадида амалий ҳаракатлар олиб борилган.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳам мусулмон жамиятини барпо этиш ёки унга ҳудуд ҳозирлаш учун умуман жанг қилмаган. Ва ҳатто хос давлатни барпо этиш мақсадида мусулмонларни жамлаш учун ҳам амалга оширмаган. Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи бу борада намуна бўлардилар. Яъни У зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ва у ерда ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қиларди. Бироқ Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай йўл тутмаган. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан табиий равишда юзага келгач, уни ҳимояси учун жиҳодга чиққан.

Мана шу сабабли ҳам мусулмонлар ўз Ватани ва динини ҳимоя қилиши учун жиҳод жорий этилганини хулоса қилсак бўлади. У йўқ нарсани амалга ошириш учун эмас, балки бор нарсани ҳимоя қилиш учун жорий қилинган. Демак, “жиҳод” – ҳеч қачон ҳукумат барпо қилиш ёки йўқ жойдан қўзғолон кўтариш учун жорий этилмаган.

Шуни таъкидлаш лозимки, “жиҳод”нинг моҳиятан кишиларнинг тўғри йўлни топиши ва бошқаларни ҳам шу йўлга чорлаш воситаси сифатида намоён бўлади. Айни вақтда “жиҳод” инсонни нотўғри йўлдан узоқ бўлишга ва бошқаларни ҳам тинч-осойишта ва ўзаро ҳурматда яшашга чорловчи восита ҳам ҳисобланади.

Ҳозирда турли гуруҳ ва тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида “жиҳод” турларидан фойдаланишга уринмоқдалар. Улар кўпгина мусулмонларнинг ислом аҳкомларини тўғри талқин этадиган илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод – муқаддас уруш”, деган тушунчаларни тарғиб қилишиб, ноҳақ қон тўкилишга сабабчи бўлмоқдалар. Бунга дунёнинг турли чеккасида “жиҳод” ниқоби остида содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари мисол бўла олади.

Афсуски, ушбу тушунча такрор ва такрор ислом уламолари томонидан шарҳланиб, жиҳод бу – жанг қилиш эмаслиги, араб тилида урушни англатувчи “қитол” сўзи мавжудлиги таъкидланаётган бўлсада, баъзи шахслар онгида жиҳод қуролли кураш деган тушунча ҳамон ҳукмрон бўлиб турибди.

Ваҳоланки, “жиҳод”нинг асосий негизи ислом ва унинг асосларини инсонларга тўғри талқин этишдир. Бунга турли фиқҳ китобларининг жиҳод боби ҳужжат бўла олади. Мазкур асарларда инсонларни яхшиликка чорлаш ва ёмонликлардан қайтариш жиҳоднинг асосий мағзи эканлиги баён этилган.

  Имом Нававий ўзининг “Ал-манҳаж фий аввал китаб ал-жиҳад” китобида “жиҳод”нинг таърифи ва турлари баёнида “... яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш” марказий ўринда туришини баён қилган.

Забардаст ислом олимлари, бугунги кунда мусулмонлар эмин-эркин яшаётган, мусулмончилик кўринишлари амалда намоён бўлаётган мамлакатлар “ислом диёри” эканлиги нуқтаи назардан “жиҳод” бу – ўша давлатларнинг мудофааси эканлигини таъкидлашмоқда. Шубҳасиз, мазкур давлатлар яшовчи мусулмонлар ўз мустақил ватани дахлсизлиги ва мудофааси учун тайёр туриш масъулияти ислом кўрсатмаларига асосан шариат нуқтаи назаридан вожибдир.

Демак, ушбу диёрларда ҳар-хил фитна-фасодлар қўзғаб, инсонларни ташвишга солиш ўрнига, исломнинг тинчликпарвар ғояларини тарғиб этиш лозим.

Такфир тушунчаси мазмун-моҳияти.

Ислом тарихида, такфир тушунчаси халифа Али розияллоҳу анҳу даврида пайдо бўлган хорижийлар фирқаси томонидан ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўлланилган. Улар дастлаб халифа Алининг ашаддий тарафдорлари бўлиб, “Сиффийн” жангидан сўнг ҳазрати Алидан ўн икки минглик қўшин билан ажралиб чиқиб, унга ва Муовияга қарши баробар кураш бошлаган.

Хорижийлар қурол ишлатиш орқали ўз эътиқодини тарқатиш ва ҳокимиятга эришишни мақсад қилиб қўйган. Улар мусулмонларни ўлдиришликни ҳалол санайдилар. “Жамал воқеаси” иштирокчилари, Усмон, Али, Муовия, Амр ибн Ос, Абу Мусо каби саҳобаларни ҳам куфрда айблайдилар. Катта гуноҳ қилган кишини кофирга чиқариб, уларни авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Таъкидлаш ўринлики, хорижийларнинг мазкур такфир тушунчаси орқали минглаб мусулмонлар, жумладан, халифа Алининг ҳам ҳаётларига тажовуз қилинган.

Ислом уламолари хорижийларнинг катта гуноҳ бўйича даъволарини таҳлил қилиб, умуман уларни исломий тушунчалардан йироқ эканлигини таъкидлашади. Жумладан, мусулмонлар томонидан содир этилган гуноҳлар сабабли исломдан чиқмаслиги ҳақида қатор далиллар мавжуд. Жумладан, Ислом уламолари айтадилар: Ислом шаҳодат калимасидир. У билан инсон мусулмон бўлади.

Инсон шаҳодат калимасини айтса, мусулмон бўлаверади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳодат калимасини айтган кишини Исломини қабул қилиб, уни мусулмон деб эътиборга олган.

Ислом тарихида хорижийлар томонидан қўлланилган услуб бугунги кунимизда ҳам жиҳодий жамоалар мафкурасида давом этиб, улар ўзларига эргашмаган шахслар ва тузумларни кофирликда айблаш тамойили марказий ўринда турибди.

2005 йил июлъ ойида Оммон (Иордания) шаҳрида ислом дунёсининг етакчи уламолари томонидан қабул қилинган фатвода “тўрт сунний мазҳабга эътиқод қилувчиларнинг барчаси мусулмон ҳисобланади. Уларни имонсизликда айблаш, жонига, номусига ва мулкига қасд қилиш мумкин эмас”, – деб эълон қилинган.

 Шайх Юсуф Қарзовий мусулмонни кофирга чиқариш хусусидаги саволга қуйидагича жавоб беради: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расули эканлигига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, мусулмондир. Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши лозим”.

 

Биз барчамиз  динимиз кўрсатмаларини халқимизга аҳли сунна вал жамоа, хусусан ҳанафийлик мазҳаби эътиқодига мувофиқ мукаммал қилиб етказишга масъулмиз. Бу шарафли вазифа хусусида муҳтарам Президентимиз ҳам шундай деб айтдилар: “Муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли ҳуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўхтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб келмоқда”.

Аллоҳ бизнинг юртимиздаги барча мўмин - мусулмонларни соф эътиқодимизда ҳамжиҳат қилиб, тинчлик ва фаровон ҳаётимизни янада зиёда қилсин.

Манбалар асосида

У.Жиянов

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:28
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram