МАЗҲАБСИЗЛИК
26 июл 2018 й.
268 марта ўқилди.

 

 МАЗҲАБСИЗЛИК

 
Инсонларга тўғри йўлни аниқ қилиб кўрсатиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Умматига динни тўғри тушунтириш учун жон- жаҳди билан Ислом динига даъват этган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.
Диндан фақат ўзининг дунёвий мақсадлари  учун фойдаланишни истаган ёки Қуръон оятлари ва суннатга кўр-кўрона амал қилиб улардан кўзланган ҳақиқий маънони бошқа тарафга буриб, Ислом уламоларининг йўлини тарк этган киши батаҳқиқ ўзига ўзи зулм қилган кишидир.  Аллоҳ таоло эса бандаларига ёмонликни раво кўрмайди. Бу ҳақида Қуръони Каримда:
قال الله تعالى : إِنَّ اللَّهَ لَا يَظْلِمُ النَّاسَ شَيْئًا وَلَكِنَّ النَّاسَ أَنْفُسَهُمْ يَظْلِمُون
“Албатта, Аллоҳ одамларга бирор нарсада зулм (ноҳақлик) қилмайди. Лекин одамлар ўзларига зулм қиладилар”, деб марҳамат этган.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бандаларига зулм қилмайди, балки бандаларининг ўзлари ўз нафсларига зулм қилурлар. Чунки, инсонлар орасида тинчлик, аҳиллик, гўзал инсоний фазилатлар ила ер юзини обод қилиш мақсадида, бандаларини бир оила сифатида жамлашни ирода этган Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал динини ер юзига туширди. Исломнинг илк даврида,  баъзилар  бу диннинг гўзал, ҳақиқий одамийлик дини эканлигига тан беришиб,  уни чин дилдан  қабул  қилишди, баъзилар эса бу диндан бош тортиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига, мажнунга чиқаришиб турли хил туҳмату-бўҳтонлар билан у зотдан  юз ўгиришди. Албатта бу дин ила,  Аллоҳ ва  Расулини эътироф этиб, уларга эргашган мусулмонлар Аллоҳнинг иродаси ила ҳақиқий нажот йўлини топиб олишди. Улар катта жамоа бўлиб, асрлар давомида аҳил-иноқ, бутун инсоният ҳавас қиладиган даражада турли соҳаларда ютуқларни қўлга киритиб бахтли ҳаёт кечириб келмоқдалар.    
Охирги пайтларда мусулмонлар орасида, тафриқаларга бўлиниш ҳолатлари авж олди. Бу ҳолат  исломий бирдамликнинг   бузилиб кетишига хавф солмоқда.  Мусулмонларни ўзаро баҳсу-мунозара, уруш-жанжаллар қилишларигача олиб бормоқда. Бир-бирларини сўкиб ҳақоратлар қилиш каби ўта ачинарли ҳолатларни юзага келтириб чиқармоқда. Бугун кўп тортишувларга сабаб бўлаётган мавзуларнинг бири бу “мазҳабсизлик” мавзуси бўлиб, бир тоифа мусулмонлар мазҳабларга эргашишликни гумроҳлик деб билиб, уларга эргашган мусулмонларни кўр-кўрона амал қилишликда ва мутаассибликда айблаб мусулмонларнинг бирликларини бузишмоқда. Бу оқим тарафдорлари, мусулмонларнинг пешволарини халқ орасида обрўсизлантириш мақсадида, олимларини  жоҳилликда айблаб,   барчанинг эътиборини ўзларига ва ўйлаб чиқарган йўлларига қаратишни мақсад қилиб олганлар. Илмдан хабари бўлмаган соддадил баъзи мусулмонлар уларга ишонишса, баъзилар ҳатто  бу тортишув, жанжаллар нама сабабдан бўлаётганининг  фаҳмига ҳам бормай ҳайратдан бошларини ушлаб қолишмоқда. Ҳақиқатдан ҳам илми бўлмаган одам мазҳаб нималигини билмаса, унга эргашиш кераклигининг фойдасини-ю, уни тарк этишнинг зарарини қаердан билсин? Ўзларини ҳақиқатгўй, дин фидойилари қилиб кўрсатаётган, лекин илмдан етарлича хабардор бўлмаган бу тоифа вакилларининг сўзларига, баъзи инсонлар илмсизликлари туфайли алданишлари табиий ҳол. Шу билан бирга “Мусулмон бўла туриб нимага мусулмон  биродарига ёв қараш қилади..?” ёки “Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтирган кишини нима учун улар кофир дейишмоқда..?”, деган турли саволлар билан ҳайратга тушиб қолганлар орамизда кам эмас.  Бунга ўхшаш саволлар ва тушунмовчиликларнинг ечимини топиш учун бир неча диний истилоҳларнинг мазмунини тушуниб олишимиз керак. Мисол учун киши “мазҳабсизлик” нима эканлигини тушуниши учун авваламбор  “мазҳаб” сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноларини, мазҳаблар кимнинг йўли эканлигини, мазҳаб тутиш қандай аҳамиятга эга-ю уни тарк этиш қандай хавфларни келтириб чиқариши мумкинлигини, мазҳабларга илмий савияси қандай даражадаги кишилар асос солганлигини, мазҳабга ким эргашади-ю уни ким  тарк этиши мумкин  деган саволлар жавобини  билса муаммолар анча енгиллишади. Ким тўғри йўлда эканлигини одам ўзи англаб етади.  
 
Мазҳаб сўзининг маъноси
Мазҳаб сўзи аслида арабча “  ذهب ”   “заҳаба” феълидан олинган бўлиб, “йўл”, “йўналиш” деган маъноларни билдиради. Истилоҳда эса   аҳли суннати вал жамоанинг тўрт имомларининг фиқҳий мактаблари тушунилади. 
 Барча суннатга эргашган мусулмонларнинг катта жамоаси томонидан эътироф этилган ақидавий мазҳаблар эса иккита бўлиб, бунга Абу Мансур Мотуридийнинг “Мотуридия” ва Абул Ҳасан Ашъарийнинг “Ашъария” мазҳаби киради.
Бу йўллар аслида Аллоҳ ва Расули кўрсатган йўлдир. У йўл турлича бўлмайди. Балки мазҳабларнинг тутган йўллари бир мақсад сари етаклайди. Аллоҳ таоло ҳам Қуръонни каримда бунинг хабарини бериб марҳамат этади:
قال الله تعالى : وَأَنَّ هَذَا صِرَاطِي مُسْتَقِيمًا فَاتَّبِعُوهُ وَلَا تَتَّبِعُوا السُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَنْ سَبِيلِهِ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
“ Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир”.
 Мазҳабларнинг тутган йўлларига  эса  оятдаги  “..мана шу менинг тўғри йўлимдир..”,  деган жойига тўғри келади.

Мазҳаббоши ёки Мужтаҳид ким?
Қуръон ва суннатдан мустақил равишда ҳукм олиш салоҳиятига эга бўлган олим мужтаҳид саналади. Мужтаҳид  диний манбалардан ҳукм олиши учун фақатгина Қуръонни   ва бир неча минглаб ҳадисларни ёдлаган бўлиши етарли эмас. Балки, мужтаҳид имомлар шу икки диний манбаларга боғлиқ бўлган барча илмларни пухта билган шахслар саналади. 
Қуръонга боғлиқ илмларга -  сабаби нузул (оятларнинг нозил бўлиш сабаблари), носих ва мансух (баъзи ҳукмдан қолган оятлар) илмлари киради.  Киши носих ва мансух оятларини ва уларнинг нозил қилинишининг сабабини  ёддан билсагина  улардан тўғри ҳукм чиқара олади.   Шу билан бирга оятлардаги ҳар бир калималарнинг маъносини яхши тушиниш учун араб тили граматикаси ва луғат илмидан чуқур билимга эга бўлиши керак. Чунки, Қуръони карим  араб тилида нозил бўлган. Қуръон оятларининг маъноларини яхшироқ англаш учун эса баллоға илмидан ҳам хабардор бўлиши керак.
Суннатга   боғлиқ   бир қанча илмлар мавжуд бўлиб, буларга ҳадисларни ривоят қилувчи ровийлар ҳақидаги илмни, ҳадисларнинг турларини саҳиҳ, ҳасан, заиф, мавзу ҳадисларни ажрата олиш, уларнинг носих ва мансух(ҳукмдан қолган)ларини, ҳадислар матнларини ва уларни айтишдан Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг  кўзлаган асл мақсадлари нима эканлигини   тўлиқ билган кишигина суннатдан ҳукм олиб биладиган илмий савияга эга олим саналади. 
Бу илмларни билишидан ташқари   саҳобалар ва тобеъинларнинг  турли диний масалаларда айтган фикр ва қарашларини, ижмоъ(келишув) ва ихтилофларини уларга қарши ҳукм чиқариб қўймаслиги учун яхши билиши шарт. 
Мужтаҳид “усулул-фиқҳ” илмни ҳам билган киши саналади. Чунки, бу илм шаръий далиллардан шаръий ҳукмлар чиқариш қоидаларини ўргатади. Бунга  қиёсни , яъни Қуръонда ва суннатда аниқ ҳукми келмаган масалани қиёслаш йўли орқали чиқариб олиш илмини ҳам билиши муҳим саналади. Тўртта фиқҳий мазҳаб имомлари Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофеъ, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Моликлар бу илмларни чуқур билган, ундан ташқари кўплаб диний ва дунёвий илмлардан хабардор кишилар бўлганлар. Шу зотлар хабардор бўлган   илмларни эгаллаган киши мазҳаб тутмаслига мумкин. Чунки, улар бу илмлари билан мустақил равишда диний масалаларнинг ечимини топа оладилар. Лекин афсуски, уларнинг вафотларидан кейин бундай мужтаҳид олимлар ҳали чиққани йўқ. Балки, шу зотларнинг мазҳабларини ривожлантириб, уларни мусулмонларга кенгроқ қилиб етказган кўплаб машҳур  - Имом Таҳовий, Имом ибн Сурайж, Имом Қудурий, Имом Сарахсий, Имом Жувайний, Имом Ғаззолий, Имом Нававийлар каби алломалар чиққан. Бу алломалар ҳам шу буюк Имомлардан бирларининг мазҳабига эргашиб, ўзларини уларга шогирд деб билишган.
Тўрт мазҳаб Имомлари бутун ҳаётларини илмга бағишлаганлар. Шу сабабдан қолдириб кетган асарларида мусулмон кишининг ҳаётида учрайдиган барча   диний ва дунёвий масалаларда илмий асосда жавоблар мавжуд. Ислом фақат намоз, рўза, ҳаж масалалари билан чегараланиб қолмаган. Балки, ҳанафий  фиқҳининг манбалари  элликдан ортиқ китобларни ўз ичиган олади. Ҳатто уларнинг аксариятини кўпчилигимиз эшитмаганмиз. Мисол “Шафъ китоби”, “Тақсимот китоби”, “Ҳиба китоби”, “Ижара китоби”, “Орийат китоби”, “Вадиа китоби” ва ҳоказо. Бу китобларда келадиган барча масалаларга илмий асосда ечим топиш, кишидан кучли ақл талаб қилиши билан ирода, сабр, тақво, динда фидойиликни, шу билан бирга энг асосийси вақтни тўғри тасарруф қила олишни ҳам талаб килади. Шунинг учун мазҳаб бошиларнинг Ислом дини ривожига қўшган бу мислсиз хизматлари юксак баҳоланади. 

Мужтаҳидларга  кимлар эргашади?
Ижтиҳод (мустақил ҳукм чиқариш) даражасидаги илми бўлмаган киши муқаллид (тақлид қилувчи) саналиб, тўрт  мазҳаб имомларининг   бирига эргашиши, диний масалаларда адашмаслиги учун ниҳоятда зарур саналади. 
Илми пастроқ инсон илми ўзидан баланд кишининг илмига доимо муҳтож. Билмаганини олимдан сўраб ўрганишга уриниш эса  илоҳий қонун саналади. Чунки, инсонларнинг ақллари орасида тафовут мавжуд бўлиб, ҳаммани ҳам тушуниш қобилияти, ақл юритиш доираси бир хил эмас. Аллоҳ таоло:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُون... قال الله تعالى:
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар”, деб марҳамат этган.  Бу оят умумий қоида бўлиб қолган. Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг  билимдонидан ўрганиши лозим бўлади. Аллоҳнинг шариати ва қонунларига бўйсуниш учун  илмсиз одам олимни маҳкам тутиши керак. Олим эса ўзидан олимроқ зотни маҳкам тутиши ўта муҳимдир.  Аллоҳнинг каломи ҳар қандай башарнинг сўзидан устун туради. Шунинг учун эргашишда Қуръони Карим афзал ва ҳақли саналади. Пайғамбарнинг сўзи бошқаларнинг сўзидан устун туради. Чунки,  Пайғамбарлар инсонлар ичида Аллоҳга сўзсиз эргашувчиларнинг энг авлороғи саналади. Мазҳаббошиларга эса улар илмда Аллоҳ ва Унинг Расулининг йўлига сўзсиз эргашган, саҳобалар ва тобеъинларнинг йўлидан борганликлари учун эргашилади. Ҳар бир мазҳаб бошининг устозлар силсиласи тўғридан - тўғри пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади. Шунинг учун мусулмонларнинг аксарият қисми уларга    эргашади. 
Ҳамма ҳам доимий илм билан шуғулланишга вақт топа олмайди. Чунки, инсонлар орасида ризқу-рўз топиш мақсадида оиласининг нафақаси учун касб қиладиганлар, тижоратчилар ёки турли касб эгалари мавжуд. Дин юзасидан бирор бир савол туғилса, уни аниқ асослар билан ечимини топиш  инсондан вақт талаб қилади. Турли касб соҳибларининг кундалик иш тартиблари тиқислига сабабидан баъзан илм олишга    имконлари етмайди. Шунинг учун улар бу масалалалар юзасидан мазҳаббошилар томонидан аллақачон ечими топилган ва китоб шаклига келтирилга манбалардан фойдаланиб, фатволарини ўрганиб, саволларига жавоб топишади. Буюк мазҳаббоши имомлар эса ҳаётларини тўлиғича илмга бағишлаган эдилар. 
Мустақил диний масалаларда ҳукм чиқара олмайдиган муқаллид Аллоҳнинг буйруқларига ва Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тўғри амал қилишни истаса, албатта фиқҳий мазҳабларнинг бирини ушлаши керак. 

Мазҳабсизликни даъво қилувчиларнинг баъзи фикрлари
Мазҳабсизликни даъво қилувчилар , “Аллоҳнинг Китоби ва  Расулининг  суннати турганда, мазҳаббошига эргашишлик гумроҳликдир, бу Аллоҳ танлаган пайғамбарни қўйиб мазҳаббошини пайғамбар ўрнига кўриш эмасми?”, деган  сўзлар билан ўзини оқлаши ва ўзини тўғри йўлда  деб билиши мумкин.  Аслида Исломнинг асосий кўрсатмаси Аллоҳ ва Расулга бўйсунишдан иборат. Бу  ҳақда Қуръони  Каримда жуда кўплаб оятлар бўлиб, барча мусулмонлар учун бу  амал вожиб саналади.    Бу ҳақиқатга ўхшаш даъволари чалкаштирувчи нозик бир жиҳатга эга, мазҳаббошилар ҳақида маълумотга эга бўлмаган киши бу даъволарга лаққа тушиши аниқ. Чунки  мазҳаб соҳиблари айнан Аллоҳ ва Расулига  эргашувчи,  энг илмли ва тақволи зотлар эканлигидан улар бехабар. Ёки мазҳаббошиларнинг илмий савиялари қандай даражада юқорилигини билмаслиги сабабидан, бу даъволарга ишониши мумкин. Агар ҳолат давомий тус олса, улар билан мулоқотда бардавом бўлса, натижада мазҳабсизликни даъво қилаётганлар ҳақ йўлда деб билиб, уларни ҳақиқатгўй чин ихлосли мўминлар деб билиб, ҳар бир айтган гапларини сўзсиз қабул қилиб мазҳабни тарк этиши ҳам мумкин.    
Мазҳабсизларнинг фикрича ҳар бир инсон Қуръон оятларини ўқиб унинг ҳукмларига   тушунганича амал қилиши, ҳадисларни ўқиб улардан ўзи бемалол ҳукм олиши керак.  Аслида эса мужтаҳид даражасига етмаган илм толиби бу манбаларга ўзи тушунганича   амал қила олмайди. Мужтаҳидларининг ояти карима ва ҳадиси шарифлардан чиқарган фатволари бўйича амал қилиш керак. Лекин маънолари очиқ ойдин бўлган, одоб-ахлоққа оид оят ва ҳадисларга ўқиб амал қилишлик бундан мустасно. Сўз фақат ҳукм чиқариш ҳақида кетяпти. Мужтаҳидлар эса бир масала ҳақида нотўғри фатво беришдан жуда эҳтиёт бўлганлар. Ҳадисда бу ҳақида қуйдагилар билдирилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: مَنْ أُفْتِيَ بِغَيْرِ عِلْمٍ كَانَ إِثْمُهُ عَلَى مَنْ أَفْتَاهُ وَمَنْ أَشَارَ عَلَى أَخِيهِ بِأَمْرٍ يَعْلَمُ أَنَّ الرُّشْدَ فِي غَيْرِهِ فَقَدْ خَانَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ.
  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади. Кимки ўз биродарига тўғрилик бошқа тарафда эканлигини билиб туриб бошқа бир ишни кўрсатса, батаҳқиқ унга хиёнат қилган бўлади», деганлар». Мазҳаббоши имомларнинг ҳаётлари билан танишган ҳар-бир инсофли киши уларнинг тақволари, ҳадиси шарифларга қай даражада амал қилишларини кўриб, бу ҳадисга амал қилиш уларни четлаб ўтмаганлигини эътироф этмай иложи йўқ.  Бу улуғ уламоларнинг ҳаётидан  бизга маълумки, улар  ўзларидан аввал келган олимларнинг улуғликлари, илмда устунликлари, тақволари олдида беадаблик қилиб қўйишдан чўчиб,  уларга катта эҳтиром билдиришган. Чунки Ислом одоб, тавозеъ динидир. Имомларнинг тутган йўлларига қарши чиқиб, уларга эргашганларни камситаётганлар авваламбор мана шу одобни унутмасликлари керак. Агар ояту-ҳадисларга ҳамма ўз билганича амал қиладиган бўлса, улардан кўзланган ҳақиқий маънони ажратиш қийин бўлиб қолади, турли хиллик юзага келади. Бу худди дардга чалинган беморга унинг касалини аниқламай туриб  “дорихонага бор хоҳлаган дорини ол, шифо топасан”, деган сўзга ўхшайди. У эса тўғри келган бир дорини сотиб олганидан кейин, шифо топиш ўрнига касали янада оғирлашади.  Бундай даъволарга эса соғлом ақлли мўмин кишида,  бир неча ҳақли  савол туғилиши мумкин. Мазҳаб имомлари оят ва ҳадисларнинг тафсирларини   бизчалик ҳам ҳатто билишмаган эканларми, биз уларни йўлларини қўйиб ўзимиз уларни шарҳласак, ёки улар ояту ҳадисларга амал қилишмаганми? Нима учун биз бу мўътабар олимларнинг тушунганларича эмас, ўзимиз тушунганча амал қилишимиз керак? Ваҳоланки, уларнинг баъзилари тобеъин (саҳобаларни кўрган киши), баъзилари эса табаъат тобеъин (саҳобаларни кўрган кишиларни кўрган киши). Яъни, уларни Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам “инсонларнинг хайрлилари”,  деб мақтаган уч асрнинг забардаст олимлари бўлишган-ку.  Ўз даврларида барча, шоҳ ҳам гадо ҳам, олим ҳам авом ҳам уларнинг илмига тан берган. Бу ҳақиқатни мазҳабсизларни ўзи ҳам яхши тушунади. Юқоридаги саволлар билан мурожаат қилганингизда улар бошқача йўл тутишга ўтади. Энди, “Биз уларни олим эканликларини тан оламиз, фақат маълум бирларининг йўлини тутмаймиз холос, бир масалада қайсилари саҳиҳроқ қавл(сўз) айтган бўлсалар ўшани оламиз”, дейишади. Ҳақиқий мазҳабсизлик аслида мана шу ҳисобланади. Ояти карима  ва ҳадиси шарифдан ўзи тушинганича амал қилиб, мазҳабнинг ҳукмларига эргашмаган киши мазҳабсиз саналади. Унинг бундай қилиши  мазҳаб олимлари ҳақидаги: “улар ояти карима ва ҳадиси шарифни яхши тушуна олишмаган, бу масала эса аслида бундай..”, деган тушунчага боришидир. Бундан   мазҳаббошиларни жоҳил деб билиши тушунилади.
Мазҳабсизларнинг  иддаоларини ўрганган уламоларимиз: “Аҳли суннати вал жамоанинг, тўрт ҳақ мазҳабнинг бирида бўлмаган кишининг сўзи, саҳиҳ бўлган ҳадис ва ояти каримага мос ҳолда кўринса ҳам, бу билан уларнинг сўзига амал қилиш жоиз эмас. Тўрт мазҳабнинг бирортасида   бўлмаган кишининг эътиқоди бузуқдир. Тўрт ҳақ мазҳаблардан ажралиш кишига катта кулфат келтириб, уни диндан чиқариши ҳам мумкин”, деган фикрга келишган. Чунки, тўрт фиқҳий мазҳабларнинг бирини тутган киши учун ўзи амал қилаётган мазҳабнинг ҳукми далил ва ҳужжат бўлади.  Мужтаҳид бўлмаган кишилар насс (оят ва ҳадис)дан ҳукм чиқара олишмайди. Шунинг учун бир мазҳабнинг баъзи ҳукмлари насс (оят ва ҳадис)га  мос келмайдигандай бўлиб кўринса-да, шу мазҳабнинг ўзига тобе бўлиши керак. Насс ижтиҳод ва таъвил, носих-мансухларини билишни талаб қилади. Буни эса фақат мужтаҳидлар билади. 
Диёримизда мазҳабнинг илк кириб келиши ва унга эргашишликка бўлган эътибор
Юртимиз мусулмонлари бир неча асрлар давомида асосан тўрт фиқҳий мазҳабларнинг бири бўлган ҳанафийлик мазҳабида ибодатларини адо этиб келмоқдалар. Бу мазҳаб диёримизга бир неча устозлар орқали кириб келган. Илк бор ҳанафий мазҳабини ҳамюртимиз машҳур фақиҳ Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳи алайҳнинг катта шогирдлари Имом Муҳаммад аш-Шайбоний роҳимаҳуллоҳи алайҳнинг шогирди Абу Ҳафси Кабир Бухорий роҳимаҳуллоҳи алайҳ олиб кирганлар. Бу киши Бухоро фиқҳий мактабининг асосчиси саналиб, ҳанафий мазҳаби ривожига улкан ҳисса қўшганлар.  Абу Ҳафси Кабир билан  бирга Самарқандда Абу Сулаймон Жузжоний мактаблари орқали   юртимизда илк бор ҳанафийлик мазҳаби кириб келган. Бу саккизинчи милодий асрнинг охири ва тўққизинчи милодий асрнинг бошларига тўғри келади. Бундан ташқари Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳи алайҳнинг   тўғридан тўғри ўзларидан илм олган шогирдлари орқали ҳам кириб келади. Жумладан у зотнинг бир шогирдлари Термизда яна бири эса Бухорода қози бўлган деган маълумотлар ҳам бор.
Ўн учинчи милодий асрда Хоразмда Шофеъий мазҳаби  ҳам тарқалган.  Тошкентда эса кўп йиллар давомида Ҳазрати Имом Қаффол Шоший  роҳимаҳуллоҳ шарофати билан  шофий мазҳаби юртимизда анча ривож топган.  

Хулоса
Мазҳабларга эргашган мусулмонлар асрлар давомида доимо бирлик ва ҳамжиҳатликда яшаб келмоқдалар. Ҳозир мазҳабсизликни даъво қилаётганлар эса мусулмонлар орасида кўплаб фитналарни ёйилишига сабаб бўлаётганлари ҳеч кимга сир эмас. Диний манбаларимизнинг тафсир ва таъвиллари, шарҳларига эътибор бермасдан, уларнинг зоҳир билан ҳукм чиқараётганлар ҳатто иймонли, диёнатли мусулмонларни ҳам кофирга чиқараётганларига гувоҳ бўляпмиз. “Жиҳод” нималигини яхши англамай туриб ҳеч кимга зарари тегмаган кишиларни ноҳақ қонлари тўкилишига сабаб бўляптилар. Аслида тинчлик рамзи ва васатийлик (ўрта миёналик) дини бўлган Ислом  номини эшитган  одамларинг   қалбига қўрқув, ваҳима тушишига ўзларининг ваҳшиёна ҳаракатлари туфайли сабабчи бўлаяптилар. Ваҳоланки,   Ислом динига эргашувчи мусулмонлар динларига доимо чиройли муомала ва гўзал ахлоқ,  адолат билан даъват этганларига тарих гувоҳ. Бугун ҳаммага маълумки, “ИШИДчилар”  , “сохта салафийлар”, “жиҳодчилар”  каби кўплаб оқим эгалари   мазҳабларни рад этишмоқда. Бунинг оқибатида улар мусулмонларнинг бирлигига зиён етказиб, Исломга фойдамиз тегади деб аксинча, катта зарар етказишмоқда. Аслида,  инсонларни тўғри йўлдан оздираётганлар, Аллоҳга ҳам динига ҳам зарар етказа олмаслар. Балки,  бу ишлари билан ўзларига зиён етказиб барча амалларини ҳабата (беҳуда) бўлишига сабаб бўладилар. Инсон  қанча  баландпарвоз сўзлар айтиб, қанча ўзини тақво билан зийнатланган кишидай қилиб кўрсатмасин, амаллари шаръий ҳукмларга зид бўлса,  бу амаллари   уни оқламайди.
Бугун мазҳаб   тутган мусулмонлар, ўз мазҳабларидаги ҳар бир қарашларни илмий асосда ўрганишлари зарур. Чунки, мазҳабни билмаганлиги ва илмдан узоқлашиб қолгани  туфайли бу оқим аъзоларига раддия бера олмай, бу оқимлар тарафдорларининг сўзларига эҳтиросли маърузаларига алданиб, уларга қўшилиб  кетиши мумкин. Радия беришда асосли жавоб қайтариш динимиз талаби бўлиб, Қуръон ва суннатдан, уламолар ижмоъи ва қиёсдан далиллар келтирилсагина мақсадга эришиш мумкин.
 
Бухоро шаҳар "Абу Бакр Сиддиқ"
жоме масжиди имом хатиби
О. Тўқсанов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:05
Куёш: 07:56
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram